2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг «Рақамли маҳалла» ягона платформаси Адлия вазирлигининг smartoffice.adliya.uz ахборот тизими билан интеграция қилинди. Адлия вазирлиги маълумотига кўра, мазкур интеграция орқали маҳалла раисларига фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатларни электрон шаклда тўғридан-тўғри тегишли адлия органларига юбориш имконияти яратилди. Бу эса мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнларини тезлаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, янги тизим мурожаатларнинг онлайн тарзда юритилишини таъминлаб, уларнинг ҳаракатини назорат қилиш имконини беради. Мутахассислар фикрича, ушбу интеграция давлат хизматларини кўрсатишда шаффофликни ошириш, ҳужжат айланмасини қисқартириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган ҳуқуқий хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган.
Қайд этилишича, «Рақамли маҳалла» платформаси орқали адлия органлари билан ўзаро электрон ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши маҳалла институти фаолиятида рақамли ечимларни кенг жорий этишга хизмат қилади.

