Бугун Ўзбекистон Республикасида прокуратура органлари ходимлари куни нишонланмоқда. Сана муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Қутловда сўнгги йилларда прокуратура органлари фаолиятида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида тизимнинг халққа яқинлашгани, инсон қадри, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини жойларда таъминлашга қаратилган самарали институтга айлангани қайд этилди.
Маълум қилинишича, ўтган йил давомида қарийб 512 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Шунингдек, 54 мингга яқин мурожаат, жумладан 29 минг атрофидаги тадбиркорларнинг масалалари ижобий ҳал этилган.
Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тизимли профилактика ишлари натижасида оғир тоифадаги маҳаллалар сони қарийб 1,5 баробарга камайган. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида эса минглаб ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниб, давлат ва жамият манфаатларига етказилган катта миқдордаги зарарлар ундирилган.
Шу билан бирга, табрикда рақамлаштиришни кенгайтириш, кибержиноятларга қарши курашиш, тергов жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш, очиқлик ва шаффофликни янада кучайтириш долзарб вазифалар сифатида белгиланди. Прокуратура органлари ходимлари қонун устуворлиги ва адолат тимсоли бўлиб, халқ ишончини оқлаши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, яқинда Президент фармони билан прокуратура органлари ходимларидан бир гуруҳи орден ва медаллар билан тақдирланган. Бугунги тадбирда ушбу давлат мукофотлари Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Нодира Ҳакимова томонидан топширилди.

