Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Бахтиёр Насимов: Жамоат транспорти. Кейинги қадамни қўйиш вақти келди
22-08-2017 10:42 0 1186 Рейтинг1 Чоп этиш

Бахтиёр Насимов: Жамоат транспорти. Кейинги қадамни қўйиш вақти келди

Бахтиёр Насимов: Жамоат транспорти. Кейинги қадамни қўйиш вақти келди

Ўзбекистон ахборот технологиялари мамлакатига айланганига анча бўлди. Ишлайдиган одамларнинг ҳар бирида пластик карта (кўпинча бир нечтадан) бор. Уяли телефонлар фойдаланувчиларининг барчасида кундалик ҳаётни енгиллаштирувчи дастурлар юклаб олинган. Кўплаб тўловларни ва пул ўтказмаларини диванда ўтирган ҳолда амалга оширишимизга кўникиб ҳам қолганмиз деб Дарё.уз хабар бермоқда.

Аммо, мана замонавий сунъий йўлдошли навигация билан жиҳозланган, турган жойи ҳақидаги маълумот ҳар бир метригача аниқ қилиб телефонимизга коинотдан юбориладиган автобус келади-ю,… йўл ҳақи тўлови технологиясида 1913 йил бошланади.

Коинотдан кўринаётган эшак арава

Кеча супермаркетдан чиқиб, автобус қачон келишини билиш учун одатим бўйича телефонимда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг «TashBus» мобил дастурини текширдим.
Бахтиёр Насимов: Жамоат транспорти. Кейинги қадамни қўйиш вақти келди

XXI аср. Тошкентнинг барча автобуслари GPS-тизим билан жиҳозланган ва сайёрадаги ҳар қандай киши қайси йўналишда, айнан қайси автобус, қандай тезликда ва қачон шаҳардаги минглаб бекатлардан бирига етиб келишини кўриши мумкин.

«55 сониядан кейин» дея маълум қилди дастур. Автобус етиб келди. У ҳам замонавий. Аммо автобусга чиқишим билан юз йил орқага қайтдим.

«Шопир ака, орқа эшигингизни очворинг!»

«Олдига ўтинг!»

«Менда проездной!»

Тамоман одатий манзара. Ҳатто салонда кондуктор бўлса ҳам, сиз бутун салондан ўтиб, олдинги эшикка боришга мажбур бўласиз. Кондукторсиз ҳолат, яъни ҳайдовчи орқасида ўтирган ўнлаб кишиларнинг ҳаётини бошқариб кетаётиб, йўл-йўлакай бир қўллаб қайтимни санаб берадиган ҳолат эса ҳеч ҳам қойил эмас.

Бирдан келишиб олайлик: ҳозир шаҳар жамоат транспортида ҳайдовчи бўлиб ишлаш қанчалик қийинлиги ёки кондуктор бўлиш қанчалик осон эмаслиги ҳақида гапирмаймиз. Биламиз ва ишонамиз. Аммо, ишонинг, дунёда ҳеч ким осонлик билан пул топмайди. Бугун биз реал, замонавий ва кўплаб мамлакатларда транспортда қўлланиладиган ахборот технологияларига тўхталамиз, уларни жорий қилиш қуйидаги имкониятларни беради:
- сафарни анча қулай ва хавфсиз қилиш;
- шаҳар бюджетини аҳамиятли тарзда кўпайтириш;
- транспорт паркини янгилаш (автобуслар, метро, трамвай, троллейбус, йўналишли такси) ва эҳтиёт қисмлари сотиб олиш учун етарлича пулга эга бўлиш;
- йўловчилар сонини ва тоифасини аниқ билиш ҳамда линиядаги транспорт сони ва жадвалини тўғри бошқариш;
- транспорт тизимидаги коррупция имкониятини камайтириш.

Бугунги кун технологиялари

Матндаги пастроқда ёзмоқчи бўлган гапимни тўғри тушунишингизни сўрайман. Мен уни мақтаниш учун эмас, менда солиштириш учун нимадир борлигини таъкидлаш учунгина ёзаман.

Шундай қилиб, ҳозирги 56 ёшимгача 22 та мамлакатга ташриф буюриш ҳамда Евросиё ва Американинг 211 та шаҳрида метро, трамвай, такси ва рикшаларда сафар қилишга муваффақ бўлганман.

Ўзим ташриф буюрган шаҳарларнинг кўпчилигида, ҳатто улар бой мамлакатлар қаторига кирмаса-да, азалдан ва муваффақиятли тарзда жуда хилма-хил ва жуда қулай автоматлашган тўлов тизимлари ишламоқда. Устига-устак, Европа бу борада, менинг тажрибамга кўра, АҚШни анча ортда қолдирмоқда. Айниқса Европа сайёҳлик марказлари муваффақиятли ривожланмоқда.

