АҚШнинг Миннесота штати, Миннеаполис шаҳрида Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) ходими иштирокида юз берган отишма оқибатида 37 ёшли АҚШ фуқароси Рене Николь Гуд ҳалок бўлди. Ҳодиса иммиграция органлари фаолиятига қарши ўтказилаётган норозилик акцияси вақтида содир бўлгани ва бу ҳолат ҳудудда кенг жамоатчилик норозилигига сабаб бўлгани хабар қилинмоқда.
Федерал идоралар тарқатган расмий маълумотларга кўра, марҳума автомобиль бошқариб, ICE ходимига уриниш қилган. АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ушбу ҳаракатни «ички терроризм» сифатида баҳолаб, ўқ отиш ўзини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилганини билдирган. Қайд этилишича, ходим ўз ҳаёти, ҳамкасблари ва атрофдагилар хавфсизлиги учун хавотир олган.
Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимият вакиллари видеоязувларга таянади ҳолда федерал тузилмалар баёнотига шубҳа билдираётганини маълум қилди. Уларнинг таъкидлашича, тарқалган кадрлар расмий версия билан тўлиқ мос келмайди.
CBS телеканали маълумотларига кўра, ҳалок бўлган Рене Николь Гуд шоир, Миннеаполис шаҳрида истиқомат қилган АҚШ фуқароси бўлган. Ҳодиса ICE томонидан иммиграция қонунчилигини ижро этиш чораларига қарши ўтказилган акция чоғида рўй берган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп марҳума ICE ходимига «онгли ва тажовузкор тарзда» автомобиль билан яқинлашганини айтди. Унинг сўзларига кўра, тарқалган видеолавҳани ҳисобга олганда, ходим тирик қолгани ҳайратланарли ҳолат бўлиб, айни пайтда у шифохонада даволанмоқда. Президент шунингдек, сўл радикал гуруҳларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ICE ходимларига қарши таҳдид ва ҳужумларда айблади.
Ҳодиса юзасидан тергов ишлари давом этмоқда. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва маҳаллий расмийлар мустақил текширув ўтказиш ҳамда иш материалларини тўлиқ ошкор этишни талаб қилмоқда.

