Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
23-05-2019 13:11 0 858 Рейтинг1 Чоп этиш

Юксалиш сари

Истиқлол йилларида эришган
ютуқларимизга таяниб, миллий
тикланишдан – миллий юксалиш
сари дадил қадам қўймоқдамиз.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Юксалиш  сари

Яқинда академик О.Салимов бошчилигидаги олимлар гуруҳи томонидан тайёрланган “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” номли китоб ( Ёшлар нашриёт уйи. Тошкент -2019) нашр этилди. Унда жамланган мамлакатимиз раҳбарининг асосан кейинги йиллардаги маъруза, нутқ ва асарларида баён этилган ғоя, фикр ва мулоҳаза, тавсия ва таклифлари, унинг имзоси билан чиққан фармон ва қарорлардан кўчирмалар уларнинг нақадар долзарб ва ҳаётийлигидан далолат беради.

Маълумки, Ш.Мирзиёев ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, уни амалга оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Китобни ўқиган киши Шавкат Миромонович ўзининг кўпгина чиқишларида биринчи навбатда ана шу Стратегиянинг мазмун-моҳиятини раҳбар кадрлар, барча шахсларга, мазкур бунёдкорлик режаларининг тақдири, уларнинг амалга оширилиши, муваффақияти ёки кўнгилдагидай бўлмаслиги, авваламбор, одамларга, яъни раҳбарларга, масъул ходимларга, ишчи-ю хизматчиларга, барча фуқароларнинг саъй-ҳаракатларига боғлиқ эканлигини яхши билади ва улар билан мамлакат пойтахтидами ёки вилоятлардами учрашиб, бевосита мулоқот қилишга, ислоҳотлар янги босқичидан кутилаётган мақсад- муддаони содда қилиб тушунтиришга, уларнинг фикр-мулоҳазалари-ю таклифларини кўриб чиқишга ҳаракат қилаётир. “Биз юртимизда янги давлат, янги жамият қуриш йўлида қандай иш қилсак,-дейди Шавкат Миромонович,- уларнинг барчасини халқимиз билан бамаслаҳат қиламиз”(Мазкур китоб, 113-бет). Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Барчамиз бир нарсани тушуниб олишимиз керак: яхши яшаш учун, энг аввало, яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этишимиз зарур. Бунга эришиш эса, фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ”, деб стратегик вазифаларни уддалаш учун аҳиллик билан меҳнат қилишга даъват этади (Мазкур китоб, 16-бет).

Мамлакатимиз раҳбари Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш билан чегараланмай ундан кутилаётган натижаларга эришиш учун қандай тактикани қўллаш, яъни воситаларидан, йўл ва иш усулларидан фойдаланиш энг яхши самара беришига ҳам ишора этмоқда. Жумладан, Ш.М.Мирзиёев “Халқимиз учун муносиб ҳаёт даражасини яратиб бериш мақсадида, энг аввало, кучли иқтисодиётни барпо этишимиз, мамлакатимизнинг халқаро майдонда ҳар томонлама рақобатбардошлигини таъминлашимиз зарурлигини таъкидлайди (Мазкур китоб, 27-бет). Шу боисдан, тўпламда Президентнинг иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, уларнинг самарадорлигини ошириш учун тадбиркорликни ривожлантириш, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этиш, замонавий технологияларни қўллаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, эркин иқтисодий зоналар ва илмий-инновацион, пахта-тўқимачилик кластерларини, маҳалларда эса миникластерларни ташкил этиш тўғрисидаги фикрлари ҳамда фармон ва қарорлари катта ўрин эгаллаган.

Чунончи, мамлакатимизда пахтачиликнинг ролини ҳисобга олиб, 2017 йил 9 декабрдаги Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбирда сўзлаган нутқида Ш.М.Мирзиёев шундай деган эди: “Пахтани етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган кластер усулига биз Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида қарамоқдамиз”(Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари, 65-б.). Кўп ўтмай, ўша йилнинг 14 декабрида чиқарилган Президент Фармонида республикамизнинг мутасадди ташкилотларига “...пахта хомашёсини етиштиришдан бошлаб, унга дастлабки ишлов бериш, маҳсулотни пахта тозалаш корхоналарида кейинги қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулоти чиқариш босқичигача бўлган ишлаб чиқаришни интеграция қилишни назарда тутувчи ривожланишнинг кластер моделини амалга ошириш”(Мазкур китоб, 63-64-б.) топширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 сентябрдаги Фармонига мувофиқ эса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари олдига Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2018 йилда ҳар бир ҳудудда 1-2 та мева-сабзовот кластери ташкил этиш ва 2019 йилдан бошлаб мева-сабзовот етиштиришга ихтисослашган барча туманларни қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг кластер шаклига жалб этиш вазифаси қўйилди.

