Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Ўзбекстон ва Туркия муносабатларида янги саҳифа
18-11-2016 10:30 0 759 Рейтинг1 Чоп этиш

Ўзбекстон ва Туркия муносабатларида янги саҳифа

Ўзбекстон ва Туркия муносабатларида янги саҳифа


Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи халқаро экспертлар ва матбуотнинг диққат эътиборида. Яқин пайтларгача АҚШ, Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқдаги давлатлар билан алоқаларга урғу берган расмий Анқара Евроосиё давлатлари билан муносабатларга кенг ўрин ажратадиган кўринади. Президент Эрдўғоннинг кейинги пайтларда Россия, Беларусия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлар қаторида Ўзбекистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий муносабатларга ўзгача назар солаётгани фикримизга асос бўла олади.

Жаҳонда кечаётган кескин ва шиддатли сиёсий жараёнлар, хавфсизликка солинаётган таҳдидлар Туркияни ташқи сиёсатда етти ўлчаб бир кесган ҳолда сиёсат олиб боришини талаб этмоқда. Зеро, мавжуд воқеалик ҳам Шарқ, ҳам Ғарб билан бирдек муносабатларга эга бўлмаган давлатлар ҳам сиёсат, ҳам савдо иқтисодий соҳаларда ютқазишини намойиш этаётир. Халқаро экспертлар эътироф этаётганидек, Евроосиё жаҳоннинг энг йирик ва геосиёсий жиҳатдан ғоят муҳим минтақаси. Евроосиё умумий куч-қудрати ва иқтисодий салоҳияти жиҳатидан ҳатто АҚШни ортда қолдираётгани бу минтақа имкониятларидан далолат беради.

Минтақанинг юраги ва маркази эса Ўзбекистондир. Шу туфайли Туркиянинг туркий давлатлар оламига, хусусан, Марказий Осиёга эътиборни кучайтириши бежиз эмас. Туркиянинг бу ерда энг аввало Ўзбекистон билан муносабатларда янги саҳифа очиши нафақат икки томонлама муносабатлар, балки минтақавий ва глобал нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир. Минтақа тинчлиги ва барқарорлиги ҳам кўп жиҳатдан Ўзбекистон хавфсизлиги ва фаровонлигига боғлиқлигини ёддан чиқармаслик керак. Қадим тамаддунларга мезбонлик қилган ва Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Ўзбекистон минтақада юз бераётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги туб ўзгаришларда ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Олис ўтмиши ва давлатчилик анъаналари, Марказий Осиё нуфузининг тахминан ярмига тенг келувчи 30 миллиондан ортик аҳолиси, Осиёнинг юрагидаги геостратегик мавқеи, бой табиий захиралари ва баракали тупроғи билан Ўзбекистон минтақанинг энг муҳим давлати саналади. Ушбу мустаҳкам пойдевор узра истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб олиб борилган мустақил, қатъий, конструктив ва тинчликпарвар сиёсат Ўзбекистоннинг халқаро миқёсидаги мавқеининг ошишига, дунёда ўзининг мустаҳкам ўрнини топишига пухта замин яратди.

Туркия ҳам теран давлатчилик анъаналари, узоқни кўра олувчи ташқи сиёсати, тезлик билан ўсаётган мустаҳкам иқтисодиёти билан Евроосиё ҳудудида ўзига хос юксак мавқе касб этган. Бинобарин ҳар икки мамлакат ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши мамлакатларимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда савдо-иқтисодий алоқалар билан бир қаторда, транспорт, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, ва бошқа турли соҳаларда ўзаро муносабатларни ривожлантиришимиз учун катта салоҳият мавжуд.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг “Абадий дўсти ва ҳамкори” бўлган Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга ташрифини нафақат Ўзбекистон билан, балки бутун туркийлар олами билан муносабатлардаги янги даврнинг бошланиши, десак хато бўлмайди. Ўзаро ташрифлар, савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорлик, маданий алоқаларнинг кенгайиши шубҳасиз, Ўзбекистон ва Туркиянинг мустақил ташқи сиёсатини кўролмайдиган дунёдаги айрим кучларнинг ғаламис режаларига зарба бериши муқаррар. Шу муносабат билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ўзаро ишонч, эҳтиром ва умумий манфаатлар тамойили асосида қисқа вақт мобайнида муносиб даражага кўтариш муҳим ва устуворлик аҳамият касб этади.

Ёдга оладиган бўлсак, икки давлат муносабатларининг ривожланишидаги илк давр ўтган асрнинг 90-йилларига тўғри келади. 1991 йил 16-19 декабрь кунлари Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов раҳбарлигидаги давлат делегацияси мамлакатимиз мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган мамлакат – Туркияга ташриф буюрганди.

Туркия Президенти Турғут Ўзол, Бош вазир Сулаймон Демирэл каби раҳбарлар ва ишбилармонлар билан амалий учрашувлар, суҳбатлар бўлиб ўтган. Сафар чоғида Ўзбекистон Республикаси билан Туркия ўртасидаги давлатлараро муносабатларнинг асослари ва мақсадлари тўғрисида Протокол, иқтисодий ва савдо соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида, битим, маданият, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида, битим, транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги битим, ахборот ва янгиликлар айирбошлаш, телевидение ва радио эшиттириш бўйича ҳамкорлик қилиш ҳақида протоколлар ва бошқа бир қатор ҳужжатлар имзоланганди.

Ҳамкорликни янада чуқурлаштиришда Туркия давлати раҳбарлари Турғут Ўзол, Тансу Чиллер, Месут Йилмазларнинг Ўзбекистонга расмий ташрифлари чоғида имзоланган ҳужжатлар катта аҳамиятга эга бўлди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик газлама ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, қўшма корхоналар қуриш, кадрлар тайёрлаш, туризмни ривожлантириш ва бошқа соҳаларда амалий натижалар берганди.
Абдували Сайбназаров
Sharh.uz
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
сколько будет три плюс три (ответ цифрой)
Жавоб:*
Боглиш маколалар