Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Шунча назорат органлари бўла туриб, нега аҳоли шикоят билан вилоят ҳокими ва журналистларга мурожаат қилмоқда?
12-10-2018 12:44 2 1319 Рейтинг2 Чоп этиш

Шунча назорат органлари бўла туриб, нега аҳоли шикоят билан вилоят ҳокими ва журналистларга мурожаат қилмоқда?

Шунча назорат органлари бўла туриб, нега аҳоли шикоят билан вилоят ҳокими ва журналистларга мурожаат қилмоқда?

Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовга очиқ хат

Ҳурматли Эркинжон Оқбўтаевич!

Мамлакатимизда аҳоли муаммоларини ўз жойида ҳал қилиниши учун катта имкониятлар яратилган. Бу ишни тартибга солиш, одамларни овора бўлишига барҳам бериш учун Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳар бир вилоят марказида, шаҳар ва туманларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари мурожаат билан келган фуқарони ҳар куни қабул қилиши зарурлиги белгилаб қўйилди.

Аммо ҳаёт, бугунги воқелик аҳоли ана шу органлар фаолиятидан рози эмаслигини, ундан қониқмаётганлигини кўрсатмоқда. Акс ҳолда Сизнинг бошқа муҳим ишларни қолдириб, тадбиркорларни алоҳида, туман ва шаҳар аҳолисини алоҳида қабул қилиб, уларнинг шикоятларини, арзу-додларини эшитишингизга ҳожат қолармиди? Юртдошларимизнинг тарли даражадаги муаммоларини ечишга ёрдам кўрсатилишини сўраб оммавий ахборот воситаларига, алоҳида журналистларга қилаётган мурожаатларини қандай баҳолаш мумкин? Бу ҳам расмий идораларда ўтириб олиб, халқнинг маблағи ҳисобидан маош олаётган ва катта, чиройли биноларни эгаллаб турганлар фаолияти самарасининг пастлиги кўрсаткичи эмасми?

Шахсан менинг ўзимга мурожаат қилганларнинг аризасини таҳлил қилиб, шу хулосага келдимки, халқ қабулхоналари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига тушаётган шикоятлар ҳар доим ҳам асосли кўриб чиқилмаяпти. Кўп ҳолларда бу идоралар почтачи вазифасини бажариб, шикоятни яна қайтадан кимнинг устидан шикоят қилинган бўлса, ўша ерга юборишмоқда. Асосий мақсад нима бўлса ҳам аризани “ёпиш”дан иборат бўлиб қолмоқда. Бошқач қилиб айтганда, шикоятда кўрсатилган муаммони ҳал қилиш эмас, “шикоятчининг оғзи ёпилди”, деган маънода юқорига рапорт йўллаш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Яна ўша эски аҳвол: амалдор ўзини халққа эмас, ўзидан юқорида турувчи амалдорга ҳисоботдор деб санайди. Давлатимиз раҳбарининг “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилсин” деган одилона кўрсатмаси ҳали аксарият амалдорларнинг онгу шуурига етиб бормаган кўринади.

Шу кунларда шикоятлар қандай “ёпилмоқда”? Аксар ҳолларда аризачи билан учрашиб, унга вазият тушунтириб берилганлиги ҳужжатлаштириб қўйилмоқда. Аризада кўтарилган муаммо бир четда қолиб кетмоқда. Шу сабабли ҳам одамлар қайта-қайта турли ташкилотларга, оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

Сиз Самарқандга келишингиз билан аҳолини бевосита қабул қилишингиздан ташқари яна мурожаатларни онлайн тарзида ижтимоий тармоқлар, телеграм мессенжери орқали юбориш мумкинлигини эълон қилдингиз. Бундан кўпчилик хурсанд бўлиб, энди вилоятимизда ошкоралик, очиқлик тўла таъминланади, оддий фуқаронинг дардини эшитадиган, унинг муаммосини одилона ҳал этадиган раҳбар келди деб, хурсанд бўлаган эди. Мен ҳам фуқароларнинг шикояти асосида ёзилган мақоламни телеграм мессенжери орқали Сизга юбориб, унда кўрсатилган муаммо тезроқ ҳал бўлишини кутган эдим. Аммо натижа Сизу биз кутгандек бўлмаяпти. Яна бир марта жойлардаги амалдорлар катта куч ва имкониятга эга эканлигини намойиш этди. Қатор ҳолларда муаммо ҳал этилмасдан қолиб кетмоқда. Танқид қилинган идорага юборилаётган шикоятнинг тақдири бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ана шу тажрибадан келиб чиқиб, шикоятларни кўриб чиқишнинг бошқача механизмини яратиш керакдир.

