Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда «қизил» экологик стикерга эга транспорт воситаларининг шаҳарларга кириши чекланиши ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. ЙҲХХ расмий маълумотларига кўра, айни пайтда бундай чекловлар жорий этилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 750-сонли қарорига мувофиқ, мамлакатда «Экологик транспорт» тизимини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган. Ушбу тизим автотранспорт воситаларининг атроф-муҳитга чиқарадиган зарарли моддалар миқдорини назорат қилиш ҳамда белгиланган экологик меъёрларга мувофиқлигини баҳолашга қаратилган.


Транспорт воситаларининг экологик талабларга жавоб бериш даражаси махсус экологик стикерлар орқали белгиланади. Атроф-муҳитга таъсир даражасига қараб автомобиллар қуйидаги тоифаларга ажратилади:
- 🟢 «Тоза» — яшил стикер;
- 🟡 «Ўртача» — сариқ стикер;
- 🔴 «Зарарли» — қизил стикер.
Экологик тоифани аниқлаш жараёни инсон омилисисиз, автоматик тарзда амалга оширилади. Бу «Автомототранспортни ҳисобга олиш» модули орқали, Ўзбекистон ҳудудида эксплуатация қилинаётган транспорт воситаларининг тасдиқланган экологик синфлари ҳақидаги маълумотлар базаси асосида белгиланади.
Маълум қилинишича, 2026 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида барча транспорт воситалари учун экологик стикерлар бепул равишда берила бошланган.
Энг муҳим жиҳат шундаки, ҳозирги вақтда «сариқ» ва «қизил» стикерга эга автомобиллар ҳаракатига нисбатан ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас. Ушбу тоифадаги транспорт воситалари шаҳар ҳудудида эркин ҳаракатланишда давом этмоқда.

