Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги даҳанаки «сўз жанги» борган сари кескин тус олмоқда
08-11-2016 12:32 0 667 Рейтинг1 Чоп этиш

Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги даҳанаки «сўз жанги» борган сари кескин тус олмоқда

Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги даҳанаки «сўз жанги» борган сари кескин тус олмоқда


Президент Ражаб Тойип Эрдағон ўз телемурожаатида Курдистон ишчи партияси (КИП)ни қўллаб-қувватлаган Европани терроризм шериги деб атади.

«Биз КИП аъзолари ўзини Европада қанчалар эркин ва қулай ҳис этаётганини кўриб турибмиз. Турк расмийлари томонидан ушлаб қолинаётган ҳар бир қурол Европадан келаётганини намойиш этиб турибди», - деди у. Шу билан бир вақтда Эрдағон Ғарб давлатлари республика учун бирор бир яхшилик қилмаганини ҳам эслатиб ўтди. «53 йилдан бери Европа Иттифоқи эшиклари олдида сарғайиб турган Туркия яна нимани кутиши керак. Биз ўз муаммоларимизни ўзимиз ечамиз. Туркия мавжуд вазиятга нисбатан қарашларини ўзгартирди ва ўз йўлини белгилаб олди. Ғарбда мени диктатор деб аташлари қизиқтирмайди. Муҳими, мени Туркия фуқаролари қандай қабул қилишларида», — дейди Эрдағон.

Афтидан курдпараст Халқлар Демократик партияси вакилларининг ҳибсга олиниши ортидан Европа давлатлари раҳбарларининг баёноти Анқара расмийларининг сабр косасини тўлдириб юборди. Эрдоған депутатларнинг қўлга олинишини изоҳлар экан, ўзини террорчилардек тутаётган парламент аъзолари билан худди шундай муомала қилинишини қайд этди. Унинг айтишича, Туркия суд тизими мустақил ва ҳеч ким, жумладан, президентнинг суд ишига аралашишга ҳаққи ва ваколати йўқ.

Таъкидлаш керакки, 4 ноябрга ўтар кечаси ХДПнинг икки нафар ҳамраиси Салахаттин Демирташ и Фиген Юкседағ, шунингдек, партиядан сайланган яна 14 нафар депутат ҳибсга олинганди. Улардан бири Зиё Пир ҳеч қаерга кетмаслик шарти билан қўйиб юборилган. Мамлакат бош вазири Бинали Йилдирим воқеани шарҳлар экан, депутатлар жиноий иш доирасида кўрсатма беришдан бош тортганлиги сабаб қўлга олинганларини, терроризмни қўллаб-қувватлаганлар қонун олдида жавоб беришлари кераклигини қайд этди.

Дарҳақиқат, Европа сиёсатчиларининг кетма-кет танқидий баёнотлари Анқара расмийларининг норозилигига олиб келди. Айниқса, Европарламент раиси Мартин Шульцнинг муаммо тезда ечилиши керак, қабилидаги кескин баёноти ҳаммасидан ошиб тушди. – Курдпараст партиянинг аъзолари бўлмиш парламент депутатларининг қўлга олиниши турк расмийларининг ЕИ билан муносабатлари асосланадиган қадриятлардан воз кечганлигини намойиш этади. Анқара ҳаракати ЕИ ва Туркия ўртасидаги барқарор муносабатларни, турк ҳукуматининг демократик қадриятлар ва Европага интилиш ҳаракатларини савол остига қўяди-, дейди Шульц. ЕИнинг хорижий масалалар бўйича олий вакили Федерика Могерини ҳам депутатлар қамоққа олинишидан хавотирини изхор этиб, ЕИнинг Анқарадаги элчилари учрашувини чақирилиши хусусида баёнот берди.

Бу хусусда Оқ уйнинг матбуот котиби Жош Эрнест, АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Томас Малиновски ҳам ташвишларини билдиришди.

Энг кескин баёнотлар Берлинда янгради. Ҳукуматнинг расмий вакили Штеффен Зайберт ГФР ҳукумати Туркия расмийларини қўлга олинган сиёсатчилар, шу жумладан, бошқа маҳбусларга нисбатан процессуал меъёрларга риоя этишга чақиришини айтган бўлса, ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер давлат котиби Штефан Штейнлейнга Туркия ишончли вакилини ташқи ишлар вазирлигига суҳбатга чақириш топшириғини берди. Илгарироқ, Германия канцлери Ангела Меркел Туркиядаги бош мухолиф Cumhuriyet газетаси ходимларининг қўлга олинишини қоралаб, матбуот эркинлиги Анқаранинг ЕИга кириши борасидаги музокараларда марказий ўрин тутишидан огоҳлантирди. Канцлер баёноти ҳам Анқарада салбий акс-садо берди. - Диярбакирнинг Бағлар туманида миналаштирилган автомобилнинг портлатилиши натижасида кўплаб фуқароларимиз яраланди. Бир неча полиция ходими ва оддий одамлар ҳалок бўлди. Туркия террорчиликка қарши самарали кураш олиб бораяпти. Бир томондан КИП, бошқа томондан унинг Суриядаги бўлимларига қарши. ИШИД ва Фатхулла Гуленнинг террорчи ташкилоти FETÖ ҳам шулар жумласидан. Дунёда бир вақтнинг ўзида камида 10 та террорчи ташкилот билан кураш олиб бораётган иккинчи давлат топилмаса керак. Шунга қарамай, Германия раҳбарияти Туркияда олиб борилаётган ҳар бир суд иши бўйича ўз фикрини билдиришдан чарчамаяпти. Улар Туркия мустақил эканлигини, унинг суд тизими ҳам Германия суд тизими каби эркин ва дахлсизлигини тушунишлари керак. Ҳеч бир давлатнинг Туркия ички ишларига аралашишга ҳаққи йўқ. Бу Германия адлия вазирлиги ёки Меркел хонимнинг ваколатига кирмайди, - деди Боздағ.

