8.6 C
Узбекистан
Суббота, 15 ноября, 2025

Самарқандда кўп қаватли уйларга қандай хизмат кўрсатилмоқда?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,900участниковПодписаться
- Advertisement -

Самарқанд вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Баҳодир Негматов иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берди.

Таъкидланишича, вилоятида жам 2088 та кўп қаватли уйлар бўлиб, уларда 72 мингтага яқин хонадон мавжуд. Шу кунгача энг баланд уй 16 қаватдан иборат бўлиб, уларнинг сони  35 та эди.  Шу кунларда Қорасув массивида иккита 25 қаватли уй қурилмоқда.

Уй-жой фондини талаб даражасида сақлаб қолиш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида қилинган ишлар ҳақида сўз юритиб, Б. Негматов қатор рақамларни келтирди. Жумладан, 82 та уйнинг 28,6 минг кв.м том қисми капитал ва жорий таъмирланди; 119 та уйнинг кириш йўлаклари тўлиқ таъмирланди; 128 та электр шит таъмирланиб, тартибга келтирилди; 53 та кўп қаватли уйнинг ертўласи таъмирланиб, тартибга келтирилди; 34 та уйнинг ички муҳандислик тармоқлари таъмирланди; 84 та кўп квартирали уйнинг фасад қисмини таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

 Шундан сўнг бошқарма бошлиғи кўп қаватли уй-жой фондига туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича амалга оширилган ишларни ҳам санаб ўтди: 6 та умумфойдаланишдаги ҳожатхонанинг қурилиш ишлари якунига етказилди; 14 та болалар майдончаси фойдаланишга топширилди; 1 470 метр ирригация тармоқлари таъмирланди; 8 минг кв.м. йўлакларига бетон қопламаси ётқизилди; 44 та ташқи ёритиш тизими янгисига алмаштириш ишлари якунига етказилди.

Кўп қаватли уйларнинг катта муаммоларидан бири лифтлар бўлиб, уларнинг тез-тез ишдан чиқиши, аксарияти таъмирталаб бўлганлиги, йиллар давомида ушбу муаммога эътибор қаратилмаслиги бундай уйларда яшовчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди. “Маҳаллий бюджетдан ажратилган 7,6 млрд сўм ҳисобидан 27 та лифт янгисига алмаштирилди. Яна 10 та лифтни янгилаш учун 2 млрд 775 млн сўм маблағ ажратилиб, уларни янги йил байрамигача топшириш режалаштирилган”, – дейди бошқарма бошлиғи.

Қишнинг ҳозирги совуқ кунларида уйларни иситиш масаласи қандай ҳал этилмоқда? Газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар кўп қаватли уйларга қандай таъсир этмоқда? Б.Негматов ушбу йўналишларда ҳали камчиликлар мавжудлигини тан олиб, турли сабабларга кўра кўп қаватли уйларга иссиқлик ва иссиқ сув етказиб бера олинмаётганлигини уқтирди.

“Ушбу йўналишдаги муаммони давлатимиз раҳбари ҳам тилга олиб ўтган эдилар. Эскидан  қолган марказлашган иссиқлик тизими ўзига сарфланган харажатни оқламаяпти, бунинг устига хизмат сифати паст. Президентимиз айтганларидек, “бу тизим кўчани иситиб ётибди”. Марказий қозонхоналардаги қайноқ сув аҳолига етиб боргунча илиқ сувга айланиб қоляпти. Эскирган қувурлар, масофа олислиги боис асосий иссиқлик кўчаларда сарф бўлиб кетаяпти. Самарқанд вилоятида икки контурли индивидуал иситиш мосламаларини ўрнатиб кўрдик, булар икки йилга бормай ишдан чиқди. Энди бошқа бир янгича иситиш тизимини барпо этиш йўллари қидирилмоқда”, – дейди Б.Негматов.