Парижда ва Прагада жуда яхши қулайлик яратилган. Ўрни келганида айтиш керакки, Прага Тошкентдан икки марта кичикроқ, аммо 1998 йил декабридаёқ уларнинг транспортлари ўзига хослиги билан мени ҳайратда қолдирган эди. Чехия пойтахтида сиз вақтбай ва барча транспортлар учун мўлжалланган чиптани сотиб оласиз. Яъни эрталаб ишга кетишда 90 дақиқага чипта оласиз. Сўнг бир транспортдан бошқасига ўтган ҳолда — автобус, трамвай, метрода БИТТА чипта билан юрасиз. Бизда эса йўловчи битта йўналишдаги битта транспортда бир марта юриш учун битта чипта олади. Замонавий тизимлар анча ўзгарувчан ва бунга кўп бўлган.

Мобил алоқа асосидаги симсиз тўлов тизимлари Испания, Исроил, АҚШ, Янги Зеландия, Хитой, Чехияда муваффақиятли тарзда ишламоқда.

Кўп мамлакатларда жамоат транспорти учун чиптага SMS ёрдамида тўлаш мумкин. Ҳам автобус, ҳам трамвай ва ҳам икки турдаги метрода юриш учун Ойстер электрон пластик смарт-картаси ва симсиз тўловни қўллаб-қувватловчи банк карталари ёрдамида тўловлар амалга ошириладиган Лондон жамоатчилик транспортидаги тўлов тизими ҳақида эса қўшиқлар ёзиш мумкин.

Ушбу қайдларнинг мақсади технологияларни шарҳлашдан иборат эмас. Шунчаки айтиб қўяй: транспортда йўлкирани тўлаш бўйича автоматлашган тизимларнинг амалиётда ўзини яхши томондан кўрсатган ва муваффақиятли тарзда ишлаётганлари кўп. Ўтган 15—20 йил ичида уларда телефон, пластик карта, кредит карта, магнит чизиқли қоғоз чипта каби барча мавжуд воситаларни қўллаш имконияти ишга солинган.

Тирикчиликнинг айби бор

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти сайтига «Автоматлаштирилган йўлкира тўлаш тизими шаҳримиз автобусларида керакми?» деган сўровнома жойлаштирилган. Бугунги кунда унга берилган жавоблар натижалари қуйидагича:
- Албатта керак — 79,7%
- Биз бу тизимга тайёр эмасмиз — 11,4%
- Йўқ, керак эмас — 8,9%
Кўриб турганингиздек, аксарият автоматлаштирилган йўлкира тўлаш тизими тарафдори. «Биз бу тизимга тайёр эмасмиз» деб жавоб берганларга шундай деймиз: тайёрмиз ва анчадан буён. Ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан. Мен, масалан, маошимнинг 70 фоизини нақдсиз кўринишда карточкада оламан — қандай қилиб мен ва менга ўхшаганлар замонавий нақдсиз технологияларга қарши бўлишимиз мумкин?

Бу коинотга тегишли аллақандай технологик янгиликлар эмас. Юқорида айтиб ўтганимдек, аҳолининг катта қисми маошининг кўп қисмини карточкада оладиган мамлакатда бу аллақачон пишиб етилган заруратдир.

Москвада 2003 йилдаёқ транспортда юришни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишганди. У ерда эса транспорт Тошкентдагидан кўпроқ: 5000 та автобус, троллейбус ва трамвай 678 та йўналиш бўйича ҳар куни олти миллиондан ортиқ йўловчини ташийди.

Биласизми, нима бўлди? Йўлкира кирими шунчаки ўсмади, балки ақл бовар қилмайдиган даражада ошиб кетди, чиптасиз йўловчилар эса деярли қолмади. Шунда менда бир фикр уйғонди. Мана Тошкентдаги автобуслар йўловчилари статистикаси.

2014 йил. 312 130 000 йўловчи
2016 йил. 205 891 900 йўловчи
2017 йил. 109 992 900 йўловчи (биринчи ярим йиллик).

Тошкентдаги автобус йўловчилари оқими статистикаси кишини ҳайратлантиради. Икки йил давомида шаҳар аҳолиси мунтазам ўсган. Йўловчилар эса, аксинча, икки йил ичида кутилмаганда 100 миллион кишига камайиб қолган.

Энди юз миллионни ҳозирги йўл ҳақига кўпайтиринг ва шунда келиб тушмаган 120 миллиард сўм ёки 30 миллион доллар келиб чиқади.

Энди 120 миллиард сўм ёки 30 миллион долларга қанча автобус, метро вагонлари, эҳтиёт қисмлари, ғилдираклар, ёқилғи сотиб олиш мумкинлигини, қанча маош ва мукофот пулларини тўлаш мумкинлигини тасаввур қилиб кўринг.

Менда шундай ҳиссиёт борки, ҳақиқатда йўловчилар сони камаймаган. Ёки, ҳар ҳолда бунчалик кескин камаймаган. Бу тушунча ҳукуматда ҳам бор. Ўтган ойда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ корхоналарининг автобус йўналишларида йўловчилар оқимларининг текширувдан ўтказилгани тасодиф эмас. Йўловчилар оқимлари бўйича ҳақиқий статистикани олмоқчи бўлишди.

