Тошкент вилоятида Давлат кадастрлар палатаси тизимида коррупция билан боғлиқ ҳолат фош этилди. Маълум бўлишича, Давлат кадастрлар палатасининг Тошкент вилояти бошқармасига қарашли Бўстонлиқ туман филиали ходими туман ҳудудида жойлашган 8 сотих ер майдонидаги хонадоннинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига пул талаб қилган.
Олинган маълумотларга кўра, ходим ушбу масалани юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб беришини айтиб, фуқародан 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу шахс сўралган пул маблағини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари, шунингдек 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда иш доирасида тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

