Ҳарбийлар ва суд келишолмай қолган
Марказий Осиё босиб олинган дастлабки вақтдаёқ ўлкада суд ишларини ташкил қилиш масаласида, бир томондан, Чор ҳукумати амалдорлари, иккинчи томондан, ҳарбийларнинг қарашлари ўртасида тафовут борлиги маълум бўлиб қолди. Бундай ҳолатда, табиийки Туркистон вилоятидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилган меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ташаббуси чор ҳукумати ҳарбий қўмондонлиги қўлига ўтди.
Қозини қўлга олсак, маҳаллий аҳолини бошқариш мумкин деб ўйлашган
М.Г.Черняев штабида ишлаб чиқилган “Ўрта Осиё чегара вилояти тўғрисида Низом лойиҳаси” 1865 йилнинг 6 августида Александр II томонидан “Туркистон вилоятини бошқариш ҳақидаги муваққат Низом” кўринишида тасдиқланиб, унга кўра Туркистон вилояти суд тизими икки инстанциядан иборат эди:
биринчиси, ҳарбий суд бўлиб, у ҳарбий хизматчиларга тааллуқли ишлардан ташқари фуқаролар аралашган қотиллик, ўғрилик ва талончилик билан боғлиқ барча жиноий ишларни ўз тасарруфига олган;
иккинчиси, ўтроқ аҳоли учун қозилар суди ва кўчманчи аҳоли учун бийлар суди бўлиб, улар маҳаллий аҳолини идора этувчи мустамлака маъмурияти вакилига бўйсунган. Шу тариқа чор амалдорлари дастлабки пайтда қози ва бийлар судини сақлаб қолиш орқали маҳаллий аҳоли ҳаёт тарзига кескин ўзгаришлар киритмай халқ норозиликларининг олдини олишга ҳаракат қилдилар.
Судда қоғоз-ҳужжатлар роль ўйнамаган
Марказий Осиёда шариат ва одат бўйича олиб бориладиган суд ҳаракатида жиноят бўйича қарши тарафнинг айбига иқрор бўлиши, гувоҳ кўрсатмалари ва қасам ичиш кабиларда умумий хусусият бўлган. Судда келтирилган ҳужжатлар жиноят бўйича далил-исбот деб ҳисобланмаган ва ишни ҳал қилиш учун етарли асос бўлмаган. Шариатга кўра, гувоҳ кўрсатмалари энг муҳим далил ҳисобланган. Кўчманчи халқларда гап-овозаларга таянган ҳолда гувоҳлик бериш ҳамда гуноҳлардан фориғ бўлиш учун қасам ичиш оммалашган.
Империя қасамга ишонмаган
Шариатда қасам ичишга жиддий қаралган. Маҳаллий ўтроқ аҳолининг тушунчаларига кўра, ҳаётда бир неча марта қасам ичган, бунга юзаки қараган шахс жамоадошларининг ишончини йўқотган. Қасам ичиш мусулмон кишининг жамиятдаги обрўсига путур етказган. Пок киши учун ҳақиқатни сўзлашга ваъда беришнинг ўзи кифоя қилган. Оқибатда, рус империя қонунчилиги билан белгиланган суддаги гувоҳлик қасами мусулмонлар томонидан гуноҳлардан фориғ бўлиш сифатида қабул қилингани боис қаршиликка учраган. Шунинг учун Россиядаги айрим диний оқим аъзолари учун гувоҳлик қасамидан озод этиш қоидаларини Туркистонга нисбатан ҳам жорий қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилган.
Манба: Hudud24