Энергетика вазирлигининг маълумотига кўра Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ йирик қонунбузарлик аниқланди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ўтказилаётган навбатдаги рейд давомида “Қорисқудуқ” МФЙда яшовчи фуқаро А.Д.нинг хонадонда электр тармоғидан ноқонуний уланиб фойдаланиб келаётгани маълум бўлди.
Текширувларга кўра, фуқаро электр таъминоти бўйича ҳеч қандай шартнома тузмаган ва ўзбошимчалик билан тармоққа турли электр ускуналарини улагани аниқланган. Натижада у томонидан давлатга етказилган зарар 3,87 млрд сўм деб баҳоланди.
Қонунбузарлик юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди. Эндиликда фуқаронинг ноқонуний ҳаракатлари бўйича қонун доирасида чора кўрилиши кутилмоқда.

