Ўзбекистонлик шоҳматчи Нодирбек Абдусатторов ФИДЕ Фристайл шоҳмат бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди деб Спорт вазирлиги хабар берди. У Германиянинг Вайссенхаус шаҳрида 13–15 февраль кунлари бўлиб ўтадиган мусобақанинг сўнгги иштирокчиси сифатида рўйхатга олинди.
Йўлланма chess.com платформасида ўтказилган расмий Play-In саралаш турнири орқали қўлга киритилди. Нодирбек Абдусатторов финал баҳсида ҳиндистонлик шоҳматчи Пранаф Венкатешни 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Маълум қилинишича, мазкур мусобақада жаҳон шоҳматининг етакчи ва машҳур намояндалари иштирок этади. Улар орасида Магнус Карлсен, Левон Аронян, Фабиано Каруана, Винсент Каймер, Аржун Эригайси, Жавоҳир Синдаров, Ханс Ниман ва Нодирбек Абдусатторов бор.
Қайд этилишича, ушбу мусобақа ФИДЕ ва Freestyle Chess ҳамкорлигида ташкил этилаётган илк расмий Фристайл шоҳмат бўйича жаҳон чемпионати ҳисобланади. Янги форматда ўтказиладиган чемпионат шоҳмат ихлосмандлари орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.

