Сўнгги йилларда Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни бошқариш ва сикулляр иқтисодиётни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этаётгани Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига амалга оширган навбатдаги расмий ташрифи доирасида яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Ташриф чоғида икки давлат ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор музокаралар ўтказилди. Хусусан, Экология қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва сикулляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов бошчилигидаги делегация Туркиянинг “MT Makina” компанияси билан учрашув ўтказди.
Музокаралар марказида чиқиндиларни қайта ишлаш, саралаш ва бошқариш инфратузилмасини ривожлантириш масалалари бўлди. Томонлар замонавий ускуналар ишлаб чиқариш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш объектларини ташкил этиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликка келишиб олди. Дастлабки режаларга кўра, Самарқанд вилоятида умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Маълум қилинишича, асосий лойиҳалар 2026–2027 йилларга мўлжалланган. Улар доирасида кунига 500 тонна маиший чиқиндиларни саралаш қувватига эга замонавий станция қурилиши, шунингдек, йилига 1000 донагача махсус техника ва чиқинди контейнерлари ишлаб чиқарадиган корхонани маҳаллийлаштириш режалаштирилган.
Мутахассислар таъкидлашича, ушбу лойиҳалар нафақат экологик муаммоларни камайтириш, балки ҳудудда янги иш ўринлари яратишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, лойиҳа доирасида камида 100 та доимий иш ўрни яратилади. Корхоналарнинг умумий фаолият юритиш муддати эса 20 йил этиб белгиланган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “MT Makina” компанияси 20 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, чиқиндиларни бошқариш соҳасида замонавий технологик ечимларни таклиф этиб келмоқда. Компания Туркия ва қатор бошқа давлатларда самарали лойиҳаларни амалга оширган.
Туркияга амалга оширилган мазкур ташриф давомида эришилган келишувлар Ўзбекистонда экологик барқарорликни таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш улушини ошириш ва сикулляр иқтисодиёт тамойилларини жорий этишда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Томонлар ҳамкорликни янада жадаллаштириш ва лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишга тайёр эканликларини билдиришди.

