Главная > Ўзбекистон > Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва илғор хорижий тажрибани жорий этиш сари

Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва илғор хорижий тажрибани жорий этиш сари



Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва илғор  хорижий тажрибани жорий этиш сари

Бугунги кунда шиддат билан тараққий этиб бораётган ижтимоий давр талаблари, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига мос ҳолда ички ишлар органлари ходимларининг билим ва кўникмаларини ривожлантириб бориш, соҳага оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари талабларини ҳамда уларни қўллаш механизмларини мунтазам ўргатиб бориш давр талаби бўлиб ҳисобланади.

Айни пайтда, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши кураш соҳаларида ҳамда “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз туризмни таъминлаш”, “Хавфсиз хонадон” каби ўзига хос янги лойиҳаларни ижтимоий ҳаётга жорий этишда илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш асосида ижобий жиҳатларни ички ишлар органлари ходимларининг малакасини ошириш тизимига жорий этиш борасида Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, ривожланган давлатларда қўлланилаётган юқори самарали замонавий таълим ва инновацион технологияларни ўқув жараёнига тадбиқ этиш соҳасида ҳам халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган давр мобайнида мазкур йўналишда Хитой, Италия, Қозоғистон каби давлатларнинг элчихоналари, Япониянинг халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (JICA) ваколатхонаси маъсул ходимлари билан учрашувлар ўтказилди ҳамда ушбу давлатлардаги турдош таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, жорий йил 28 август куни ИИВ Малака ошириш институти раҳбариятининг Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Ихсан Чағлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги, шунингдек, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги эътироф этилди.

Малака ошириш институти бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Н.Норматов мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, Институт фаолияти ҳамда ўқув жараёни ҳақида сўзлаб берди.

Али Ихсан Чағлар самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу тизимда амалга оширилаётган ишларни муносиб баҳолади ҳамда терроризм ва экстремизм, одам савдоси, кибер жиноятчиликка қарши курашиш каби йўналишларда соҳа ходимларининг малакасини оширишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш долзарб аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
Дўстона ва самимий руҳда ўтган мулоқот сўнггида томонлар келгусида Туркия давлати Ички ишлар вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, шунингдек Институт профессор-ўқитувчиларининг стажировкаларини ташкил этиш, долзарб мавзулар бўйича мастер-класслар ва семинар-тренингларни ташкил этиш борасида дастлабки келишувга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Малака ошириш институти

Вернуться назад