10.1 C
Узбекистан
Пятница, 14 ноября, 2025

Алиментдан қарздорликни энди давлат тўлаб берадими?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,900участниковПодписаться
- Advertisement -

Кейинги пайтларда “энди алиментдан қарздорликни давлат тўлаб бераркан”, деган гап-сўзлар қулоққа чалинадиган бўлди. Бу қанчалик тўғри? Бундай фикр ўзи қаердан келиб чиқди?

Бунга алимент тўловларини кафолатли таъминлаш бўйича жорий этилган янги тизим ҳақида аҳоли хабардорлиги етарли даражада бўлмаганлигини сабаб қилиб кўрсатсак, балки тўғри бўлар.

Оммавий ахборот воситалари вакилларини алимент тўловларини амалга оширишдаги янгиликлар билан таништириш мақсадида Самарқанд вилоят Матбуот уйида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Тўпланганларга бюронинг вилоят бошқармаси суриштирувчиси Азамат Миршаев маълумот берди. Жумладан, ҳукумат қарори билан ташкил этилган “Алимент тўловлари жамғармаси” фаолияти ва янги тартиб асосида вилоятда амалга оширилаётган ишлар устида тўхтаб ўтилди.

Таъкидланишича, 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига асосан Мажбурий ижро бюросининг “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилди. Ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 августдаги қарори қабул қилиниб, “Алимент тўловлари жамғармаси тўғрисида” низом тасдиқланган.

Ушбу ҳужжатлар билан яхши таниш  бўлмаган фуқаролар ўртасида “энди алиментдан  қарздорлик давлат томонидан тўлаб берилиши керак, лекин ижрочилар пайсалга солмоқда” қабилидаги фикрлар пайдо бўлди. Аслида, янги тизим моҳияти нималардан иборат? У қай тартибда тадбиқ этилмоқда?

Мамлакатимизда ажралишлар кўпайиб, тўлиқ бўлмаган оилалар сони ортиб бориши оқибатида алимент тўловчилар ҳам кўпайди. Президент Шавкат Мирзиёев март ойида  ўтказилган йиғилишда 290 мингдан зиёд отага фарзандлари учун алимент тўлаш юкланганлиги, шундан 172 минг нафар ота ўз фарзанди учун алимент тўламаганлиги ва жами 115 млрд сўм қарздорлик мавжудлигини танқид қилиб ўтган эди. Йиғилишдан бир неча кўн ўтгач, давлатимиз раҳбари фармони билан “Алимент тўловлари жамғармаси” ташкил этилдива жамғармага 50 млрд сўм ажратилиши белгиланганди.

А.Миршаев уқтирганидек, давлат вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган шахс ўрнига алиментни тўлаб беради. Бунга мажбурий ижро ҳаракатини амалга оширган давлат ижрочисининг алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарори асос бўлиб ҳисобланади.

Тартиб бўйича, агар қарздор огоҳлантирилганидан сўнг икки ой мобайнида алимент бўйича қарзини тўламаса, унинг иши Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига юборилади. Қарздорга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланади. Шундан кейин икки ой давомида тўламаса, унга нисбатан жиноий иш очилади.

Жиноий жавобгарликка тортилган қарздорнинг алимент бўйича қарзи “Алимент тўловлари жамғармаси” маблағларидан ундирувчига бирйўла тўланади.

“Ҳа, тўлиқ бўлмаган оилаларнинг фарзандлари ҳам йўқчилик шароитида вояга етмаслиги учун давлат мана шу ишни ўз зиммасига олди. Аммо бу қарздор зиммасидан мажбурият тўла олиб ташланганлигини билдирмайди. жамғарма ҳисобидан алимент учун қоплаб берилган маблағларни жамғармага қайтариш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда ижро ҳаракатлари амалга оширилади. Қарздор қамоқда ишласа, унинг иш ҳақи бўйича давлат ижрочиси томонидан жазони ижро этиш муассасасида талабнома юборилади”, – дейди А.Миршаев.

Маълум бўлишича, вилоят бўйича 2017-2022 йиллар ичида алимент тўлашдандан бўйин товлаб, жиноий жавобгарликка тортилган 363 нафар шахсдан 169 нафарининг ундирувчиларига 1 миллиард 551 миллион сўм маблағ ажратилиши бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган. Бугунги кунга қадар 34 нафар ундирувчига жамғарма маблағлари ҳисобидан 285,6 миллион сўм тўлаб берилган. Бу ҳақда матбуот анжумани давомида қатор аниқ мисоллар келтирилди. 

Жиноят  ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг суд ҳужжатига асосан, қарздор Т.Ф.дан ундирувчи Г.Қ. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Бироқ қарздор бир неча маротаба огоҳлантирилганлиги ва маъмурий жазога тортилганидан тўғри хулоса чиқармасдан, икки ойдан ортиқ муддат давомида алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Шу сабабли унга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман судида мазмунан кўриб чиқилган иш бўйича қарздор Т.Ф. озодликдан маҳрум этилган ва ундан ундирувчи Г.Қ. фойдасига 16 миллион 842 минг сўм миқдорда зарар ундириш тўғрисида қарор чиқарилган ва ушбу маблағ Алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан ундирувчи номига очилган банк пластик картасига кўчириб берилган.

Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судида мазмунан кўриб чиқилган иш бўйича қарздор Т.М. озодликдан маҳрум этилган ва ундан ундирувчи Н.Ҳ. фойдасига 27 миллион 742 минг сўм миқдорда зарар ундириш тўғрисида қарор чиқарилган ва ушбу миқдорда пул ундирувчи номига очилган банк пластик картасига кўчирилган.

Алимент қарздорлигини камайтириш бўйича янги тизим ишлай бошлади. Бу яхши, аммо бу борада қилинадиган ишлар ҳали жуда кўплигини Мажбурий ижро бюросидагилар ҳам англаб турганлиги олқишлашга арзийди. Матбуот охирида айтилган қуйидаги сўзлар шундай дейишимизга асос бўлди: вилоят бошқармаси ва барча шаҳар-туман бўлимлари томонидан алимент мажбуриятларини ўз вақтида бажармаган қарздорларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик масалаларини ҳал этиш, аввал жиноий жавобгарликка тортилган шахслар бўйича судлар томонидан белгиланган қарз суммаларини қоплаб бериш чоралари кўрилмоқда.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Марказий Осиёда бандлик ва фаровонлик масалалари Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида муҳокама қилинди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида Марказий Осиёда бандлик ва фаровонликнинг иқтисодий ўсиш масалалари бўйича халқаро илмий-амалий муҳокама ташкил этилди. Тошкент,...

Больше похожих статей

×