Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Жанубий Корея “Распутин”и ёки президент Пак Кин Хе атрофидаги можаролар ҳақида батафсил
07-11-2016 10:43 0 773 Рейтинг1 Чоп этиш

Жанубий Корея “Распутин”и ёки президент Пак Кин Хе атрофидаги можаролар ҳақида батафсил

Жанубий Корея “Распутин”и ёки президент Пак Кин Хе атрофидаги можаролар ҳақида батафсил


Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе дугонасининг иши билан боғлиқ машмашалар туфайли Сеулда давлат раҳбари истеъфосини талаб қилувчи намойишлар бошланиб кетди. Маҳаллий полиция намойишда 43 мингдан 100 минггача киши иштирок этганини маълум қилди. Ўтган ҳафта мобайнида ҳам пойтахтда икки маротаба ана шундай норозилик чиқишлари рўй берди.

Яқинда мамлакат президенти фуқароларга телемурожаат билан чиқиб, дугонаси Чхве Сун Сил иштирокидлаги жанжал муносабати билан кечирим сўради, терговга кўмак беришга ваъда берди. — Яна бир бор кечирим сўрамоқчиман. Сизларнинг ишончингизни суистеъол қилганимдан пушаймонман,- деди Пак Кин Хе.

Сеул округ суди 3 ноябрь куни коррупцион жанжал марказида қолган Чхве Сун Силни ҳибсга олишга ордер берди. Уни Жанубий Корея йирик корпорацияларини ўзи билан алоқадор Mir ва K-Sports жамғармаларига кўп миллионли ҳомийлик пулларини ўтказиб беришга мажбурлаш уринишида айблашмоқда.
Президент Пак Кин Хенинг ўзи эса 40 йиллик дугонасига давлати ишларига аралашишга йўл қўйиб бериш, унга муҳим ва маҳфий ҳужжатларни бериш, ўз нутқ ва маърузалари матни билан танишиш, уларга тегишли ўзгартиришлар киритишга рухсат беришда гумонланмоқда. Бу эса Чхве Сун Силга мамлакат сиёсати ва иқтисодиётига бевосита таъсир кўрсатиш имконини берган.

Шубҳасиз, ушбу тўполон Жанубий Корея президенти Пак Кин Хега нисбатан импичмент эълон қилиниши билан тугаши мумкин. Давлат тарихида ҳали бу каби ҳодиса содир бўлмаган. Энг ёмони, Пак Кин Хени фолбинлар, сектантлар ва жодугарларга Сеулнинг сиёсий йўналишига таъсир кўрсатишга шароит яратиб беришда айлашаётир.

Жанубий Кореяда давлат раҳбари иштирокидаги кенг миқёсли сиёсий жанжаллар олдин ҳам рўй берган. Масалан, президентлардан бири ўлдирилган бўлса, бошқаси ағдарилган, ўз ҳаётини сургунда тамомлаган. Икки нафари коррупцияда айбланиб судга тортилган, яна бир президент прокуратурага чақирилган кезларда ўз жонига қасд қилган. Айрим президентларнинг эса ҳеч бўлмаганда оилалари коррупция иши билан судга тортилган.

Бу галги тўполонларни беқиёси деб аташ мумкин. Ҳатто ҳокимият партияси ва мухолифат бу сафар ягона мавқени эгаллаган. Президент Пак Кин Хенинг рейтинги кун сайин пасайиб, атиги 5 фоизга тушиб қолди.

Жанжал масаласига келсак, мазкур ўринда сўз фақат коррупция хусусида бормаяпти. Маълум бўлишича, ўз бошқаруви мобайнида амалдаги президент сиёсий тажрибаси ва олий маълумоти бўлмаган яқин дўстларининг таъсири остига тушиб қолган. Улар Пак Кин Хега нафақат маслаҳат беришган, балки кўп ҳолларда унга муҳим сиёсий қарорлар қабул қилиш ва ҳукуматнинг маҳфий ҳужжатлари билан танишиш борасида ҳукмларини ўтказишгани айтилаётир. Расман фондга келиб тушган маблағларнинг ҳайрли ишларга, яъни спортни ривожлантириш ҳамда корейс маданиятини хориждаги ташвиқотига йўналтирилаётгани айтилган. Бироқ амалда мазкур маблағларнинг катта қисми Чхве Сун Сил ва унинг ҳамтавоқлари чўнтагига келиб тушади.

