«Nestle Food» МЧЖ ХК Ўзбекистон Республикаси ҳудудида болалар озиқ-овқати маҳсулотларининг айрим партияларини ихтиёрий равишда қайтариб олиш чораларини бошлаганини расман хабар берди. Қайтариб олиш тез ерувчан сутли ва қатиқли қуруқ аралашмалар, шунингдек аминокислоталар асосидаги махсус диетик даволаш учун мўлжалланган қуруқ аралашмаларнинг чекланган миқдорини қамраб олади.

Қайтариб олинаётган маҳсулотлар рўйхатига қуйидаги партиялар киради:
— NAN 1 OPTIPRO (51490346AB, 51750346AA, 51900346AE, 51760346AA, 52180346AB, 52670346AE, 52680346AD, 51500346BA, 51910346BA);
— NAN 2 OPTIPRO (5172080622, 5206080621, 5298080624, 5205080661, 5206080661, 5289080661, 5290080661, 5204080611, 5205080611);
— NAN Kislomolochniy (0–12 ой) – 51230017A1;
— NAN Supreme (0–12 ой) – 52790742C1;
— ALFARÉ Amino (51050017Y2, 51470017Y1, 52730017Y1).
Компания маълум қилишича, мазкур чора эҳтиёт мақсадида кўрилмоқда. Сабаби ташқи етказиб берувчидан олинган хом ашёда, яни арахидон кислотаси ва сереулид токсини бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ эҳтимолий хавфнинг аниқланиши. Ушбу ингредиент миқдори жуда кам бўлса-да, Nestlé’нинг глобал хавфларни камайтириш сиёсати доирасида айрим партияларни бутун дунё бўйлаб ихтиёрий қайтариб олиш қарор қилинган.
Ўзбекистонда сереулид токсини бўйича меъёрлаш талаби мавжуд эмас, шунга қарамасдан, «Nestle Food» МЧЖ ХК 2026-йил 5 январдан бошлаб чекланган партиялар бўйича қайтариб олиш ишларини амалга оширмоқда. Қарор компаниянинг қатъий сифат ва хавфсизлик протоколларига мувофиқ қабул қилинган.
Компания регулятор органларни хабардор қилган ва истеъмолчилар ҳамда мижозларга барча зарур ахборотни тақдим этишга тайёрлигини билдирган. Кўрсатилган партиялардан маҳсулот харид қилган истеъмолчилар уни компания белгилайдиган тартибда қайтаришлари мумкин.
Маслаҳат учун истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш хизматига +998 78 120 20 55 рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.
Қайд этилишича, қайтариб олиш чоралари фақат юқорида санаб ўтилган чекланган партияларга тааллуқли бўлиб, Nestlé’нинг Ўзбекистон бозоридаги бошқа болалар озиқ-овқати маҳсулотларига нисбатан қўлланилмайди. Компания истеъмолчилар саломатлиги ва хавфсизлиги устувор аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

