Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Аччиқ қалампирнинг аччиқ ҳақиқатлари… Ёки ўзи йўқ қалампирни бор аччиғи?..
06-03-2019 14:10 0 3991 Рейтинг1 Чоп этиш

Аччиқ қалампирнинг аччиқ ҳақиқатлари… Ёки ўзи йўқ қалампирни бор аччиғи?..

Аччиқ қалампирнинг аччиқ ҳақиқатлари… Ёки ўзи йўқ қалампирни бор аччиғи?..

Ўзбекистон овози газетасининг 26 февраль сонида эълон қилинган мақола

Таҳририятимизга жуссаси ихчамгина, юпингина кийинган, ёши элликлар нари-берисидаги бир аёл кириб келди. У Қашқадарё вилояти, Касби тумани Месит қишлоғидан экан.

Шунча узоқ йўл босиб, пойтахтимизга келишга уни нима мажбур қилдийкин?


— Ўтган йили қишлоқда аччиқ қалампир сердаромад соҳа экан, пахта яхши ўсмайдиган ерларга аччиқ қалампир экиларкан, юқоридан топшириқ бўлибди деган гап-сўзлар тарқалди, — дейди «Нарзуллаев Жалолиддин Элмурод ўғли» фермер хўжалиги раҳбари Саодат Эшмадатова. — Лекин бу қалампир бошимизга бало бўлади, деб ўйламаган эдим. Ўша куни рўзғор ташвиши билан бошқа туманга кетгандим. Уйда ўғлим Элмурод бўлган. Эндигина кеч тушган вақтда маҳалла раиси билан маҳалланинг профилактика инспектори уйимизга келиб, ҳокимиятда туман прокурори йиғилиш ўтказаркан, тезликда етиб бориш керак, деб ўғлимни ҳокимиятга олиб кетишади. Уларга аччиқ қалампир экишга топшириқ берилгани бунинг учун «Brand Investment Group Agro» МЧЖ билан шартнома тузиш кераклиги айтилади.

Ўғлим фермер хўжалигининг муҳри ҳозир ёнида йўқлигини, қолаверса, фермер хўжалик онасининг номида эканлигини прокурорга тушунтиришга уринганда, прокурор ярим соат ичида қаердан бўлмасин, муҳрни топиб келиб, шартномани имзоламаса, «1,5 гектар боғингни бульдозер билан буздириб, текислаттириб ташлайман», деб пўписа қилади. Бу гаплардан қўрқиб кетган ўғлим уйга қайтиб келиб, хўжаликнинг муҳрини олиб бориб, шартнома ва бошқа бир қанча кредит олиш учун зарур бўлган ҳужжатларга имзо ва муҳрни босиб беради.

Бўлган воқеаларни ўғлимдан эшитиб, юқорининг топшириғи бўлса, аччиқ қалампир кўчатларини етказиб беришса, уни экиб яхши ҳосил олиб, банк кредитини ҳам қайтарамиз, оиламизга ҳам даромад келади деган, хомхаёл қилибмиз...

Орадан вақт ўтаверди, аччиқ қалампир кўчатларидан дарак бўлмади. Шунда «Агробанк» АТБ Касби филиалидан аччиқ қалампир уруғини ваъда қилган МЧЖнинг масъул ходими телефон рақамини олиб, унга қўнғироқ қилдим. Ўзини Умид деб таништирган йигит яқин орада кўчатни етказиб берамиз, деди. Баҳор ойи тугаб, яъни аччиқ қалампирни экиш вақти ўтиб борса ҳамки, қалампир кўчатларидан дарак бўлмади. Умид дегани гоҳо телефонини ўчириб қўяди. Гоҳида умуман кўтармайди. Шу аҳволда аччиқ қалампир экиш вақти ўтиб кетди, МЧЖ ходимларидан дарак бўлмади...