“Бизнинг яна бир муҳим вазифамиз, - дейди Юртбошимиз,- кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашдан, бу соҳа улушини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат. Нега деганда, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади”(1-том, 147-бет).

Муҳими, Президент иқтисодий ривожланиш ҳаётимиз барча жабҳалари тараққиётининг, мамлакатимиз умумий юксалишининг асоси эканлигидан келиб чиқиб, жойларга бориб эркин иқтисодий зоналар, кичик саноат зоналари, янги корхоналар, ташкил қилинган кластерлар фаолияти, қурилиш майдончалари, янги лойиҳалар билан жойида танишиб, мунтазам ўтказилаётган видиоселектор йиғилишларида масъул кишиларнинг ҳисоботини тинглаб, ташаббусларни қўллаб-қувватламоқда, йўл қўйилган камчиликларни танқид қилиб, аҳволни ўнглаб олишни талаб қилиш билан бир қаторда, қимматли маслаҳатлар бермоқда. Бу билдирилган фикр-мулоҳазалар, қабул қилинган қарорларнинг, олдингилардан фарқли ўлароқ, қоғозда қолиб кетмаслиги кафолатидир.

Барча туб ўзгаришларнинг, шу жумладан, иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади инсон манфаати, халқимизнинг фаровонлигини ошириш эканлиги китобда келтирилган асосий фикрлардан биридир. 2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да ижтимоий соҳани янада ривожлантириш учун,- ўқиймиз Президентнинг Олий Мажлисга 2018 йилда йўллаган Мурожаатномасида,- қуйидаги вазифаларни амалга ошириш зарур. Биринчидан, аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш лозим... Халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш учун меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш тизимини шакллантириш ва аҳоли реал даромадларини оширишимиз зарур...Иккинчидан, пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарур(Мазкур китоб, 39- бет). Шу ўринда Юртбошимизнинг янги иш ўринларини ташкил этиш орқали аҳоли, шу жумладан хотин-қизларнинг, бандлигини таъминлашга оид фикр-мулоҳазалари, уларнинг жорий этилишини жойларга бориб кўраётганлиги алоҳида таҳсинга лойиқ.

Ш.М.Мирзиёев одамларни бугунги ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш масалаларига тегишлича эътибор қаратмоқда.“Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уни муносиб тураржой билан таъминлаш,-таъкидлайди у,- халқимиз фаровонлигини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлади”(Мазкур китоб, 39-бет). Бу сўзларнинг қуруқ ваъда эмаслигига бугун хаммамиз гувоҳмиз. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурларининг амалга оширилиши туфайли шаҳарларда барча қулайликларга эга юзлаб кўп қаватли уйлар қурилиб, ногиронлар, кўп болали ва эҳтиёжманд оилаларга бепул ёки имтиёзли кредитлар асосида берилмоқда, ўнлаб маҳалла ва қишлоқлар янгидан бунёд этилмоқда, янги корхоналар ташкил қилиниб, минглаб иш ўринлари яратилмоқда. Айни пайтда, давлатимиз раҳбари қишлоқ жойларида мавжуд бўлган томорқаларга ҳокимият маҳаллий идоралари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролар эътиборини қаратди. Зеро, томорқа, биринчидан, ишсизлар учун тайёр иш ўрни бўлса, иккинчидан, қишлоқда яшовчи оилалар учун қўшимча даромад манбаидир, учинчидан, шаҳарликларни мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотлари билан таъминловчи омилдир. Шу сабабдан мамлакатимиз раҳбарияти томорқаларни тартибга солиш ва ривожлантириш учун тегишли шарт-шароитларни яратиб, шу ҳақдаги қарорлар ижросини таъминлаш чора-тадбирларини кўрмоқда.

Президентимиз ўз нутқлари ва асарларида маънавият, маданият, таълим-тарбия масалаларига алоҳида эътибор беради. Бу мавзу мазкур китобда ҳам ўз аксини топганлиги табиийдир. Чунончи, унда қуйидаги пурмаъно сўзлар бор: “Таълим ва тарбия, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спортни ривожлантириш масалалари, ёшларимизнинг чуқур билимга эга бўлиши, чет тилларни ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини пухта эгаллашини таъминлаш доимий устувор вазифамиз бўлиб қолади (Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. -- Тошкент: “Ўзбекистон”, 2017, 1-том, 44-бет).

