Ўзбекистон Ҳукумати ва Америка Қўшма Штатлари Ҳукумати муҳим фойдали қазилмалар ва ноёб ер элементларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида таъминот барқарорлигини таъминлаш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.
Ҳужжат АҚШда бўлиб ўтган муҳим минераллар бўйича вазирлар учрашуви доирасида АҚШ давлат котибининг ўринбосари Кристофер Ландау ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов томонидан имзоланди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари таъкидлаганидек, мамлакат муҳим минералларни нафақат иқтисодий имконият, балки масъулиятли халқаро ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш йўналиши сифатида ҳам кўради. Ўзбекистон соҳа ривожини шаффофлик, экологик масъулият ва қўшимча қиймат яратишга қаратилган ишлаб чиқариш бўйича юқори халқаро стандартлар асосида таъминлаш ниятида.
Учрашув давомида томонлар аввал эришилган келишувларни амалга ошириш, янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш масалаларини муҳокама қилдилар, шунингдек, 2026 йилга мўлжалланган икки томонлама кун тартиби юзасидан фикр алмашиб, кенгайтирилган стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга содиқ эканликларини тасдиқладилар.

