Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
29-03-2019 12:34 0 1226 Рейтинг2 Чоп этиш

Йиғлаётган АЁЛ

Аёл йиғласа, дунё титрайди,
арши аъло ларзага келади,
дейилмиш муқаддас китобларда

Йиғлаётган АЁЛ

Бу — чин гап, айни ҳақиқат. Исбот, изоҳ сўрамайдиган ҳақиқат. Ўзимиздан қиёс, бир аёл йиғлаб турганини кўрган чоғимиз юрагимиз озор чекади. Бизга етти ёт бегона бўлса-да, унга ачинамиз, дардини билгимиз, ёрдам бергимиз келади. Бунинг сабабини тушунтириш осон эмас, ҳар кимнинг ўзи билади, ҳис этади.

Ўйлаб-ўйлаб кўрсак, хаёлларга ботиб-ботиб фикрласак, англаймиз: Аёл — энг аввало она, сизни, бизни, дунёга келтирган муқаддас зот. Шоҳмизми, гадомизми, дунё таниган олиммизми, оддий деҳқонмизми, ҳар биримиз онамиз қорнида яралганмиз, онамиз тану жонидан озуқа олиб, жонланганмиз, пайдо бўлганмиз. Ёруғ оламга келганимиздан сўнг онамиз кўксидан оқ сут бериб, бизни оёққа турғазган.
Аслида, онамиз сут билан бирга, ўз жонидан узиб-узиб бизга берди, жону жаҳонини бағишлади. Шунданми, бошимизга савдо тушса, биринчи бўлиб онамизни эслаймиз, онам билмасин, юраги кўтаролмайди, деймиз. Жонимиз оғриса, «онажон», деймиз. Дунёдаги энг ширин нон онам ёпган нон, деймиз. Энг ширин таом онам тайёрлаган таом, деймиз. Ҳар биримизга ўз онамиз азиз, мўътабар, муқаддас.

Ҳаммамиз учун она улуғ, илоҳий зот.

Шунинг учун ҳам инсон борки, оналар, аёллар ҳақида энг ширин сўзни, энг азиз, энг олий сўзни айтгиси келади, оналарни ҳаммадан ўтказиб таърифлагиси, ардоқлагиси, эъзозлагиси келади. Аёллар — оналар ҳақида айтилган гаплар китоб қилинса, ёзилган китоблар жамланиб, тахланса, кўкка етгандан етиб, булутлардан ошиб, эҳтимол ойдан ҳам ўтиб кетиши мумкин. Аммо ҳамон оналар ҳақида сўз ахтарамиз, оналар ҳақида энг улуғ гапни айтишни ўйлаймиз, аёлларга, оналарга муносиб сўзни ҳали-ҳануз топа олмаганимиз, айта олмаганимизни ҳис этамиз. Дунё донишмандлари аёлни Яратганнинг мўъжизаси, деб таърифлайди. Оиланинг қуёши, деб улуғлайди. Аёлни миллатнинг онаси, деб кўкларга кўтаради... Келажак — оналар қўлида, деб огоҳлантиради...

Энди ҳар қанча нохуш бўлса-да, аччиқ бўлса-да, уят бўлса-да, тасаввур қилинг: бизни ёруғ дунёга келтирган, оқ сут берган она, гулга қиёсланган, гулдай гўзал, нозик, нафис аёл озодликдан маҳрум этилиб, қўлига кишан солиниб, қамоққа ташланса!.. Аёл — Она қамоқда сақланса!..
Бу сўзларни айтадиган тил узилиб кетгудек бўлади, кесилиб кетгудек бўлади. Бу сўзларни эшитиб, қалбинг азоб-изтиробга тўлади...
Қамоқдаги аёл, маҳкумликдаги аёл, оиласидан, жамиятдан ажратилган аёл, боши эгик аёл, ёрдам сўраб, нажот кутиб ётган аёл... йиғлаётган аёл...
Улар сиздан кўзини олиб қочади, ерга қарайди, ўзини айбдор билади. Адашганидан, жиноятга қўл урганидан пушаймон, минг пушаймон... Оиласи, фарзандлари олдида ўзини гуноҳкор ҳисоблайди, тиз чўкиб, улардан кечирим сўрашга тайёрлигини айтади.
Адашган, ўйламай қадам босган аёллар, жиноятга қўл урган аёллар. Уларнинг юз-кўзларида ғам-алам муҳрланиб қолган, илтижо муҳрланиб қолган. Кўзларидан дув-дув ёш қуйилади...

