Ҳайдовчилик гувоҳномаларини сохталаштириш ҳолатлари бўйича Давлат хизматлари маркази айрим ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида Бош прокуратура маълумотига кўра, тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Тергов жараёнида Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида 1 200 нафардан ортиқ фуқарога сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб берилгани аниқланган.
Маълум бўлишича, мазкур сохта гувоҳномалар эгаларининг 455 нафари жами 1 305 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Шунингдек, 9 нафар шахс иштирокида йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб, оқибатда 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 3 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Жиноят ишининг ҳажми ва мураккаблигини инобатга олган ҳолда Бош прокуратурада махсус тергов-тезкор гуруҳи ташкил этилган. Айни пайтда сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда уларни расмийлаштириш учун асос бўлган ҳужжатлар тўлиқ ўрганилмоқда, тергов ҳаракатлари белгиланган тартибда давом этмоқда.

