Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан пойтахтда “Инфаркт ва инсультга қарши кураш” миллий дастури лойиҳаси ҳамда юрак-қон томир ва мия қон айланиши ўткир бузилишларини даволаш бўйича янгиланган клиник протоколлар муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, бугунги кунда дунёда ўлим ва ногиронлик ҳолатларининг катта қисми инфаркт, инсульт ва уларнинг асоратлари билан боғлиқ. Мазкур касалликларда беморга “олтин соат” ичида тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда юқори технологияли диагностика ва даволаш усулларини самарали қўллаш ҳаётни сақлаб қолиш имкониятини сезиларли даражада оширади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлиқни сақлаш лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси, БМТ тизими ташкилотлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти вакиллари, шунингдек тез тиббий ёрдам хизмати, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда даволаш муассасалари мутахассислари иштирок этди.
Муҳокамалар давомида инфаркт ва инсульт ҳолатларида кўрсатиладиган тез тиббий ёрдам нафақат беморлар ҳаётини сақлаб қолиш, балки реабилитация жараёнини жадаллаштиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Лойиҳа доирасида аҳоли орасида юрак-қон томир ва мия қон айланиши ўткир касалликларини эрта аниқлаш, тиббий ёрдам сифати орқали ўлим ва ногиронликни камайтириш, беморларни реабилитация қилиш тизимини яхшилаш ҳамда кардиологик ва неврологик хизматни янада такомиллаштириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Маълум қилинишича, халқаро Stent for Life ва Action Plan for Stroke дастурлари асосида ишлаб чиқилган миллий дастур дастлаб Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида жорий этилади, кейинчалик барча ҳудудларни қамраб олади.
Дастур доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида 30 ёшдан ошган аҳоли ўртасида ҳар йили мақсадли тиббий кўриклар ўтказиш, халқаро стандартларга асосланган клиник йўналишлар (clinical pathways)ни жорий этиш режалаштирилган. Шунингдек, тез тиббий ёрдам бригадалари телеметрик электрокардиографлар ва сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш имконига эга дефибриллятор-мониторлар билан таъминланади. Стационар тиббиёт муассасаларини шошилинч операциялар учун зарур дори воситалари ва сарф материаллари билан таъминлаш, шунингдек, тезкор стационар ёрдам кўрсатишда нодавлат тиббий ташкилотларни жалб этиш ҳам кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, ўткир юрак-қон томир касалликлари ва мия қон айланиши бузилиши бўйича давлат ва хусусий стационар муассасаларда кўрсатилган тиббий ёрдам Давлат тиббий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Тадбир якунида миллий дастурни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди.

