Тошкент халқаро аэропорти ҳудудида ноқулай об-ҳаво шароити ва қалин туман кузатилмоқда. Кўриниш масофаси 700 метргача қисқаргани сабабли айрим самолётларнинг қўниши ва жўнаб кетишига вақтинчалик чекловлар жорий этилди деб аэропорт маъмурияти томонидан хабар берилди.
Маълум қилинишича, Сеул-Тошкент йўналишидаги C6550 рейси ҳамда Жидда-Тошкент йўналишидаги 9S3304 рейси экипаж тоифаси ўрнатилган чекловларга мос келмагани сабабли Самарқанд шаҳридаги захира аэродромига йўналтирилган.
Шунингдек, Наманган аэропортида ҳам туманли об-ҳаво шароити қайд этилган. Ушбу ҳолат туфайли Қувайт-Наманган йўналишидаги JZR663 рейси экипажи самолётни Душанбе шаҳридаги захира аэродромига қўндиришга қарор қилган.
Айни пайтда парвозлар ҳаво шароити яхшиланишига қараб амалга оширилмоқда. Авиакомпаниялар ва аэропорт ишчилари вазиятни доимий назоратга олган ҳолда иш олиб бормоқда. Йўловчиларга рейслар ҳолати бўйича қўшимча маълумотларни авиакомпаниялардан аниқлаб бориш тавсия этилмоқда.

