Қашқадарё вилояти, Тошкент вилояти ва пойтахт атрофида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гиёҳвандлик воситалари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласи билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар фош этилди.
Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида Китоб туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1979 ва 1983 йилларда туғилган ака-укаларнинг яшаш хонадонлари белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Текширув давомида гугурт қутиси ва синтетик қопларга жойланган, умумий оғирлиги 21 килограмм 712 грамм бўлган “марихуана” гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Яна бир тезкор-қидирув тадбири доирасида Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи, 1976 йилда туғилган, муқаддам бир неча бор судланган шахс таркибида “сибутрамин” кучли таъсир қилувчи моддаси мавжуд бўлган хорижда ишлаб чиқарилган кофе ва бошқа маҳсулотларни сотиш билан шуғулланаётгани аниқланди. Унинг “Ўрикзор” бозорида жойлашган дўкони кўздан кечирилганда сотиш мақсадида сақланаётган жами 28 984 дона “30 Slimming”, “MAX Slimming” ва “Keto Coffee” маҳсулотлари борлиги маълум бўлди. Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 251¹-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги ТИР-парк ҳудудида турган хорижий давлат фуқароси бошқарувидаги юк автомашинаси текширилганда салон қисмидан “гашиш” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди. Мазкур ҳолат юзасидан чет эл фуқаросига нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