Сизга мурожаат этганларнинг муаммоси тўла ҳал бўлмаётганлигини кўрсатувчи мисоллар келтирмоқчиман. Нарпайлик тадбиркор аёл Надежда Мирзаева Сизга учрашган эди ва мен ҳам унинг муаммолари кўтарилган мақоламни Сизга юборган эдим. Шундан кейин ҳам унинг муаммоси тўла ҳал бўлган эмас.

Ўз мулкидан ажралган фуқаро Жамшид Шомуродов ҳақиқат излаб 8 марта шаҳар прокуратурасига, 20 марта вилоят прокуратурасига, 8 марта Бош прокуратурага, 10 марта халқ қабулхонасига, 2 марта вилоят ҳокимиятига мурожаат қилган. Аммо унинг муаммоси ҳал қилинмасдан қолиб кетмоқда.

Ноқонуний қурилишлар бўйича мурожаатлар камаймаяпти. Кўп қаватли иморатлар ўртасида болалар майдончаси, спорт майдончаси учун қолдирилган жойларда бинолар қуриш давом этмоқда ва бу аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Сизга келган аризалар ўша қурилишга рухсат берган мутасаддилар қўлига бориб тушмоқда ва шундайлигича қолиб кетмоқда.

Масалан, Бағдод кўчасида «Dream wall» МЧЖ аҳоли эътирозига қарамасдан бундан икки йил олдин катта маблағ сарфлаб реконструкция қилинган ва 8та хонадан иборат Олтин аср маҳалла марказини бузиб, у ерда ўсиб турган 30дан ортиқ дарахтни кесиб ташлаб, кўп қаватли турар жой қуришга киришган. Бу ердаги вазиятни ўрганиб, мен мақола эълон қилган эдим. Аҳоли норозилиги сабабли ҳозирча бино қурилиши тўхтатилган. Аммо маҳалланинг жонкуяр фаоллари тайёр маҳалла марказини бузганларни ва бунга йўл қўйганларни жазолаб, қурилишни ноқонуний деб эълон қилиш ва бўлажак бино пойдевори учун қазилган чуқурни кўмиб, маҳалла марказини қуриб беришни талаб қилишмоқда.

Худди шундай «Avazxon Stroy Build» МЧЖ томонидан Озод Шарқ кўчасида кўп қаватли турар жойнинг қурилаётганлиги ҳам аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Қурувчиларнинг шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузиб ишлаётганлиги ҳақида кўп гаприлаётган ва аниқ мисоллар келтирилаётган бўлишига қарамасдан, бу ердаги ишлар давом этмоқда.

Кўпчиликнинг ҳар кунги бошоғриғига айланган йўловчи ташиш муаммоси ҳал этилиши лозим. Тизим раҳбарлари мавжуд ҳолатни маблағ етишмаслиги, давлат дотацияси йўқлиги билан изоҳланишга ўрганиб қолишган. Лекин йўловчиларга хизмат маданиятини ошириш учун бу баҳона бўлиши мумкин эмас-ку! Ҳозирги вазият учун тизимга 15 йилдан бери раҳбарлик қилаётган И.Ҳамраевнинг фаолиятига баҳо бериш вақти келгандир?!

Шу муносабат билан таклиф киритмоқчи эдим. Бу фикрни Самарқандда кўп марта меъмор ва қурувчилардан эшитганман. Қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасидаги мавжуд камчиликларга вилоят архитектура ва қурилиш бошқармасига кўп йиллар раҳбар бўлган Н.Содиқовнинг қанчалик алоқадорлигига ҳам баҳо берадиган вақт келмадими?

Умуман олганда, ҳар бир шаҳар ва туман ҳокими, соҳа раҳбари фолиятининг самарадорлигига амалга ошираётган ишлари, халққа кўрсатаётган ғамхўрликлари мезон бўлиши вақти келди. Шу вақтгача мезон бошқача эди. Шу аснода раҳматли дадамнинг гаплари эсимга келди. Ўша вақтлардаги вазиятдан келиб чиқиб, у киши айтардилар: “бизда чўпга костюм кийгизиб, галстук тақиб қўйсангу, тепада тоғаси бўлса, курсида ўтираверади”. Ана шундай тоғаю акаси бор амалдорлардан қутулмас эканмиз, вазиятнинг яхши томонга ўзгаришига умид қилиб бўлмайди.

Ҳурматли Эркинжон Оқбўтаевич!

