Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Ўзбекистон ва Беларусь кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтирмоқда
20-07-2019 10:38 0 563 Рейтинг0 Чоп этиш

Ўзбекистон ва Беларусь кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Беларусь кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтирмоқда

Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Беларусь Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама мустаҳкамланди. Бугунги кунда ўзаро муносабатлар етакчи соҳа ва тармоқлар, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик ҳисобига жадал суръатда ривожланмоқда. деб ёзмоқда УзА

Ўзбекистон Республикасининг Беларусь Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Носиржон ЮСУПОВ билан ЎзА мухбирининг суҳбати икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида бўлди.

– Муҳтарам элчи, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенконинг 2016 йил Самарқанддаги учрашуви мамлакатларимиз ўртасида “соатларни тўғрилаб олиш” учун қулай фурсат бўлган эди. Ўтган вақт мобайнида давлатлараро муносабатларда қандай натижаларга эришилди?

– Инсоннинг самимий дўстлари қанча кўп бўлса, шунча яхши. Давлатлараро фаолиятда ҳам самимий, дўстона муносабатлар жуда муҳим. Ташқи сиёсатимиз тенглик, ўзаро дўстона муносабатлар асосига қурилар экан, унинг марказида, аввало, халқимиз тинчлиги ва осойишталиги, юртимизнинг манфаати туради.

Ўзбекистон учун ён қўшниларимиз, шунингдек, МДҲ мамлакатлари билан яқин муносабатлар ўрнатилишининг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Сўнгги йилларда мамлакатимиз раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари шакллангани минтақада ўзаро ишончга асосланиб олиб борилаётган сиёсат самарасидир.

Сир эмас, МДҲ мамлакатлари орасида Беларусь Республикаси билан муносабатларимизда бир муддат турғунлик кузатилган эди. Ўзбекистоннинг бу давлат билан муносабатларидаги илиқлик икки мамлакат Президентларининг 2016 йил Самарқандда ўтган учрашувидан кейин пайдо бўлди.

Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко ўзаро муносабатларни яхшилашга бел боғлар экан, бу ишни мамлакатларимизнинг бир-бирини тўлдирувчи кенг имкониятларидан, халқларимизнинг туб манфаатларидан келиб чиққан ҳолда рўёбга чиқара бошладилар.

Бизга керакли ҳаммабоп техника воситаларининг кўпи Беларусда ишлаб чиқарилади. Юртимизда “Беларусь” русумли тракторларни билмаган деҳқоннинг ўзи йўқ. Қишлоқ хўжалигида ишлатиш учун энг содда, қулай техниканинг ҳам талайгинаси шу юртнинг қўли гул усталари томонидан ишлаб чиқилади. Беларуслар Ўзбекистоннинг ширин-шакар мевалари, полиз маҳсулотларини севиб тановул қилади. Бу мамлакатдаги текстиль фабрикаларига юртимиз пахтаси, калава ипи сув билан ҳаводек зарур. Шундай бўлгач, томонлар учун фойдали муносабатларни йўлга қўйиш ҳам қарз, ҳам фарз.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк қадамлардан бири сифатида Минск шаҳрида Ўзбекистон Республикаси элчихонаси очилди. Президентимизнинг таклифига биноан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко 2018 йил сентябрь ойида расмий ташриф билан мамлакатимизга келгани муносабатларимизни амалий мазмун билан бойитди.

Ташриф давомидаги музокаралар Ўзбекистон ва Беларуснинг кўп қиррали шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга интилишини тасдиқлади. Бу эса ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга кучли суръат бағишлаб, уни сифат жиҳатидан янги, янада юксак босқичга олиб чиқди.

Ўзбекистонга ташриф мобайнида савдо-иқтисодий муносабатлар, саноат, қишлоқ хўжалиги, гуманитар соҳа, туризмга оид бир қатор йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди. Айниқса, ҳудудлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш бўйича илк қадамлар ташланди.

– Мамлакатларимиз ҳамкорлигида кузатилаётган ижобий тенденция қайси соҳаларда яққол кўринади?

– Ўзбекистоннинг Беларусь билан ҳамкорлиги савдо алоқалари ривожида яққол намоён бўлмоқда. 2018 йилда мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ортиб, 420 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўринда Ўзбекистондан Беларусга экспорт қилинган товар ва хизматлар 2017 йилга нисбатан 1,5 баробарга, ўзаро савдо ҳажми 2,5 баробарга ортганини мамнуният билан қайд этмоқчиман. Айни пайтда юртимизда беларусь сармоядорлари иштирокида 50 дан зиёд қўшма корхона фаолият юритаётгани қувонарли.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистондан манфаатдор вазирлик ва идоралар, давлат ва хусусий корхоналар вакилларидан иборат делегациялар Беларусга ташриф буюриб, тегишли муассаса ва корхоналар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатди ва бу жараён кенг миқёсда давом этмоқда. Маълум маънода, ҳозирги вақтда амалга оширилаётган ишлар давлатларимиз ўртасидаги турғунлик даврида бой берилган имкониятларни қайта тиклаш жараёни, десак муболаға бўлмайди.

– Беларусь Республикаси билан илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида ҳам тўхталсангиз. Бу борада элчихона томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги фойдали мулоқотнинг энг аҳамиятга молик йўналишларидан биридир. Айтиш жоизки, Беларусь Республикаси олий таълим муассасаларида таълим сифати юқорилиги билан МДҲ мамлакатлари орасида ажралиб туради.