МЧЖнинг Қашқадарё вилояти бўйича масъул ходими Умидни охирги марта ахтарганимда унинг ўрнида Сардор деган йигит ишлаётганини билдим. Унга фермер хўжалигимизнинг ҳисоб рақамидан банк кредити эвазига 8 миллион 350 минг сўм 20 фоизлик устамаси билан чиқиб кетганлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. У «мен ҳосилни йиғиб олишга масъулман, кўчат етказиб беришга масъул бўлган Умид ишдан бўшаб кетган», деди. Банкдан олинган кредит нима бўлади, десам, «хавотир олманг, МЧЖ ҳаммасини тўлаб беради», деди. Мана, ҳалигача МЧЖ тўлаб беришини кутиб ўтирибмиз. Банк эса олинган кредитни қачон қайтарасиз, деб ҳоли-жонимизга қўймаётир. Мурожаат қилмаган идорам қолмади. Улардан ҳеч қандай нажот йўқ. Қисқача қилиб айтганда — пул ҳам йўқ, қалампир кўчатлари ҳам йўқ, Умид деган йигит ҳам йўқ. Бизнинг дардимизни тинглайдиган идора ҳам йўқ... Ҳа, ёдимдан кўтарилай дебди. Кўплаб идораларга ёзган шикоятимдан биттасига жавоб келганди. Ҳали жавоб хатини ўқимасдан туриб қувончим ичимга сиғмасдан, шикоятимизни тинглайдиган идора бор экан, деб хурсандчиликдан кўзимга ёш келди...

Жавоб хатини ўқиб кўрсам, унда судга мурожаат қилинг, дейилган экан. Устимдан бир челак муздек сув қуйилгандек бўлди...
Энди деҳқончилик қилиш ўрнига «товламачи»лардан пул ундириш учун судма-суд юрадиган бўлсам, оиламнинг иқтисодий аҳволи нима бўлади?.. Ким бизни алдади, ким бизни шу кўйга солди? Нега энди биз азоб тортишимиз керак? Бизни ҳимоя қилиши керак бўлган идоралар қани? Президентимиз давлатга фойдаси тегаётган фермерларга кўмак беринглар, деб айтаётган вақтда давлат идоралари раҳбарлари нега бизга эътибор бермайди?

Ҳайрон қолиб, бу аёлнинг гапига ишониб-ишонмай Қашқадарё вилояти, Касби туманига йўл олдик. Бошқа фермерлар билан ҳам суҳбатлашдик.

— Ўтган йили баҳор ойлари эди, — дейди «Воҳа зарчашмаси» фермер хўжалиги раҳбари Даврон Раҳимов. — Туман ҳокимлигига чақиришди ва туман ветеринария лабораториясининг бошлиғи Ғолиб Асланов йиғилишда иштирок этаётган фермерларга аччиқ қалампир экиш кераклигини айтди. Шундан сўнг банкка бордик, энг қизиғи, у ерга борганимизда кредит шартномасини расмийлаштириш учун ҳамма нарса тайёр қилиб қўйилган экан. Одатда бирон ишни режалаштириб, маблағимиз етарли бўлмаса, банкдан кредит олиш ниятида мурожаат қилганимизда гоҳ у маълумот кам, гоҳо бу идорадан маълумот олиб келиш кераклигини айтиб, камида беш-олти кун овора қилишар эди. Бу сафар банк томонидан олдиндан тайёрлаб қўйилган ҳужжатларнинг барчасига имзо қўйиб, муҳр босиб бердик, холос. Хўжалигимизга 8 миллион 350 минг сўм миқдорида кредит расмийлаштирилди, кредитнинг қайтариш муддати 12 ой бўлиб, 20 фоиз устамаси белгиланди.

Орадан бир ой, бир ярим ой ўтса-да, аччиқ қалампир кўчатларидан дарак бўлмади. Тегишли идоралар ҳамда «Агробанк» АТБ Касби филиалига мурожаат қилдим. Банк ходимлари бизга аччиқ қалампир кўчатларини етказиб беришга масъул бўлган МЧЖ ходимининг телефон рақамини берди. Энг қизиғи, биз пул кўчирган «Brand Investment Group Agro» МЧЖнинг ходимларини топиш қийин бўлди. Унинг Қашқадарё вилояти бўйича ходими Умиднинг телефонини зўрға топиб, қалампир кўчатларини сўрасам, яқинда олиб бораман, дейишдан нарига ўтмасди. Ўзи билан учрашишни таклиф қилиб, телефон қилсам, доимо қаердадир иш билан юрган ё бўлмаса телефони ўчирилган бўларди. Бир қўнғироқ қилсам, Тошкентдаман, яна бирида водийдаман ёки Қорақалпоғистондаман дейдиган бўлди. Шу тариқа аччиқ қалампир экиладиган вақтни ҳам ўтказиб юборди.