Наврўз байрамидан икки кун олдин Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-жазони ўташ колонияси мажлислар зали маҳкума аёллар билан лиқ тўлди. Қанийди шу зал тўлмаса, қанийди бўм-бўш бўлиб қолса... Қанийди, ушбу муассасанинг ўзи ҳам ёпилиб кетса, таг-томири билан йўқ бўлиб кетса... Эҳтимол, қайсидир бир давлатда бундай қамоқхоналар керакдир. Аммо бизда, жаннат оналар оёғи остидадир, Аёл — мўъжиза, Аёл муқаддас саналган юртда, оналар қадим-қадимдан улуғланиб, энг олий зот, дея эъзозланиб, келинган халқда бундай муассаса бўлиши уят, даҳшат!..
Бироқ қонун талабини бажармаслик ҳам мумкин эмас, ким бўлишидан қатъи назар, қонун барчага баробар, жиноятга жазо муқаррар, дейилади. Бошқа бир савол кишини қийнайди, юракка ханжардек санчилади: Ўзининг аёллигини, оналигини, муқаддаслигини, дилбарлигини, зеболигини асраши, ҳимоя қилиши керак бўлган бу улуғ зот нега жиноятга қўл урди? Ўз шаънини, оиласини, фарзандларини нега ўйламади?.. Онаси қамоқда ётган боланинг, хоҳ қиз, хоҳ ўғил бўлсин, егани танига сингадими? Ҳар оқшом онасини ўйлаб ётган бу болалар кўз ёшидан ёстиқлар ҳўл бўлиб кетади-ку... Ўксиниб, елкасини қисиб, гоҳ тўқ, гоҳ оч вояга етаётган болалар тақдири нима бўлади?..

Бу аёллар қандай жиноятларни содир этишганки, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилинган? Қай бири гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиб, иккинчи, учинчи марта судланган, бошқаси қотилликда айбланган, фирибгарликни касб қилиб олганлари ҳам бор экан...
Бугун бу ерда Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суди мажлиси ўтади. Бунинг сабаби шундаки, жорий йил 14 март куни Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоров ва Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г. Маруфова бу муассасада бўлиб, жазони ўтаётган маҳкума аёллар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларнинг дардларини тинглаб, 15 нафарининг аризалари қабул қилинганди. Ушбу аризалар қисқа фурсатда ўрганиб чиқилди ва бугун Олий Суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судининг сайёр мажлиси ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари ХолмўминЁдгоров очиқ сайёр суд мажлисини бошлашдан олдин маҳкумаларни Наврўз байрами билан табриклади, Президентимиз томонидан инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлаш, айниқса, хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар ҳақида тўхталди. Сўнгра Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати мажлиси бошланди. Шуни алоҳида айтиш керакки, бу ерда ўта оғир жиноят содир этган, икки-уч марта судланганлар сақланади. Уларга қанча муддат жазо берилган бўлса, охирги кунигача ўтириши керак. Шу пайтгача шундай бўлган, жазо «қўнғироқдан қўнғироққача» ўталган, яъни, «от звонка до звонка», деган қатъий қоида бўлган. Шу боис, улар нега ва нимага асосан озод этилаётгани билан қизиқдим.