Шавкат Миромонович ёшларни юксак маънавиятли, миллий ва умуминсоний қадриятлар, бой тарихимиз ва маданиятимиз руҳида тарбиялашни болаликдан бошлаш кераклигини алоҳида уқтиради: “Албатта, компьютер, планшет – яхши. Невараларимиз, болаларимизга одамнинг ҳаваси келади. Бу нарсалар – замон талаби ҳозир,-дейди Президент. Лекин маданият ёшликдан, инсонни болалар боғчасида, мактабда китоб ўқишга ўргатишдан бошланади (Ш. Мирзиёев. Юқоридаги китоб,1-том, 86-бет).
Муносиб ворисларни вояга етказиш, фарзандларни замон талабларига жавоб берадиган зукко, изланувчан, ташаббускор, иймон-эътиқодли бунёдкорлар этиб етиштириш масалалари китобнинг нафақат “Ёшлар тарбияси” деб номланган бобида, балки қатор бошқа бобларидан (“Таълим ва тарбия”, “Ватанпарварлик” ва б.) ҳам жой олган.

Ёш авлодни тарбиялашда кекса авлоднинг ибрати, боболар ва момоларнинг ҳаёт йўли, жанггоҳлардаги жасорати ва меҳнат қаҳрамонлигининг аҳамияти беқиёсдир. “Шу борада бир фикрга алоҳида урғу бериб таъкидламоқчиман,-дейди Шавкат Миромонович,- ёши улуғ инсонлар, катта авлод вакилларига эътибор ва амалий ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг пенсияларини ошириш, тиббий хизмат ва ижтимоий-маиший таъминотини яхшилаш бундан кейин ҳам Президент учун, ҳукуматимиз ва барча ҳокимликлар учун энг муҳим устувор вазифалардан бири бўлиб қолади (Мазкур китоб, 94-бет). Президентнинг нуронийлар тўғрисидаги ушбу ва қатор бошқа фикр ҳамда тавсиялари тўпламнинг “Нуронийлар” деб аталган бобида келтирилган.

Таъкидлаш жоизки, Ш.М.Мирзиёев кексалар ва фахрийлар масалаларига ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор бериб, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларга бош-қош бўлмоқда. Пенсия ва нафақалар оширилмоқда, ишловчи пенсионерлар иш ҳақи ва пенсияларини тўла миқдорда олмоқдалар, уларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар ва уй-жой шароитлари яхшиланмоқда. Президентнинг 2016 йил 28 декабрдаги 4906 сонли Фармони туфайли мамлакатимиз фахрийларини бирлаштирувчи “Нуроний” жамғармасининг мақоми ва мавқеи юксалиб, дуогўй отахону онахонларнинг ислоҳотлар жараёнларида иштироки кенгайди. Хусусан Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига ҳурмат ва эътибор йилдан йилга кучаймоқда.

Президентимизнинг мазкур китобга киритилган фикр-мулоҳаза, ғоя ва кўрсатмалари шуниси билан ҳам қадрлики, уларнинг бир қисми ҳозирнинг ўзида амалга оширилган бўлса, қолганларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Китоб юксалиш сари одимлаётган мамлакатимиз, халқимиз учун бамисоли компас десак, муболаға бўлмас.
Хулласи калом, “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” номли тўпламнинг барча боблари ва уларнинг мазмунини санаб ўтирмасдан айтиш жоизки, унинг Ўзбекистон ҳукуматининг ички ва ташқи сиёсатини тарғиб қилувчилар учун ҳам, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши жараёнларида бевосита иштирок этаётган раҳбар кадрлар ва мутахассислар, тадбиркор ва бизнесменлар, мамлакатимиз тараққиёти ҳозирги янги босқичи хусусиятларини ўрганувчилар учун ҳам ушбу китоб ўта муҳим ва фойдали қўлланмадир.

Шу боисдан, китобнинг келаси нашрларини амалга оширганда унга давлатимиз раҳбарининг кейинги фикр ва кўрсатмаларини ҳам киритиш, унинг барча кутубхоналарда бўлиши учун ададини кўпайтириш, шунингдек республикамизнинг кўп миллатли эканлигини ҳамда чет элларда ҳам юртимиздаги ўзгаришларга қизиқиш катталигини ҳисобга олиб, уни рус тилида ҳам чоп этиш жоиздир.
Собир Қурбонов, тарих фанлари номзоди, доцент
Носир Тоиров, меҳнат фахрийси, журналист
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
сколько будет три плюс три (ответ цифрой)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Шавкат Мирзиёев МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари раҳбарларини қабул қилди

Жерар Депардье: “Ўзбекистон тарихий лаҳзаларни бошдан кечирмоқда

Афғон расмийлари Тожикистонга ИШИДчилар Афғонистондан ўтмаганини маълум қилди

Тошкент вилоятида 39 йўловчиси бор автобуслар тўқнашиб кетди, қурбонлар бор

expo
Боглиш маколалар