Пойтахтда аҳоли ва иқтисодиёт объектларини қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан барқарор ва узлуксиз таъминлаш мақсадида замонавий технологиялар босқичма-босқич жорий этилмоқда. Ана шундай самарали ечимлардан бири бу бир вақтнинг ўзида электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган когенерация қурилмаларидир.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида ушбу йўналишда бир қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Юнусобод туманидаги 4-иссиқлик маркази ҳудудида қуввати 100 МВт бўлган замонавий когенерация қурилмасининг ишга туширилиши пойтахт иссиқлик таъминоти тизимида муҳим аҳамият касб этмоқда деб Энергетика вазирлиги хабар берди.
Мазкур лойиҳа доирасида йилига 876 миллион кВт-соат электр энергияси ҳамда 858 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Шунингдек, ушбу технология ҳисобига йилига 35 миллион куб метр табиий газ тежалади. Бу эса иқтисодий самарадорликни ошириш билан бирга, атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирни камайтиришга хизмат қилади.
Когенерация қурилмаси ишга туширилиши натижасида пойтахтнинг Юнусобод, Олмазор, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманларида жойлашган жами 1 минг 846 та объект доимий иссиқлик энергияси билан таъминланади. Шундан 1 минг 400 таси аҳоли хонадонлари, қолган қисми эса ижтимоий соҳа объектларидир.
Бундан ташқари, мазкур лойиҳа орқали 292 мингта хонадонга электр энергиясини барқарор етказиб бериш имконияти яратилмоқда. Бу эса қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган узилишларнинг олдини олиш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва шаҳар инфратузилмасининг ишончлилигини оширишга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, замонавий когенерация қурилмаларининг жорий этилиши пойтахт энергетика тизимини модернизация қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

