Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 28 январдаги йиғилиши якунларига кўра, асосий фоиз ставкаси 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.
Маълум этилишича, инфляция пасайишда давом этмоқда. 2025 йил декабрь ойида умумий инфляция 7,3 фоизга, базавий инфляция эса 5,7 фоизгача тушган. Бу жараён қатъий пул-кредит сиёсати, миллий валюта — сўмнинг мустаҳкамланиши ҳамда импорт нархлари таъсирида базавий инфляция суръатларининг секинлашиши билан изоҳланмоқда.
Шу билан бирга, хизматлар соҳасида нархлар ўсиши юқори даражада сақланиб қолмоқда. Марказий банк 2026 йил якунида инфляция 6,5 фоиз атрофида бўлишини кутмоқда.
Иқтисодиётда юқори фаоллик сақланиб қолмоқда. 2026 йил якуни бўйича иқтисодий ўсиш 6,5–7 фоиз даражасида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Банк тизимида ижобий реал фоиз ставкалари миллий валютадаги жамғармаларни рағбатлантирмоқда.
Шунингдек, чакана кредитлаш ва фискал фаоллик юқори суръатларда давом этаётгани қайд этилди. Инфляциянинг барқарор пасайишини таъминлаш мақсадида пул-кредит шароитлари жорий қатъий даражада сақлаб қолиниши маълум қилинди.
Асосий ставкани навбатдаги кўриб чиқиш 2026 йил 18 март кунига белгиланган.