Фуқароларнинг ҳар бир мурожаати бўйича тегишли идора раҳбарлари қандай амалий чора кўраётганлигини таҳлил қилиб, шунга мос равишда улар фаолиятига баҳо берилса, айни муддао бўларди. Токи одамларни сарсон қилаётган амалдорлар жазога тортилмас экан, аҳвол ўзгармасдан қолаверади. Бу йўналишда ишлайдиган жамоатчилик кенгаши тузиш керакдир, балки. Вақт-вақти билан аҳоли кўп мурожаат қиладиган ОАВ вакилларини суҳбатга таклиф қилиб, вазиятни танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқилишига нима дейсиз?

Ҳамма соҳада шаффофлик таъминланса, барча ишлар олдинга қараб бораверади. 2017 йилнинг 8 сентябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида қайд этилганидек, “ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг етарли даражада очиқ ва шаффоф эмаслиги, жамоатчилик назоратининг кучсиз механизмлари ҳаддан ташқари бюрократияга ва коррупциянинг турли кўринишларига олиб келмоқда”.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Шарҳлар

Bizlarniuyimizdi buzdilar likin un oiy utti xalixam kurilish boshlangani euq kachon ruxsat berishi xam nomalum


МУРОЖААТЛАРГА АЛБАТТА ЕЧИМ ТОПИЛАДИ

“http://nuz.uz – Новости УЗБЕКИСТАНА” сайтида жорий йилнинг 12 октябрь санасида чоп этилган журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг “Шунча назорат органлари бўла туриб, нега аҳоли шикоят билан вилоят ҳокими ва журналистларга мурожаат қилмоқда?” номли мақоласига жавобан

Аҳолининг маълум бир гуруҳи дуч келаётган муаммоли масалаларга ечим топиш мақсадида ҳокимлик ҳамда бошқармалар томонидан мулоқотнинг бир неча усулларидан фойдаланилмоқда.
Масалан, Самарқанд вилоятида кейинги пайтларда жойларда учраётган камчилик ва нуқсонларни аниқлашда ва уларни бартараф этишда сайёр қабуллар, вилоят ҳокимини ишонч телефони, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги мессенжери имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Хусусан, вилоят ҳокимлигига келиб тушаётган мурожаатларнинг кўпчилиги ижобий ечим топмоқда.
Халқ қабулхоналари фаолият кўрсатаётгани, ишонч телефонларининг туну кун ишлаб тургани, сайёр қабуллар ўтказилаётгани ҳам вилоятнинг олис-яқин ҳудудларида яшаётган фуқаролар учун муаммони баён этиш ва таклифлар билдиришда жуда қўл келмоқда.
Шунингдек, жамоатчилик назорати гуруҳларининг аҳоли билан бевосита мулоқот олиб бораётгани ҳам жойларда аниқланаётган аксарият масалаларга жойида ечим топиш имконини бераяпти.
Нарпай тумани Оқтош шаҳрида истиқомат қилаётган Надежда Мирзаева ҳам тадбиркорлик қилаётган ер майдонининг бир қисмини қайтариб олиш бўйича қилган бир неча мурожаати, ниҳоят ижобий ечим топди.
Келинг, бироз аниқлик киритайлик: Нарпай тумани ҳокимининг қарори билан 2005 йилда “Ўткиртранс” хусусий фирмаси учун 0,24 га ер майдони ажратилган. Ушбу ер майдонининг бир қисми “Зирабулоқ” магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли бўлган газ қувурларининг ҳимоя ҳудудидан тушиб қолгани ҳақида мутахассислар хулоса берган. Ушбу хулосага асосланиб 2018 йилнинг 22 февраль куни вилоят ҳокимлигининг қарори билан туман ҳокимининг тилга олинган қарори бекор қилинган.
Надежда опа масаланинг асл моҳиятини бошқача талқин қилган, янаям аниқроғи, тадбиркорлик қилаётган ер майдони транспорт соҳаси мутасаддилари билан шахсий муносабатлар туфайли таъқиб бўлаяпти, деган фикрга борган.
Яқинда тадбиркор Н.Мирзаевага шу ҳудуддан бошқа жой, фуқаролар ташиши учун хавфсиз бўлган ер майдони ажратиб берилди. Бу билан анча вақтлардан буён чўзилиб келаётган муаммога ҳам барҳам берилди.
...Нажот излаб мурожаат қилган фуқарога ваколатли орган қонун доирасида ёрдам бериши керак, албатта. Лекин масала суд орқали ечилишини яхши билган айрим юртдошларимиз уни ҳал қилиб беришни ижро органидан – ҳокимиятдан талаб қилади.
Фурсати келганда айтиб ўтиш керак, фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилишни ҳам билиши лозим. Ойлар, йиллар давомида чўзилиб келаётган масалаларнинг бошқа ечими йўқ, назаримизда.

Акмал Шукуров, вилоят ҳокимининг ўринбосари.

Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*