Главная > ЖАМОАТЧИЛИК > Хуршида Жалилованинг адолатсизликка қарши етти йиллик курашига суд нуқта қўйди

Хуршида Жалилованинг адолатсизликка қарши етти йиллик курашига суд нуқта қўйди



Хуршида Жалилованинг адолатсизликка қарши етти йиллик курашига суд нуқта қўйди

Ниҳоят Хуршида Жалилованинг етти йиллик овораю сарсонлигига чек қўйилди. У шунча вақт мобайнида ўз юртининг фуқароси бўлишга, ўзига ва икки нафар фарзандига паспорт олиш илинжида юриб-югуриб, нималарни бошидан кечирмади! Ёши ўттиздан ошган ўғиллари на ишга жойлаша олди, на уйланиш имконига эга бўлди. Чунки уччаласининг ҳам на фуқаролиги ва на асосий ҳужжати – паспорти бор эди.

Капитан унвонидаги собиқ ички ишлар органи ходими, 16 йил шу соҳада хизмат қилган, Ўзбекистон ҳудудида туғилиб ўсган, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилмаган, бунга ҳатто уринмаган шахсни бошига шунча маломат солганлар ҳеч нарса бўлмагандек, жим юраверадими? Уларнинг бундай хатти-ҳаракатини баҳолайдиган, уларга нисбатан тегишли чора кўришга асос бўладиган қонун йўқми? Бу масъулиятсизликми, ҳаракатсизлик натижасими ёки атайлаб қилинган, ғаразли мақсадни кўзлаган ҳаракатми? Бу ва шунга ўхшаган бошқа саволлар ўз жавобини кутмоқда.

Гап нима устида кетмоқда деб ҳайрон бўлманг, азиз ўқувчи. Кейинги икки йил давомида Хуршида Жалилованинг бошига тушган вазият ҳақида веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва матбуот бир неча марта чиқишлар қилди. Агар уларга кўзингиз тушмаган бўлса, Х.Жалилованинг “Фейсбук”даги саҳифасига кириб, тафсилотлар билан яқиндан танишишингиз мумкин. Бу ҳақда камина анча маълумотдан хабардор, чунки охирги икки суд мажлисида иштирок этдим. Шундай бўлса ҳам воқеани қисқача баён қилиш билан чекланаман.

Хуршида Жалилова Самарқандда туғилиб, вояга етган. У Тошкент Олий милиция мактаби курсанти Ҳабибулло Маматқуловга турмушга чиққан. Турмуш ўртоғини Ички ишлар вазирлиги 1989 йилда Қирғизистонга командировкага, яъни маълум муддат ишлашга юборади. Эътибор қаратинг: ўша пайтда Қирғизистон ҳам, Ўзбекистон ҳам бир мамлакат – собиқ Иттифоқ ҳудудида эди. Ер шарининг олтидан бирини эгаллаган давлатда бир хил паспорт мавжуд эди.

Даҳшатли Ўзган воқеалари вақтида қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи билан ўша ерда бўлган, турган уйлари ёниб кетиб, барча ҳужжатлари, жумладан паспорти ҳам кулга айланган. 1994 йилда Ҳ.Маматқулов Ўзбекистонга қайтиб, Наманган вилоят ички ишлар бошқармасига ишга киради. Кўп ўтмай у бу дунёни тарк этади. Х.Жалилова Самарқандга қайтади.

У барча ҳужжатларни тайёрлаб, тегишли текширувлардан ўтгач, Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини олади. Тарих бўйича олий маълумоти бўлишига қарамасдан, турмуш ўртоғининг ишини давом эттириш мақсадида олий юридик маълумот олади ва ички ишлар тизимига ишга жойлашади. Х.Жалилова 16 йил давомида участка инспекторидан катта терговчигача бўлган йўлни босиб ўтади. Кўплаб одамларнинг тақдири билан боғлиқ ҳужжатлар қўлидан ўтган ва масъул вазифада ишлаган ходимни фуқароликдан маҳрум қилиниши ва паспортиниг олиб қўйилиши ақлга сиғмайдиган ҳолат эмасми?

Бу воқеа 2012 йилда юз беради. Капитан Х.Жалиловага навбатдаги майор унвонини беришдан олдин унинг ҳужжатлари текширилганда, айрим мутасаддилар уни мавжуд қонунчиликни бузган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олган деган хулосага келишади. У ва унинг икки нафар ўғлининг етти йиллик сарсон бўлиб юришлари ана шу воқеа билан боғлиқ. Уни фуқароликдан маҳрум қилганлар “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасини четлаб ўтганликларини соғлом ақл билан англаш мумкин эмас. Ушбу моддада “Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахснинг чет давлат фуқаролилигига мансублиги тан олинмайди” деб ёзиб қўйилган. Негадир Х.Жалилованинг аризаю шикоятларига жавобан унинг бошқа давлат фуқароси эканлиги баҳона сифатида келтириларди.

“Ҳозиргача 2012 йилнинг 29 июнида Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғи мени фуқароликдан маҳрум қилиш, кейинчалик эса рўйхатдан чиқаришда нимага асосланганлигини тушуна олмайман”, – дейди суҳбатдошим.

Шунча қийинчиликлар, ўзига ва тақдирига бўлган лоқайдликларга қарамасдан қаҳрамонимиз қўл силтаб, “бўлгани бўлди, тақдир экан” деб адолат йўлидаги курашдан ўзини четга олмади. У доимо эзгуликка ишониб, атрофидаги яхши одамлар кўмагига таяниб яшади ва курашди.

Ниҳоят ўзи кутган кун етиб келди, адолат тантана қилди. 7 февраль куни Самарқанд вилоят маъмурий суди аппеляция инстанциясининг қарори билан Самарқанд вилоят ИИБ мансабдор шахсларининг 2012 йил 29 июнидаги Х.Жалиловага нисбатан чиқарилган хизмат текшируви хулосасидаги хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилди. Суд Самарқанд вилоят ИИБ зиммасига Х.Жалилова ва унинг икки нафар ўғлига фуқаролик паспорти бериш мажбуриятини юклади. Суд мажлиси Б.Диёров раислигида ва судьялар Р.Очилов ва С.Юсупов иштирокида бўлиб ўтди.

Х.Жалилова ҳамда унинг ўғиллари Фирдавс ва Фузулий 11 февраль куни Самарқанд шаҳар фуқаролик ва миграцияни расмийлаштириш бўлимига таклиф этилдилар ва улар биометрик паспорт олиш учун суратга тушдилар.

Х.Жалилова ижтимоий тармоқлар орқали ўзининг кўп йиллик курашида у билан ёнма-ён турган, уни қўллаб-қувватлаганларга ўз миннатдорлигини изҳор этди.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз





Вернуться назад