Эрдағон таъкидлаганидек, ярим асрдан ошдики, ЕИ турли баҳоналар билан Туркиянинг аъзолик ҳақидаги аризасини рад этиб келади. Буни туркларни хафа қилмаслик учун сўз айтмай, бошни қимирлатиб қўя қолиш деб изоҳласа ҳам бўлади. Баҳона топиш осон бўлмаяпти. Аммо Туркиядаги муваффақиятсиз давлат тўнтаришидан кейин, инсон ҳуқуқлари ва демократияга амал қилинмаяпти, деган айбловлар кун тартибига чиқди.

Шубҳасиз, Европа Иттифоқига аъзолик иқтисодий ва сиёсий томондан Туркияга наф келтиради. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Аммо Европанинг айрим раҳбарлари 80 миллионли мусулмон аҳолига эга Туркияни диний нуқтаи назардан қабул қилишни истамаётганлиги баёнотлар орқали очиқ кўриниб қолаяпти.

Шу билан бирга ЕИ қочоқларни Туркия қабул қилиши учун ваъда қилган катта миқдордаги маблағни ажратмаётганлиги ва Туркия фуқаролари учун визасиз тартибни жорий этиш қарорини ортга сураётганлиги ҳам муносабатларга бирмунча соя солаётгани аниқ. Шунинг учундир балки Австрия мудофаа вазири Ханс Петер Доскоцил ғайриоддий баёнот берди. Германиянинг Bild газетасига берган интервьюсида ЕИ биринчидан, Туркия билан қочоқлар юзасидан эришган келишувларининг барбод бўлишига тайёр туриши ва ташқи чегаралари ҳимоясини кучайтириши кераклигидан огоҳлантирган бўлса, иккинчидан, қочоқлар муаммосини Туркиядаги ички сиёсий вазият билан боғлади. ЕИнинг ўзи ташқи чегараларини самарали ҳимоя қилишга қодир бўлмас, шу орқали қочоқлар оқимига қаршилик кўрсатолмас экан, ЕИ ва Туркия ўртасидаги келишув атиги муваққат ечим бўлиши мумкин. Шу муносабат билан Доскоцил Марказий Еворопадаги ҳамкасбларини 7-8 ноябрга мўлажалланган учрашувга таклиф этган. – Биз Туркия тўлалигича келишувни бекор қилишига тайёрланишимиз кераклиги хусусида аниқ сигнал беришимиз керак. Анқара ҳозир диктатура томон илдамлаяпти ва бизга таҳдид қилишларига бошқа йўл қўя олмаймиз-, деди Австрия мудофаа вазири.
Аммо Туркия аҳволини ҳам тушуниш керак. Бугунги кунда Туркия ҳудудида 5 йилдан бери уруш алангаси ўчмаётган Суриялик 3 миллионга яқин қочоқ мавжуд. Уларни яшаш учун керакли зарурат билан таъминлаш оғир вазифа. Бошқа томондан қочоқлар оқими Туркияда сиёсий ва иқтисодий кескинлик келтириб чиқариши ҳеч гап эмас.

Туркия иқтисодий ва молиявий аҳволи хусусидаги айрим пессимистик башоратларга Истамбулдаги Молиявий конгрессда президент Эрдағон муносиб жавоб қайтарди. – Саккиз йилдан бери давом этаётган глобал инқирознинг салбий оқибатларини фақат ислоҳотлар йўли билан бартараф этиш мумкин. Ўзгаришларнинг йўқлиги боис жаҳон иқтисодиёти 2008 йилги даражага етиб бормади. Жиддий чақириқларга қарамай, Туркия иқтисодиёти умумжаҳон кўрсаткичларидан юқори ўсишни намойиш этди. Йирик давлатларнинг ўсиш кўрсаткичлари ўртача 2 фоиз атрофида. Туркиянинг иқтисодий ўсишлари эса беқарор минтақада жойлашганига қарамай, 3-4 фоизни ташкил этади. Глобал молиявий инқироз бошланган кезларда Туркия уни бартараф эта олишини айтгандим. Айримлар менинг сўзларимга жиддий қарамади. Аммо воқеалик 2009 йилдаги кичик тушкунликни ҳисобга олмаганда, иқтисодиётимиз рекорд суръатлар билан ўсганлигини кўрсатди. Бундан ташқари, мамлакатимизда давлат тўнтаришига уриниш бўлди. Шунга қарамай, мегалойиҳаларни амалга ошириш ишлари давом эттирилди. Шу йил охирига қадар Боку-Тбилиси-Карс темир йўлининг очилиши кутилаётгани шулар жумласидандир. Бу Пекин ва Лондон ўртасидаги темир йўл алоқасининг энг муҳим участкаси бўлади-, дейди Эрдағон.

Абдували Сайбназаров, эксперт
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на одной руке? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

6 апрелдан бошлаб юртимизда янги чекловлар ва қоидалар жорий этилмоқда

Биринчи автомобилни харид қилган ўзбек бойи

Карантин даврида электр энергиясини узлуксиз таъминлашда сенаторнинг савобли ишлари

“Эрталаб барвақт турадиган аёлларнинг кўкрак саратонига чалиниш эҳтимоли камроқ”

expo
Боглиш маколалар