Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини янада кучайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Лойиҳага кўра, ён шажара бўйича иккинчи, учинчи ва тўртинчи даражадаги қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш тақиқланиши белгиланмоқда. Хусусан, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан, шунингдек, тоғавaчча, амакивачча, аммавaчча ва холавaччалар ўртасида никоҳга йўл қўйилмайди.
Бунда муайян истисно ҳолатлар ҳам кўзда тутилган. Агар никоҳланувчи томонлардан бири фарзандликка олинган ёки ўгай фарзанд бўлса ва улар ўртасида ҳақиқий қариндошлик муносабати мавжуд бўлмаса, ушбу чекловлар татбиқ этилмаслиги мумкин.
Шунингдек, никоҳга кириш истагини билдирган шахсларнинг аризаси асосида, ҳомиладорлик ёки бола туғилиши билан боғлиқ ҳолатларда, никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган ҳудуддаги туман ёки шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириш (эмансипация) ҳуқуқига эга бўлади.
Қонун лойиҳасида жавобгарлик чораларини кучайтириш ҳам назарда тутилган. Хусусан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқий никоҳ муносабатларига киришиш, агар бундай қилмиш учун аввал маъмурий жаво қўлланганидан кейин такрор содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари, шунингдек, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолаш белгиланмоқда.
Айни пайтда амалдаги қонунчиликда ушбу ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик нисбатан енгил бўлиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари, ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари назарда тутилган.