— Аввало, замон ўзгарди, инсон тақдирига муносабат ўзгарди, — деди Холмўмин Ёдгоров. — Қолаверса, қилган ишидан юрак-юракдан пушаймон бўлиб, тавба-тазарру қилган, содир этган жиноятининг ижтимоий хавфи, салбий оқибатларини тушуниб етганлиги, жазони ўташ пайтида бир неча бор рағбатлантирилгани, жазонинг асосий қисмини ўтаб бўлгани, соғлиғи оғирлашгани, ёши 60 дан ошгани, оиласи, фарзандлари борлиги каби жиҳатлар ҳисобга олиниб, аризалар кўриб чиқилди. Лозим топилганлар жазодан муддатидан олдин озод этилади.

Суд жараёни бошланди, залга оғир, ҳаяжонли сукунат чўкди. Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров маҳкума Марипатхон Нишонова (1954 йилда туғилган) Жиноят кодексининг қайси моддалари билан жазога ҳукм қилинганини ўқиб эшиттиради. Унинг аризаси мазмуни билан суд ҳайъатини таништиради. Масала муҳокама қилинади. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г. Маруфова маҳкумани озод этилиши, уни бундан-буёнги тақдирига хотин-қизлар қўмитаси кафолат беришини билдирди. Адвокат ва прокурор суд қарорини ўзгартириб, М.Нишонованинг аризасини қаноатлантириш фикрини билдирди. Судланувчига охирги сўз берилди. У қилган жинояти оқибатини яхши англаб, хулоса чиқариб олгани, чин дилдан пушаймонлиги, тўрт нафар фарзанди борлигини, бундан буён ҳалол яшаб, меҳнат қилиб, фарзандлари тарбияси билан шуғулланишини йиғлай-йиғлай гапирди.

Суд ажрими ўқиб эшиттирилди:

...Жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман судининг 2009 йил 26 майдаги ҳукми ҳамда жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2009 йил 7 июлдаги ажримининг Нишонова Марипатхонга оид қисми ўзгартирилсин. М.Нишоновага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан тайинланган 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 10 (ЎН) йил 1 (БИР) ой 10 (ЎН) кун озодликдан маҳрум қилиш жазосига келтирилсин. М. Нишонова тайинланган жазо муддатини ўтаб бўлган, деб ҳисоблансин ва дарҳол жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинсин!..
Залда гулдурос қарсаклар билан йиғи овозлари қўшилиб кетди...

Шу зайлда ўша куни 5 нафар аёл қамоқдан озод этилди. Улар орасида 12 ёки 14 йилга озодликдан маҳрум этилганлари ҳам бор эди. Мана, ниҳоят, 10-12 йиллик тутқинликдан сўнг улар бу йилги Наврўз байрамини оиласи даврасида кутиб оладиган бўлишди.
Шу куни жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди томонидан 5 нафар аёл ҳам жазони ижро этиш муассасасидан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Шунингдек, ахлоқ тузатиш иши жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш ҳақидаги қарорлар бекор қилиниб, 2 нафар аёл ўз оиласи бағрига қайтарилди. Шу куни манзил — колонияда жазо ўтаётган 5 нафар аёл ва 7 нафар эркак, жазодан озод қилинди. Демак, 17 нафар аёл ва 7 нафар эркак жами 24 нафар жазони ўтаётган инсон Наврўз байрами арафасида оиласига қайтарилди.
Бир аёл суд мажлиси пайтида боши эгик ҳолича ўтирди. Ҳеч кимга, суд ҳайъатига ҳам қарамасди. Озодликка чиққанлар қаторида унинг номи ҳам айтилганда ҳўнграб йиғлаб юборди. Суд жараёнидан сўнг ундан нима учун қамалганини сўрадим.

— Эрим йўқ, уч нафар болам бор. Ўғлим оғир касал бўлиб қолди. Узоқ даволашга тўғри келди. Дори-дармонга пулим етмади. Қарзга ботдим. Сўнгра уйимга одам қўядиган бўлдим... Демак, у одам савдоси билан шуғулланган. Энг оғир ва уятли жиноят...
Бу аёлларнинг бирортасини қилган жинояти учун оқлаш фикридан йироқмиз. Улардан кимдир калта ўйлаган, бошқаси кимнингдир таъсирига тушган, яна бири осон йўл билан кўпроқ пул топишни ўйлаган. Кимнингдир дунёқараши тор, кимдадир маънавият кемтик, кимдадир ирода бўш...