Энг алам қиладиган жиҳати банк ходими телефон қилиб, сизнинг фермер хўжалигингизга аччиқ қалампир учун кредит расмийлаштирилган, уни вақтида қайтариш керак, деб қолди. Ҳамма воқеа шундан сўнг бошланди. Мен банкка қалампир кўчатларини олмадим, экмадим десам, банкнинг масъул ходими «ака, банкнинг пули — бу давлатнинг пули, шартномада кўрсатилган вақтда қайтармасангиз, ғалла ва пахта ҳосилидан олган даромадингиздан банкнинг ўзи кредитингизни 20 фоизлик устамаси билан ушлаб қолади», деб жавоб берди.

Шундан сўнг дардимизни айтиб ҳокимият ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Касби туман бўлимига мурожаат қила бошладик. Мени бир савол қийнайди.

Фермернинг ҳам оиласи, фарзандлари, қолаверса, фермер хўжалигида ишчилари бор. Уларнинг ҳам оиласи бор... Нега буни ўйлашмайди?

— Даврон аканинг ғалла ва пахта ҳосилидан олган даромадидан банк ушлаб қоларкан, — дейди «Шахриёров Эралижон Шавкатович» фермер хўжалиги раҳбари Шерали Шодиёров. — Биз-чи, кредитни қандай қайтарамиз, 1,5 гектар еримиз бор, холос. Ўша куни, ҳеч эсимдан чиқмайди, ярим тунда, аниқроғи, соат 24:00 дан ошганди. Ҳоким ўринбосари Қурбон Сариқов ҳамда туман ички ишлар бўлими бошлиғи Абдулла Саидовлар йиғилишга чақиришди. Борсам, аччиқ қалампир экиш лозимлигини айтишди ва «Brand Investment Group Agro» МЧЖ билан шартнома қилиб, пул кўчириб беришимизни айтишди. Йиғилиш тунги 02:30 ларда тугади. Шундан сўнг қўлимга шартномани беришди ва мен унга имзо қўйиб, муҳр босиб бердим. Тўғрисини айтсам, куни билан далада ишлаб чарчагандим, бошим карахт эди, индамай топшириқни бажарибман. Лекин хўжалигимда 1,5 гектар ер бор, ҳаммасига сабзавот экинларини экиб қўйган бўлсам, қалампирни қаерга экаман, деб ҳокимликнинг масъул ходимидан сўрадим. У «ишингиз бўлмасин, бу юқорининг топшириғи, сизга қалампир экишга ер ҳам топиб беришади», деб жавоб қилди.

Орадан икки ой ўтгандан сўнг «Агробанк» АТБ Касби филиалига иш билан борганимда банк ходими аччиқ қалампир кўчатлари учун менинг номимга жами 8 миллион 350 минг сўм 20 фоизлик устамаси билан 12 ойга кредит чиқиб кетганлигини ёдимга солди. Шундан сўнг суриштириб кўрсам, менга ўхшаб емаган сомсага пул тўлаши талаб қилинаётган фермерлар анчагина экан. Уларнинг мурожаат қилмаган идораси қолмабди...

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, изғирин совуқда, жазирама иссиқда далада ҳалол меҳнат қилиб, топган даромадимни «қаллоб» тадбиркорга қўш-қўллаб топшириш одамга алам қиларкан. Бунақа МЧЖларни текширадиган бирон идора бормикин?..

Суҳбатимиз якунига етганидан сўнг «Нарзуллаев Жалолиддин Элмурод ўғли» фермер хўжалиги раҳбари Саодат Эшмадатованинг шикоятини ўрганиб чиқиб, жавоб ёзган идорага, яъни Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Касби туман бўлимига бордик.

