Николас Мадуро 5 январь куни АҚШ федерал судида наркотиклар билан боғлиқ айбловлар бўйича ўзини айбсиз деб эълон қилди. Суд жараёни Манхэттенда федерал судида бўлиб ўтди.
63 ёшли Мадуро таржимон орқали сўзлаб, барча айбловларни инкор этди ҳамда ўзини Венесуэланинг амалдаги президенти деб атади. Судья Алвин Ҳеллерстайн унинг чиқишини тўхтатиб, айбловлар мазмунини ўқиб эшиттирди. Суд мажлиси тахминан ярим соат давом этди. Кейинги суд муҳокамаси 17 март кунига белгиланди.
Мадуро халқаро наркокартеллар билан боғлиқ кокаин савдоси тармоғини бошқарганликда айбланмоқда. Унга нисбатан нарко-терроризм, кокаин импорти бўйича фитна ҳамда автомат қурол ва портловчи мосламаларга эгалик қилиш каби тўртта жиноий айблов қўйилган. Ушбу айбловларни у аввал ҳам бир неча бор рад этган.
Суд олдида Мадуронинг рафиқаси Силия Флорес ҳам айбини тан олмади. Суд биноси олдида Мадуро тарафдорлари ва қарши намойишчилар тўпланди.
Шу куни Каракасда Мадуронинг вице-президенти Делси Родригес Венесуэланинг вақтинчалик президенти сифатида қасамёд қилди. У чиқишида Мадурони қўллаб-қувватлаган бўлса-да, АҚШ ҳаракатларига очиқ қаршилик билдирмади.
ОАВ хабарларига кўра, АҚШ разведкаси Делси Родригесни Мадуро йўқ пайтда мамлакатда барқарорликни сақлаб тура оладиган энг мақбул номзод сифатида баҳолаган. Шу билан бирга, мухолифат етакчилари ҳозирча сиёсий қонунийликка эриша олмаслиги қайд этилган.
Айни пайтда халқаро ҳуқуқ мутахассислари давлат раҳбарини қўлга олиш амалиётининг қонунийлиги юзасидан баҳс юритмоқда. Россия, Хитой ва Венесуэла иттифоқчилари ушбу ҳаракатларни кескин қоралади.
Венесуэла келажакда қандай бошқарилиши масаласи очиқ қолмоқда. АҚШ расмийлари Венесуэла нефть соҳасига тўлиқ эмбарго жорий этилганини ва иқтисодий фаолият АҚШ рухсати билан амалга оширилишини маълум қилди. АҚШ компанияларининг Венесуэла нефть инфратузилмасини қайта тиклашда иштирок этиши эҳтимоли ҳам билдирилмоқда.

