2025 йилда Ўзбекистонда 5222 та коррупциявий жиноят аниқланган бўлиб, бу 2024 йилга (5716 та) нисбатан 8,6 фоизга кам. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурханов матбуот анжуманида маълум қилди.
Коррупция ҳолатлари энг кўп соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими ҳамда маҳаллий ҳокимликлар тизимида қайд этилган.
Ҳудудлар кесимида Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида жиноятлар сони ошгани кузатилган. Хоразм, Қашқадарё, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида эса камайиш қайд этилган.
Масъул шахслар бўйича 12 нафар туман ва шаҳар даражасидаги ҳоким жавобгарликка тортилган. 300 дан ортиқ жиноят маҳаллий ҳокимликлар фаолияти билан боғлиқ бўлиб, уларнинг 80 фоиздан ортиғида ҳоким ёрдамчилари иштирок этган.
Агентлик томонидан субсидия ва имтиёзли кредитларни ажратиш жараёнини инсон омилисисиз, рақамлаштирилган тартибда амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. 2026 йилга мўлжалланган асосий мақсадлардан бири — ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этиладиган коррупция ҳолатларини кескин камайтириш.
Энг кўп қонунбузилишлар қайд этилган ҳудудлар орасида Тошкент шаҳри (612 та), Тошкент вилояти (584 та) ва Фарғона вилояти (455 та) етакчилик қилган.
Давлат харидлари соҳасида 673,3 миллиард сўмлик 192 та харид жараёни ўрганилган. Уларнинг 14 тасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, маъмурий чоралар қўлланилган. 12 ҳолатда интизомий жазо берилган, 2 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.
Президент Шавкат Мирзиёев коррупцияни мамлакат тараққиётига асосий таҳдидлардан бири сифатида баҳолаб, 2026 йил 1 январдан коррупцияга қарши назоратнинг янги тизими жорий этилаётганини таъкидлаган.