Жанубий Корея матбуоти шу кунларда Россия тарихидаги машҳур персонаж Распутин номи битилган сарлавҳаларни бош планга чиқараётгани бежиз эмас. 60 ёшли Чхве Сун Сил Пак Кин Хе билан 1970 йилларда, яъни 20 ёшларида танишишган. Унинг отаси Чхве Тхэ Мин айни пайтда ҳам будда, ҳам протестант руҳонийси сифатида ишлашга улгурган. Кейинчалик корейс христианларига ақида жиҳатидан шубҳали ўз черковини очган.

Корея матбуотининг ёзишича, Чхве Тхэ Мин олти маротаба уйланган, етти марта исмини ўзгартирган, шубҳали диний бизнес билан шуғулланган, Пак Кин Хенинг ишончини ҳам қозонган. Амалдаги президентнинг отаси, генерал Пак Чжон Хи 1961 йилдан 1979 йилгача Жанубий Кореяни идора қилганлиги тарихдан маълум. Айнан отасининг нуфузи, Корея иқтисодий мўъжизасининг ижодкори бўлган кишининг қизи эканлиги Пак Кин Хега 2012 йилги сайловда ғалаба қозонишида муҳим роль ўйнаган.

1974 йилда генерал Пак Чжон Хега муваффақиятсиз суиқасд уюштирилган чоғда Пак Кин Хенинг онаси ҳалок бўлади. Бу омил бўлғуси президентни қайғуга солиб қўяди, бундан Чхве Тхэ Мин унумли фойдаланади.

Аён бўлишича, президентнинг дугонаси Чхве Сун Сил ҳатто университетини ҳам тамомлай олмаган, шунга қарамай, бизнесда омади чопган аёл. Афтидан ёшликдаги дўстлик туфайли Пак Кин Хе дугонасининг маслаҳатларига қулоқ солишга мажбур бўлган. 1974 йили Шимолий Кореялик агент онасини отиб ўлдирган, 1979 йилда отаси разведка хизмати бошлиғи суиқасдининг қурбонига айланганидан кейин ҳозирги президент яккаланиб қолган. Турмушга ҳам чиқмаган.

Хуллас, Чхве Сун Сил бошчилигидаги фондларга шубҳали ҳайриялар келиб тушаётгани ҳақидаги миш-мишлар кўпайгани сабаб бу иш билан оммавий ахборот воситалари қизиқиб қолади. Қизиғи шундаки, журналист суриштирувида президентни қўллаб-қувватлайдиган ўнг консерватив «Чосон ильбо» газетаси ҳал қилувчи рол ўйнади. Воқеалар ривожи нохуш тус олишидан чўчиган Чхве Сун Сил шошилинч тарзда Германияга жўнаб ктади. Айни пайтда телевидения журналистлари Чхве Сун Сил котибиятининг улоқтирилган компьютерини топиб олишади. Қаттиқ дисклар ўчирилмаганлиги сабабли унинг ичидаги ёзувлар жанжал миёсининг кенгайишига олиб келади.

Корея матбуотининг ёзишича, президент фолбинларнинг башоратларига ҳам қулоқ осаверган. Улардан бирининг икки йил мобайнида икки корейс давлати бирлашади, қабилидаги гапларига ишониб, Кэсон саноат зонасини ёпишга ва КХДР билан иқтисодий ҳамкорликни тўла узишга қарор қилган.

Судда кўп жиноятлар ошкор бўлиши кутилаётганини инобатга олсак, яқин истиқболда воқеалар ривожи кутилмаган йўналишда давом этиши мумкин.

Энг аввало, Жанубий Корея тарихида дастлабки импичмент эҳтимоли юқори. Тўғри, мухолифат парламентда бироз устунликка эга, аммо бу президентни истеъфога чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш учун етарли эмас. Бироқ ҳукмрон партия аъзолари ўртасида ҳам президентдан норозилар мавжудлигини ҳисобга олсак, давлат раҳбарини ҳокимиятдан четлатиш учун депутатларнинг учдан икки қисми овозини тўплаш қийин эмаслиги ойдинлашади.

Иккинчидан, импичмент хавфи воқеаликка айланса, намойишларга юз минглаб кишилар чиқадиган бўлса, Пак Кин Хе ўз ихтиёри билан истеъфога кетиши мумкин.

Учинчи вариант — коалицин ҳукумат тузилиши, ҳокимият ҳукмрон ва мухолиф партиялар томонидан тайинланган бош вазирга ўтишини инкор этиб бўлмайди.

Ва ниҳоят, “бўрон” тиниб, ҳаммаси жойига тушиши эҳтимоли мавжуд.Аммо норозилик кўлами кенгайиб бориши бу эҳтимолни йўққа чиқаради.
Абдували Сайбназаров
Sharh.uz
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*