Нима мақсадда келганимизни айтганимиздан сўнг ушбу инспекциянинг бўлим бошлиғи, 1-даражали юрист Шохруҳ Қудратов гапини қисқа қилди. Тўғри, фуқаро Саодат Эшмадатова бизга шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Биз уни ўрганиб чиқиб, жавоб хатини юборганмиз. Мана нусхаси, танишиб чиқишингиз мумкин, деди-да «ҳокимиятда йиғилишим бор эди, етиб бормасам бўлмайди», деб биз билан хайрлашди. Жавоб хатини бироз қисқартирилган ҳолда келтирамиз: «Сизнинг Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Касби туман бўлимига қилган мурожаатингиз юзасидан қуйидагилар маълум қилинади. Аниқланишича, Сиз 2018 йил 4 май куни «Агробанк» АТБ Касби филиали бошқарувчиси У.Юнусовга ариза билан мурожаат қилиб, аччиқ қалампир етиштиришни ташкил қилиш учун ўз маблағингиз етишмаётганлигини ҳамда аччиқ қалампир етиштиришни ташкил қилиш учун банкнинг маблағлари ҳисобидан 20 фоизлик устама билан 8 350 000 сўм миқдорида қисқа муддатли кредит ажратишни сўрагансиз. Сизнинг аризангизга асосан «Агробанк» АТБ Касби филиали томонидан кредит комиссиясининг йиғилиши қарорига асосан Сизга 8 350 000 сўм миқдорида кредит ажратилган ва мазкур кредитнинг қайтарилиш муддати 12 ойлик 20 фоизлик, имтиёзли даври 6 ой муддатга, яъни 2019 йил 30 апрелгача қайтарилиш жадвалига асосан кредит маблағи ажратилган.

Шунингдек, Сиз раҳбарлик қилиб келаётган «Нарзуллаев Жалолиддин Элмурод ўғли» фермер хўжалиги ва «Brand Investment Group Agro» МЧЖ ўртасида уч томонлама контрактация шартномаси тузилган...Шу сабабли, Сизга келгусида мазкур масала юзасидан асослантирилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда тегишли иқтисодий судларга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз борлиги ҳамда мазкур жавоб хатидан норози бўлган тақдирингизда юқори турувчи органларга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз борлиги тушунтирилади.
Бўлим бошлиғи 1-даражали юрист Ш.Ш.Қудратов.»

Тўғри, бундай масалалар иқтисодий судда ҳал бўлади. Аммо фермерлар ўз ташаббуси билан бу ишни бошлашмади-ку. Уларни даъват этишди, ихтиёрий-мажбурий ҳолатда, уйидан чақиртириб олиб, шартнома туздиришди... Назаримизда, фермерлар аризаларига совуққонлик билан қаралаётганга ўхшайди.

Инспекциядан чиқиб, туман ҳокимлигига йўл олдик. Туман ҳокими вилоят ҳокимлигига йиғилишга кетган экан. Ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаётганига эндигина тўрт ой бўлган Бекзод Қурбонов билан суҳбатлашдик.

— Сиз айтаётган аччиқ қалампир кўчатларини етказиб берилмаганлиги борасида туман фермерларидан ҳеч қандай мурожаат бўлгани йўқ. Агарда бизга мурожаат қилишганида бу масалани жойида ўрганиб, ҳал қилиб берган бўлардик. Аслида юқорининг топшириғига асосан, туманимиз бўйича 250 гектар кам ҳосил берадиган ерларга экспортбоп аччиқ қалампир экиш режалаштирилган эди. Биз бу топшириқни ортиғи билан бажарганмиз. Тўғри, туманимиздаги фермер хўжаликларга «Brand Investment Group Agro» МЧЖ аччиқ қалампир кўчатларини етказиб беришга масъул бўлган. Уларнинг вилоятимизга масъул бўлган ходими бизга 100 фоиз фермерларга кўчат етказиб бердик, шартнома шартларини бажардик, дейишганди. Аммо бу муаммодан умуман хабаримиз йўқ.

Хоҳласангиз, «Brand Investment Group Agro» МЧЖнинг туманимизга кўчат етказиб беришга ҳамда ҳосилини сотиб олишга масъул бўлган ходимининг мобиль телефонининг рақамини бераман. Исми Сардор, фамилияси ёдимдан кўтарилди. Ҳа, айтганча, бу масалани ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал этишга ҳаракат қиламиз.


