Тошкент шаҳарлараро иқтисодий суди 2026 йил 2 февраль куни “Maroqand” акциядорлик жамиятини тўловга қобилиятсиз деб топди ва уни тугатиш (ликвидация) тартибини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
“Maroqand” АЖ UPay тўлов тизимининг эгаси ҳисобланади. Ушбу тизим орқали фойдаланувчилар давлат хизматлари, мобил алоқа, интернет ва ўйинлар учун тўловларни амалга ошириш, банк карталари ўртасида пул ўтказиш ҳамда электрон ҳамёнларни тўлдириш имкониятига эга эди.
Компания 2022 йил май ойида тўлиқ равишда Humans финтех-экотизими томонидан сотиб олинган. Бироқ 2024 йил октябрь ойида Ўзбекистон Марказий банки “Maroqand”нинг тўлов ташкилоти сифатидаги фаолиятини олти ойга чеклади. Бунга сабаб сифатида қимор ўйинлари каби тақиқланган хизматлар учун тўловлар ўтказилгани кўрсатилган.
2025 йил октябрь ойида эса худди шу суд қарори билан Humans LLC компанияси ҳам банкрот деб топилган эди.
Шунингдек, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Humans иловаси орқали фойдаланувчиларнинг банк карталаридан рухсатсиз пул ечиб олингани ҳақида хабарлар тарқалган. Марказий банк ушбу ҳолатни тасдиқлаб, текширув бошланганини маълум қилди.
Назорат ваколатлари доирасида регулятор Octogram компаниясига (Paylov бренди) P2P-операцияларни вақтинча тўхтатиш бўйича кўрсатма берган. Шу куни Humans иловаси орқали Octogram томонидан кўрсатиладиган барча тўлов хизматлари ҳам вақтинча тўхтатилган.
Кейинчалик Humans компанияси маблағлар ечилиши 4–8 декабрь кунлари оралиғида содир бўлганини ва бу ҳаракатлар фирибгарлар томонидан амалга оширилганини маълум қилди. Компания вакилларига кўра, ҳодиса Paylov хизматидаги техник хатолик билан боғлиқ бўлиб, Humans фаолияти натижаси эмас.

