Google платформасида доллар курси акс эттирилишида техник носозлик кузатилди. Айрим фойдаланувчиларда АҚШ доллари курси бирданига қарийб икки баравар пасайган ҳолда кўрсатилган.
Маълумотларга кўра, бу ҳолат расмий иқтисодий кўрсаткичлар билан боғлиқ эмас, балки платформадаги номаълум техник хатолик билан изоҳланмоқда. Ҳозирча Google томонидан ушбу носозлик юзасидан расмий изоҳ берилмаган.
Аслида эса валюта бозорида кескин ўзгаришлар қайд этилмаган. Биржанинг бугунги савдолари натижасига кўра, АҚШ доллари курси 30–31 сўмга ошиши кутилмоқда ва тахминан 12 230 сўм атрофида шаклланиши мумкин.
Марказий банк маълумотларига кўра, расмий валюта курси барқарор ҳолатда сақланиб қолмоқда. Мутахассислар фуқароларни норасмий манбаларда акс этган маълумотларга ишонмасликка, валюта курсини фақат расмий манбалар орқали текширишга чақирмоқда.

