Наманган вилоятида Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги фаолиятини ўрганиш жараёнида мансабдор шахслар иштирокидаги бир қатор ноқонуний ҳолатлар фош этилди.
Жорий йил январь ойи бошида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрмон хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан текширув ўтказилди. Текширув натижасида муассаса мансабдорларининг ўз вазифаларига масъулиятсиз ёндашуви оқибатида 5 нафар тадбиркор томонидан тегишли рухсатномаларсиз бино ва иншоотлар қурилгани, ер участкаларининг ихтисослашуви ўзбошимчалик билан ўзгартирилгани аниқланди. Бу ҳолат давлат манфаатларига жиддий зарар етказган.
Шунингдек, 460 нафар ижарачидан ижара тўловлари ундирилмагани сабабли давлатга 1 млрд 480 млн сўм зарар етказилгани маълум бўлди. Энг оғир ҳолатлардан бири — ўрмон хўжалиги мансабдорлари айрим ижарачилар билан тил бириктирган ҳолда 2023–2025 йиллар давомида 5 356 куб метр норуда материалларни ноқонуний қазиб олгани бўлиб, бу орқали давлатга 1 млрд 322 млн сўмлик зарар етказилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 193, 196-1, 207 ва 229-моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг бўлим ўрмонбегиси ушланди. У аввал хўжалик балансида бўлган, кейин туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган ер майдонининг 20 сотих қисмини турар жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган. Шу иш доирасида Давлат кадастрлар палатасининг Поп туман филиали мутахассиси ҳам 500 АҚШ долларини олган пайтида ушланди. Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Яна бир ҳолатда, Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи шахс ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартибини бузган ҳолда, 50 сотих ер майдонини ижарага бериш учун маҳаллий тадбиркордан 10 минг АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 5 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Маълум бўлишича, мазкур мансабдор шахс муқаддам ҳам бир неча бор судланган. Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