Кўп қаватли уйларни иситиш учун замонавий қозонхоналар қурилмоқда. Боғдод кўчасида барпо этилаётган РК-1 марказий қозонхонаси 95 та уйга хизмат кўрсатади. Бу ерда 90 фоиз ишлар бажарилди ва келаси йилнинг январь ойи охирларида фойдаланишга топширилади. РК-2 қозонхонаси эса Сўғдиёна, Микрораён ва Сартепа массивларидаги 381 та уйга хизмат кўсатади. Бу қозонхона 2024 йилда ишга туширилади. Хонадонларгача олиб бориладиган қувурлар икки ўрам билан қопланганлиги ва ер остига кўмилганлиги туфайли иссиқлик йўқотиш даражаси камаяди.

Матбуот анжуманида кўп қаватли уйларни бошқариш тизимида юз берган ўзгаришалар ҳақида ҳам сўз юритилди. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, шу пайтгача вилоятдаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиб келган 177 та уй-жой мулкдорлари ширкати тугатилиб, 29 та бошқарув сервис компанияси (БСК) ташкил этилди. Фақат иккита ширкат ўз мулкдорларига сифатли хизмат кўрсатаётганлиги муносабати билан мулкдорлар талаби билан ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Ташкил этилган БСКларнинг 10 таси Самарқанд шаҳрида, 5 таси Каттақўрғон шаҳрида, қолганлари эса туманларда ўз фаолиятини йўлга қўйган.

Самарқанд шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Тўлқин Гулмуродовнинг сўзларига қараганда, бошқарув сервис компаниялари аҳолига хизмат тури ва сифатини яхшилаш учун барча чораларни кўрмоқда. “Бу ҳақда аниқ маълумот олиш, янги тизим имкониятлари билан танишиш мақсадида самарали иш бошлаган “Bio-tex-servis” БСК фаолияти билан танишамиз”, – дейди Т.Гулмуродов.  

Биз, матбуот анжумани иштирокчилари, Сартепа массивида жойлашган “Bio-tex-servis” БСК да бўлдик ва бизга бу ерда амалга оширилаётган ишлар ҳақида компания раҳбари Азизхон Расулов сўзлаб берди.

Ўз фаолиятини жорий йилнинг август ойида бошлаган компания 515 та кўп қаватли уйнинг 21 минг 700 дан ортиқ ходанонига хизмат кўрсатаётган экан. Бу ерда 24 соатлик диспетчерлик хизмати жорий этилган. Аввалги ширкатлар каби фақат чилангар, электрмонтёр ва ҳовли супирувчиларгина эмас, балки 48 та йўналиш бўйича хизмат кўрсатувчи 128 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Муаммоларни ҳал этиш 18 соатдан ошмайди. 

“Bio-tex-servis” БСК бошлиғи ва бошқа раҳбар ходимларининг ёш ишбилармон эканлиги яхши. Аммо уларнинг шу вақтдан хўжалар кўрсин деган мақсадда ишга ёндашаётганлигини оқлаб бўлмайди. Журналистларга компания ихтиёрида бўлган техника воситалари кўрсатилади деб кўп қаватли уйлар ўртасида жойлашган майдончага олиб боришди. Бу ерда совуқда анча вақт кутиб турган аёлу эркак ишчилардан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Маълум бўлишича, техникани тайёрлаш учун кўрсатма олган компания раҳбарлари тадбирга ҳоким келмаслигини эшитгач, техникани чиқариш шарт эмас деб ҳисоблашган.

Барча бошқарув сервис компаниялари ўз ишини рисоладагидек йўлга қўйиши, одамларни рози қилиш йўлида масъулият билан ҳаракат қилиши учун вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бу ёш жамоаларга кўмакчи ва маслаҳатчи бўлади деб ишонамиз.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Тошкент аэропортида учиб келувчилар залида E-Gate тизими жорий этилди

Тошкент халқаро аэропортининг учиб келувчилар залида автоматлаштирилган паспорт назорати тизими — E-Gate ишга туширилди. Янги зона Ўзбекистон Республикаси фуқаролари...

Больше похожих статей

×