Беларусь Республикаси ахборот технологиялари соҳасида IT дастурловчиларини аҳоли сонига қиёслаганда дунёда биринчи ўринда туради. Тўғри, сон даражаси бўйича Ҳиндистон биринчи ўринда, лекин аҳоли жон бошига ҳисоблаганда Беларусь пешқадам. Соҳани ривожлантириш учун мамлакатда керакли шарт-шароит, меъёрий-ҳуқуқий асос яратилган.

Беларусь Республикасида охирги йилларда ушбу соҳада сезиларли ютуқларга эришилган. 2005 йилда Минскда ташкил этилган Юқори технологиялар парки бугунги кунда 50 мингга яқин дастурчини қамраб олади. Ўтган йили мамлакатда биргина Юқори технологиялар паркининг ўзидан 1 миллиард 80 миллион АҚШ долларига тенг тафаккур маҳсули бўлган IT дастурлари экспорт қилинган. Шу соҳанинг бошқа ташкилотлари томонидан яна 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдорда дастурий маҳсулотлар экспорт қилинган. Умумий ҳисобда беларуслик дастурчилар бир йилда 1,5 миллиард доллардан ортиқ дастурий маҳсулотларни хорижга сотган. Умумий хизмат кўрсатиш экспортида бу соҳанинг улуши 17 фоиздан юқори бўлиб, ўсиш суръатлари алоҳида диққатга сазовор. Бу рақамларни келтиришдан мақсад соҳага янада жиддийроқ назар қаратишдир.

Ўзбекистон ёшларининг иқтидори жуда баланд. Фақат улар учун етарли имконият яратилса, ёшларимизнинг бу соҳадаги интилишларига тўғри йўналиш берилса, интеллектуал соҳага инвестициялар жалб қилинса, Ўзбекистон тез орада илғор мамлакатлар қаторидан ўрин олиши муқаррар.

Элчихонамиз ходимлари ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш бўйича Беларусда амалга оширилаётган ишларни яқиндан ўрганиб, юртимиздаги соҳа мутахассислари диққатига ҳавола қилиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам бу борада Беларусь тажрибасидан андоза олган ҳолда иш ташкил этилса, айни муддао бўларди.

Сўнгги вақтда тавсияларимиз асосида мамлакатимиз олий таълим муассасалари беларуслик шериклар билан ҳар томонлама фойдали алоқаларни йўлга қўя бошлади. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва Беларусь миллий техника университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Беларусь давлат ахборот ва радиотехника университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Беларусь давлат педагогика университети, шунингдек, бошқа қатор олий таълим муассасалари ҳамкорликда қўшма факультетлар очиб, жорий йилдан талабалар қабулини бошлади. Фақатгина Тошкент ахборот технологиялари универститети қошида очилган қўшма факультетга бу йил 325 нафар талаба қабул қилиниши режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2+2 дастурлари асосида мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда. Масалан, Жиззах педагогика институтининг 50 нафар 2-курсни битирган талабаси қолган 2 йилни Барановичи давлат университетида ўқийди. Улар ўқишни муваффақиятли тамомлаганидан сўнг 2 та дипломга – Беларусь ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари дипломлари соҳибларига айланади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 30 та олий таълим муассасаси Беларуснинг 35 олий таълим муассасаси билан шу ва бошқа дастурлар асосида ҳамкорлик ўрнатган. Уларнинг аксарияти ҳудудий таълим муассасаларидир. Шу ўринда нафақат талабалар, балки ўқитувчиларнинг ҳам малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ва стажировка ўтиш дастурлари амалга оширилаётганини қайд этмоқчиман.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан юзга яқин ёш олим ва тадқиқотчи Беларусь олий таълим муассасалари ва Беларусь Миллий фанлар академияси илмий-текширув институтларида стажировка ўташи кўзда тутилмоқда. 18 июль куни уларнинг дастлабки гуруҳи Минск шаҳрига етиб келди. Олий ўқув юртларимизнинг 24 нафар проректори Беларусь олий таълим муассасаларидаги инновацион тажрибаларни ўрганиш учун 22 июлда Беларусга келади. Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилган танлов натижасида 10 нафар докторант саралаб олиниб, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиш мақсадида Беларусь Республикасига юбориляпти.

Маълумки, Беларусь тиббиётда ҳам илғор ютуқларга эришган мамлакат. Хусусан, ушбу мамлакатнинг имплантация, протезлаш, жарроҳлик, стоматология, онкологик касалликларни аниқлаш ва даволашдаги тажрибаси халқаро миқёсда эътироф этилади. Элчихонамиз мамлакатимизда замонавий тиббиётнинг самарали усулларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзбекистонлик шифокорларнинг малакасини ушбу мамлакатдаги етакчи илмий-тиббий муассасаларда оширишини ташкил этишни ҳам режалаштирган. Бу каби ишлар мамлакатларимизнинг мавжуд салоҳиятидан унумли фойдаланиб, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Пойтахтимизда “Uz textile Exspo” кўргазмаси бошланди

Ўзбекистон ва Россия ...Экспортни ривожлантириш йўлидаги манфаатли ҳамкорлик

Хотин-қизлар ҳаётимизнинг барча жабҳаларида самарали фаолият олиб бормоқда

Партиянинг Самарқанд шаҳри Регистон майдонида ўтказилган табдир юзасидан муносабати

expo
Боглиш маколалар