АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистон фуқароси бўлган 11 ёшли Амира Аминова ҳалок бўлди.
Фожеа 2026 йил 5 февраль куни Бруклин туманидаги Бат-Бич ҳудудида содир бўлган. Маълумотларга кўра, қизалоқ пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган вақтда ўнгга бурилаётган мактаб автобуси уни уриб юборган. Гувоҳлар ва видеокузатув ёзувларида қайд этилишича, у транспорт воситасидан четлаб ўтишга ҳаракат қилган, бироқ тўқнашувнинг олдини олишнинг иложи бўлмаган.
Жабрланувчи ўта оғир аҳволда Maimonides тиббиёт марказига олиб борилган, аммо шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.
Ҳодисадан сўнг полиция 62 ёшли автобус ҳайдовчисини қўлга олди. Унга пиёдага йўл бермаслик ва етарлича эҳтиёткорликка риоя қилмаслик билан боғлиқ айбловлар қўйилган. Ҳайдовчи Consolidated Bus Service компаниясида ишлаган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва иш суд тартибида кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Нью-Йоркдаги Ўзбекистон Бош консулхонаси марҳуманинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, қизалоқнинг онаси билан доимий алоқада эканини маълум қилди. Дипломатик ваколатхона оилага зарур консуллик ва ташкилий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини ҳам билдирди.

