Тошкент вилоятида итни ўлдириб, уни сўйиб гўштини истеъмол қилган шахслар бўйича суд қарори қабул қилинди. Бу ҳақда жонзотларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи «Mehr va Oqibat» жамоат ташкилоти маълум қилди. Маълумотларга кўра, ҳодиса 2025 йил сентябрь ойида содир бўлган. Ит эгаси Янгиюл шаҳридаги «Сабо» маҳалласида яшовчи 27 ёшли фуқаро экани аниқланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида жиноятда иштирок этган яна икки нафар фуқаронинг шахси ҳам белгиланган.
Текширув жараёнида аниқланишича, шахслардан бири ҳайвонни ушлаб турган, иккинчиси уни сўйган, ит эгаси эса ҳайвоннинг терисини шилиб олган. Шунингдек, ҳолатда тўртинчи фуқаро ҳам иштирок этгани, у ҳайвонни гўштга бўлиб, қолганлар билан бирга уни истеъмол қилгани қайд этилган.
2026 йил 12 январь куни Янгиюл туман жиноят ишлари бўйича суди мазкур уч нафар фуқарони Жиноят кодексининг 111-моддаси 2-қисми (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат) билан айбдор деб топди. Суд ҳукмига мувофиқ, уларнинг ҳар бирига 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Қайд этилишича, тўртинчи фуқаро жавобгарликка тортилмаган.