Уддаласа, қандини есин-ку, «тушлик пули чиқади», «сигарет пули чиқади», «тирикчиликнинг айби йўқ» каби баҳоналарнинг барчаси бюджетдан турли кенгликдаги жилғалар кўринишида оқиб кетадиган ҳисобга олинмаган «қора нақдина» оқимига олиб келади.

Бюджетга қанча пул етиб келмаслигини юқорида кўришингиз мумкин.

Шундай экан, мамлакат ва унинг фуқаролари барча йўловчилар учун қулай бўлган, транспортчилар учун ташувлар даромадлилигини оширувчи ва бюджетни тўлдирувчи йўл ҳақи тўлашнинг автоматлашган тизими учун тўла тайёр бўлди.

Дунёдаги барча нарсалар каби у ҳам мукаммал эмас. Биринчидан, тизим маблағ киритишни талаб қилади: турникетлар, ҳисобловчи қурилмалар, сотиш тизими, дастурий таъминот, эксплуатация учун харажатлар. Тиғиз пайтда ҳисоблаш қурилмалари билан жиҳозланган турникетлар туфайли транспортга чиқиш секинлашиши билан боғлиқ вазиятни бемалол тасаввур қилиш мумкин. Айниқса, бизнинг «ўзбекистонликларга хос навбатда туриш қобилиятимиз» билан.

Дунёдаги барча нарсалар каби у ҳам мукаммал эмас. Аммо бугунгидан анча яхшироқ.

Win-win-win

Кўпчилик муштарийларга win-win — «қўш ғалаба» ибораси таниш. Бу — ҳаракатни амалга оширишдан иккала томон ҳам фойда кўрган вазиятда кузатилади. Юқорида тилга олинган тизимлар бизни учала томоннинг ҳам ғалабасига олиб боради. Ана шундай win-win-win — уч томонлама фойдага.

Истеъмолчилар (йўловчилар) учун win

Тизим жорий қилиниши билан йўл ҳақини нафақат нақд пул ёки йўл чиптаси (проездной) билан, балки гаджетларнинг бутун бир рўйхати орқали ҳам тўлаш мумкин бўлади. Бу биринчидан. Иккинчидан, йўловчилар оқимлари ҳақидаги маълумотлар тўпланиб боргани сари, шаҳар жамоат транспорти энг оптимал йўналишлар бўйича ҳамда кузатиб ва риоя қилиб бориладиган, иқтисодий жиҳатдан ўринли вақт оралиқлари билан ҳаракатланади.

«Тошшаҳартрансхизмат» учун win

«Қора нақдина жилғалари қуриб битади». «Тошшаҳартрансхизмат»да ҳар битта йўналишдаги даромад бўйича аниқ манзара мавжуд бўлади.

Акциядорлик жамияти даромадни йиғиш ва ҳисоблаш жараёнларини автоматлаштириш ҳисобига автопарклар харажатларини минималлаштириш ва уларнинг даромадлилигини ошириш имкониятига эга бўлади. Ҳайдовчилар маошларини ошириши ҳам мумкин ва бу ҳаммаси эмас.

Ҳар бир йўловчининг тўлиқ автоматлашган тарзда ҳисобга олиниши ташувлар йўналишлари ва вақтлари бўйича йўловчиларнинг сони ва тоифаларининг реал таҳлилини олиб бориш имкониятини юзага келтиради.

Давлат учун win

Шаҳар жамоат транспортида йўл ҳақи тўловининг автоматлашган тизими ташувлар иқтисодиётини шаффоф қилади. Коррупция имконияти йўловчилар сонининг умумий ҳисобга олиниши ва уларнинг оқимлари доимий равишда онлайн тарзда назорат қилиниши шарофати билан йўққа чиқади. Бюджетга ҳар йили келиб тушадиган тушумлар, менинг ҳисоб-китобларимга кўра, 100 миллион йўловчининг йўл ҳақи суммасига ўсади. Ҳукумат транспорт аҳволи ҳақида субъектив эмас, балки ишончли ахборотга эга бўлади, бу унинг ишини такомиллаштириш бўйича ҳар томонлама мулоҳазали қарорлар қабул қилиш имконини беради.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ 2014 йил июлидаёқ йўл ҳақи учун электрон симсиз тўлов тизими тез орада жорий этилиши ҳақида хабар қилганди. Кутяпмиз.
Бахтиёр Насимов,
шарҳловчи
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
сколько будет три плюс три (ответ цифрой)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Crown Agents... Ўзбекистонда даладан тортиб, пештахтагача хизмат хавсизлик дастурларини олиб кирмоқчи

Сайёр қабулда 200дан ортиқ фуқаронинг мурожаати ўрганилди

Россиялик туристлар Янги йил байрамида ёппасига Ўзбекистонга отланган

АҚШ ва КХДР раҳбарлари яна учрашиши мумкин

Реклама на сайте
Боглиш маколалар
Реклама на сайте