Шундан сўнг кеч тушиб қолганлиги боис, аччиқ қалампир кўчатларини етказиб бериш ҳамда сотиб олишга масъул бўлган МЧЖнинг ходимини безовта қилмадик. Эртаси куни эрталаб 09:00 дан ўтганда Сардорга қўнғироқ қилдик. Мақсадимизни тушунтирдик. Шунда у узоқроқ туманда иш билан юрганини айтиб, эртага соат 10:00 да Қарши шаҳрида учрашамиз, деди. Қаршига келиб, унга қўнғироқ қилдик. Лекин у телефонини умуман кўтармади, куни билан кутдик, кечга бориб яна боғланишга ҳаракат қилдик. Ниҳоят, қўнғироққа жавоб берди. Эртага 11:00 ларда шаҳарда учрашадиган бўлдик. Эътибор берган бўлсангиз, унга телефон қилганимизнинг учинчи куни ҳақида гапиряпмиз. Афсуски, яна телефони ўчирилган, гоҳида хизмат доирасидан ташқарида бўлди. Хизмат сафаримизнинг тўртинчи куни кечки вақт 17:00 ларда у телефонини кўтарди ва шундай жавоб қилди. «Акалар, мен аччиқ қалампир ҳосилини сотиб олишга масъулман. Кўчатларни етказиб беришга масъул бўлган Умид ишдан бўшаб кетган. Мен билан учрашиб, гаплашгандан фойда йўқ», деди-да телефонини ўчириб қўйди...

Бир савол: Сардор деган бу «жаноб» нима учун тўрт кун учрашувни ваъда қилиб, сўнгра фикридан қайтди? Бизнингча, у «Brand Investment Group Agro» МЧЖнинг раҳбарлари билан гаплашиб, сўнгра биз билан учраша олмаслигини айтганга ўхшайди. Агарда лозим топганида ўзининг бош офиси рақамини ҳамда раҳбарининг исм-фамилиясини айтиб, ўша одам билан учрашиб, гаплашиб олишимизни маслаҳат берган бўларди. Кимдир ўйлаши мумкин, ўзлари бу МЧЖга бориб ёки телефон орқали боғланиши мумкин эди-ку, деб. Аммо ўрни келганда шуни айтиш керакки, фермер хўжаликлари билан тузилган шартномада Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ тумани, Тинчлик ҚФЙ, Ийкота маҳалласи кўрсатилган, холос. Аслида шартномада уй ҳамда телефон рақамлари ҳам ёзилган бўлиши лозим эди...

Шундан сўнг ушбу МЧЖнинг шартномасида кўрсатилган манзил бўйича ахтариб бордик. Аммо бу манзилда бунақанги ташкилот жойлашмаганини ўша жойда истиқомат қилаётган аҳоли ҳам айтди. Шундан сўнг ушбу ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан боғландик. Боиси маҳалла ўзининг ҳудудида қанақа ташкилот жойлашганини билади.

— «Brand Investment Group Agro» МЧЖ маҳалламиз ҳудудида жойлашмаган, — дейди «Ийкота» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Насиба Смажарова. — Бир неча ҳафта олдин Мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳам шу ташкилотни сўраб келишганди. Уларга ҳам унақанги ташкилот ҳудудимизда йўқлигини айтгандим. Асосий савол битта: фермерлар нега ихтиёрий-мажбурий равишда бу ишга жалб этилди? Шартномаларни туздириб, банкларга фермерлар оёқ-қўлини боғлаб берганлар қаерда? Кредит пуллари қаёққа кетди?.. Нега энди қилғиликни қилганлар эмас, балки фермерлар жавобгар бўлиши керак? Бу каби саволлар аввало вилоят прокуратурасини қизиқтиради, деб ўйлаймиз.
Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Аккредитация бўйича Кенгашнинг ташкилий масалаларига бағишланган биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

417 нафар мансабдор коррупцияга йўл қўйди. Шулардан 61 нафари прокуратура органлари ходимларидир

Корхоналар талабига кўра кечки олий таълим очилиб, унга талабалар имтиҳонсиз қабул қилинади

Қўйлиқ бозоридаги ёнғин бўйича расмий маълумот берилди

expo
Боглиш маколалар