2025-йил Uzbekistan Airways компаниялар гуруҳи учун ёрқин лойиҳалар, муҳим қарорлар ва барқарор ўсиш даври бўлди.
Йил давомида компаниялар гуруҳи томонидан жами 49 258 та авиақатнов (RT) амалга оширилди, бу 2024 йилга нисбатан 8,7 фоизга кўп (2024 йилда 45 307 та авиақатнов амалга оширилган). Шу давр мобайнида 6,612 миллион нафар йўловчи хавфсиз ва қулай тарзда манзилига етказилди, бу эса ўтган йилга нисбатан 6,5 фоизлик ўсишни ташкил этди (2024 йилда 6,207 миллион нафар).

Юк ташиш ҳажми ҳам изчил ўсиб, жами 52 065 тонна юк, жумладан, тижорат юклари, меъёрдан ортиқ бағаж ва почта жўнатмалари ташилди.
2025 йилда авиакомпания парвозлар географиясини кенгайтиришни давом эттирди. Тошкентдан Мадрид, Исломобод, Тюмень ва Краснодарга, Андижондан Новосибирск, Истанбул, Москва ва Санкт-Петербургга, Намангандан эса Краснодарга янги йўналишлар йўлга қўйилди.
2025 йил ноябрь ойида Вашингтонда имзоланган ҳамкорлик келишуви бутун Ўзбекистон фуқаро авиацияси учун муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Uzbekistan Airways ўз тарихидаги энг йирик шартнома — 22 та кенг фюзеляжли Boeing 787-9 Dreamliner ҳаво кемаларини етказиб бериш бўйича келишувни имзолади. Ушбу қарор флотни янгилаш билан бирга, авиакомпаниянинг келажакка ишончи ва глобал миқёсда фикрлашга тайёрлигини намоён этди.


Флотни янгилаш ишлари бу йил ҳам изчил давом этмоқда. 2026 йилда янги Airbus A321neo ҳаво кемаларини етказиб бериш кутилмоқда. Янги авиалайнерлар замонавий кўнгилочар тизимлар билан жиҳозланган, такомиллаштирилган Airspace Premium салони билан йўловчиларни қувонтиради. Шунингдек, 10 000 метр баландликда ҳам алоқада қолиш учун сунъий йўлдош интернети мавжуд бўлади.
2025 йил апрель ойида Silk Avia парки тўртинчи L-410 ҳаво кемаси билан тўлдирилди. Май ойида эса Uzbekistan Airways Technics ангарида авиакомпаниянинг энг малакали мутахассислари томонидан тўлиқ модернизация қилинган Boeing 767 ҳаво кемаси парвозга тайёр ҳолда чиқарилди.


Шунингдек, рақамли хизматларни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири бўлди. Авиакомпания сайтида сунъий интеллект асосида ишловчи чат-бот жорий этилди. Сайт ва мобил иловада UnionPay карталари орқали тўлов қилиш имконияти яратилди.
Ўқув-машғулот маркази негизида фаолият юритаётган учувчилар мактаби халқаро стандартларга тўлиқ мос ҳолда мутахассислар тайёрлашни давом эттирмоқда. Курсантлар малакасини ошириш мақсадида бўлажак учувчилар амалий машғулотларининг бир қисмини Словениядаги Европа ҳаво кенгликларида ўтамоқдалар.
Uzbekistan Airways ўз хизматларини Таиланддан Италиягача бўлган халқаро кўргазмаларда муваффақиятли намойиш этди. Москва шаҳрида эса илк бор Ўзбекистон ва Россия туризм соҳасининг етакчи вакилларини жамлаган «Марказий Осиё — Uzbekistan Airways қанотларида» форуми бўлиб ўтди.


Август ойи охирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Uzbekistan Airways томонидан қуриб битказилган ва фойдаланишга топширилган янги «Тошкент–Ҳумо» аэропорти билан танишди. Бугунги кунда ушбу замонавий мажмуа тўлиқ иш бошлаб, расмий делегацияларни қабул қилиш ва ҳукумат авиацияси сегментида янги сифат стандартларини жорий этмоқда.


Шунингдек, 2026 йил 28 январь куни авиакомпания борткузатувчиларининг хизмат либослари дизайнини янгилаш ва тиклаш ишлари якунланди. Янги либослар жорий этилиши шу йилнинг биринчи ва иккинчи чорагида босқичма-босқич амалга оширилади.
2025 йил Uzbekistan Airways учун мақсадли ўсиш, муҳим қарорлар ва ютуқлар йили бўлди ҳамда авиакомпания 2026 йилга янги мақсадлар ва янги марраларни забт этишга тайёр ҳолда қадам қўйди.
Uzbekistan Airways ўзини Марказий Осиё қанотлари сифатида намоён этар экан, миллий ва минтақавий авиация ривожига ҳисса қўшиш, транспорт алоқаларини кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган фаолиятини давом эттиради.