Иқтисодий қийинчилик оқибатида жиноятга қўл урдим, дейиш маъқул гап эмас. Ночорликдан жиноят содир этган киши ўзини ўн карра, юз карра оғир аҳволга солиб қўяди. Бу аччиқ ҳақиқатни маҳкума аёллар тақдири мисолида кўриб турибмиз. Бу қалин деворлар, тиканли симлар билан ўралган, тошдек қотган соқчилар қўриқлайдиган муассасадан тезроқ чиқиб, узоқлашгинг келади. 17 нафар аёл қамоқдан озод этилганидан бироз бўлса-да енгил тортасан киши. Аммо юзлаб аёлларнинг кўзида ёш билан боши эгик ўтирган ҳолати кўз ўнгимдан кетмайди. Улар бошини кўтаролмай, гуноҳкормиз, кечиринглар, демоқда... Биз озодликда юрганлар ҳам негадир уларнинг кўзига бемалол қарай олмаётгандекмиз, ўзимизда қандайдир безовталик сезамиз, қандайдир бир туйғу улар кўзига тик қарашга йўл бермаётгандек туюлади, элас-элас бўлса-да улар олдида биз ҳам ўзимизни гуноҳкор сезаяпмиз. Ота-она, қўни-қўшни, қариндош-уруғ сифатида, маҳалла оқсоқоли, фаоли, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раҳбари, ҳоким сифатида айбдормиз, сиёсий партия вакили, депутат сифатида айбдормиз. Қамоқхоналардаги бу аёллар бизнинг ишимиздаги хатоларимиз, жамиятимизнинг азоблари, фожиалари... Бепарволигимиз, лоқайдлигимиз оқибати булар. Одамлар арз-доди, кўз ёшларига бағритошлигимизнинг жавоблари булар. Кўпдан-кўп давлат ва нодавлат, жамоат ташкилотларининг таъсирсиз, самарасиз иш услубининг аччиқ мевалари булар.

Биз қоғозларда ҳисоботларни ошириб-тошириб ёзишга, гулдурос қарсаклар чалишга мойилмиз. Ёлғон ҳисоботларга, ёлғон чапакларга кетган вақтни, кучни битта кичкина амалий ишга сарфласак, фойда эмасми? Гулдурос қарсаклар билан нимагадир эришганда, совет ҳукумати эришган бўларди. Қайтага йиллар давомида залларни титратган қарсаклар бу қудратли давлатни йиқитди...

Маҳкума аёлларни ўйлаб, хаёлга бир фикр келади: агар бундан икки-уч йил олдин Президент виртуал қабулхонаси очилмаганда, жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилмаганда, одамлар давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари одамларга хизмат қилиши керак, деган ғоя илгари сурилмаганда, йил ўн икки ой пойтахтдан нарига чиқишни хушламайдиган давлат идоралари раҳбарлари, депутатлар узоқ-узоқ туманларга, қишлоқларга сафарбар этилмаганда, одамларнинг катта-кичик муаммолари жойида ҳал этилмаганда, нима бўларди?..

Муаммолар устига муаммолар қўшиларди, одамлар ташвиши ортарди, йиғлаётган аёллар кўпаярди. Аёллар йиғлаётган бўлса, эркаклар бошини баланд кўтариб юришга ҳаққи йўқ. Аёллари йиғлаётган жамиятнинг эса сукут сақлашга ҳаққи йўқ. Йиғлаётган биргина аёл ҳам жамиятни бедор қилиши, ўйлантириши, оғриқли саволларга жавоб излашга мажбур қилиши керак.
Аёллар қамоқхонасидан қайтаётиб, ана шундай аччиқ гаплар хаёлдан ўтди...
Сафар ОСТОНОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
сколько будет три плюс три (ответ цифрой)
Жавоб:*