1 февралдан “Ташаббускор халқ учун — янги имкониятлар мавсуми” шиори остида “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2026 йилги илк мавсуми старт олади. Ушбу мавсум лойиҳа жорий этилганидан буён ўтказилаётган 10-юбилей мавсум сифатида алоҳида аҳамиятга эга.
“Ташаббусли бюджет” фуқароларнинг жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда бевосита иштирок этиши, маҳалла ва ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни амалга ошириш имконини бериб келмоқда. Йилдан-йилга лойиҳа доирасида билдирилаётган таклифлар сони ортиб, жамоатчилик фаоллиги сезиларли даражада ошмоқда.
2026 йилги мавсум қуйидаги босқичларда ўтказилади:
— 1–20 февраль — лойиҳаларни киритиш;
— 21 февраль – 7 март — лойиҳаларни саралаш;
— 8–10 март — тарғибот босқичи;
— 11–20 март — овоз бериш;
— 21–31 март — қўшимча ғолибларни аниқлаш.
Овоз бериш якунларига кўра, энг кўп қўллаб-қувватланган ташаббуслар ғолиб деб топилади. Ғолиб лойиҳалар эса 21 март — Наврўз байрами куни расман эълон қилиниши белгиланган.

