Анқара шаҳридаги Туркия Республикаси Президенти қароргоҳи — Оқсаройда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Давлат раҳбарини Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған шахсан кутиб олди.
Маросим чоғида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Президентлар шоҳсупага кўтарилиб, ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон ва Туркия давлат мадҳиялари янгради. Шундан сўнг етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзолари билан саломлашдилар.
Расмий маросимдан кейин давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бошланди. Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.

