Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ўтказилган тадқиқот Ўзбекистонда уй хўжаликларининг энергия тежамкор технологияларга кенг кўламда ўтаётганини кўрсатди. Энергия самарадорлигини оширишга қаратилган ечимларнинг кенг жорий этилиши натижасида уй хўжаликларининг қарийб 90%и энергия сарфини камайтиришга қаратилган камида битта чора-тадбирни амалга оширган.

Ижобий ўзгаришллардан бири уй хўжаликларида маиший даражада энергия тежаш чораларини кенг жорий этиш бўлди.
Энг кенг тарқалган амалиёт LED-ёритиш мосламаларини ўрнатиш бўлиб, уй хўжаликларининг 87%и светодиодли ёритишга ўтган бўлса, Қорақалпоғистон Респубилкаси, Хоразм, Навоий ва Тошкент вилоятлари каби айрим ҳудудларда бундай оилалар сони 90%дан ошди.
Уй хўжаликларининг 44%и, айниқса, Қашқадарё (84%), Бухоро (69%) ва Хоразм (54%) вилоятларида пластик дераза ва эшикларни ўрнатиш орқали энергия самарадорлигини яхшилаган.
Шунингдек, 31% уй хўжаликлари энергия тежамкор маиший техника сотиб олган, бундай қарорларнинг энг катта улуши Жиззах (60%), Навоий (59%) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (54%) кузатилди.
Бундан ташқари, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга қизиқиш ортиб бормоқда.
Қуёш панелларини ўрнатган уй-хўжаликларининг ярмидан кўпи эришилган натижалардан мамнун эканликларини, келгусида мазкур қурилмалар сонини кўпайтиришга қизиқиш билдиришган.
Таҳлил шуни кўрсатадики, аҳоли ўртасида тахминан 1,9 млн уй хўжаликларида қуёш панелларини ўрнатишга талаб мавжуд, бу эса қиймати 2,3 млрд доллардан ортиқ ички бозорни шакллантириш истиқболларини очади.
Шу билан бирга, хонадонларда самарадорлиги паст бўлган газ котеллари ва қўлбола печкалардан фойдаланилиши натижасида юқори энергия истеъмоли сақланиб қолмоқда.
Биноларнинг энергия самарадорлигини оширишдаги салоҳият
Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора-тадбирлар, жумладан, ташқи деворларни изоляциялаш, иситиш тизимларини янгилаш, эскирган эшик ва деразаларни алмаштириш натижасида мамлакатнинг кўп хонадонли уй-жойларида йилига 60 млн доллардан ортиқ электр энергияси, табиий газ ҳамда иссиқлик энергиясини тежаш имконини беради.
Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларга кўра, ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, соғлиқни сақлаш муассасалари, мактабгача таълим муассасалари ва давлат мактабларида ҳам шундай салоҳият мавжуд. Ушбу объектларга энергия самарадорлигини оширишга қаратилаган мақсадли инвестициялар киритилиши орқали энергия истеъмолини 20-50%га тежаш ва истеъмолни йилига 7,1 млрд кВт/соатгача қисқартириш мумкин.
Шу тариқа, мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

