28.4 C
Узбекистан
Суббота, 20 апреля, 2024

Оқила қайнона келинига зулм қилиб, ўғлининг бахтсиз бўлишига сабабчи бўлмайди

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,250участниковПодписаться
- Advertisement -

Кейинги йилларда мамлакатимизда оилавий ажримлар кўпайиб бораётганлигини кузатиш мумкин. Масалан, 2022 йилнинг январь-июль ойларида республика бўйича 28,5 мингта никоҳдан ажралиш ҳолатлари қайд этилган. Вилоятлар кесимида оилавий ажримларнинг энг кўпи – 3 мингтадан зиёди Самарқанд вилоятида рўй берган. Уларнинг анчасига қайноналар сабабчи бўлаётганлиги ачинарлидир.   

Оила бузилишининг асосий сабаблари таҳлил этилганда, қуйидаги ҳолатни кузатиш мумкин. Оилавий келишмовчиликлар, моддий қийинчиликлар, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, бефарзандлик, эр ёки хотиннинг касаллиги, жуфти ҳалолига хиёнат, узоқ вақт бирга яшамаслик, ўзаро бир-бирини тушунмаслик, иккала ёш бир-бирини яхши билмай оила қуриши, уларнинг турмушга тайёр эмаслиги, мустақил меҳнат қилиб, рўзғор тебратишдан бехабарлиги, турмушда вужудга келадиган қийинчиликларга дош бериб, уларни енгишга сабр ва иродаси етишмаслиги, учинчи шахсларнинг аралашуви ва бошқалар оилавий ажримларга сабаб бўлмоқда.

Афсуски, учинчи шахс аралашуви нафақат куёвнинг ака-укалари, опа-сингиллари, қўшнилари, келиннинг овсинлари, балки қайнонаси тимсолида ҳам кўринмоқда. Маълумотларга қараганда, оилавий ажралишларнинг ярмидан кўпроғига айнан қайноналар сабабчи бўлаётган экан.

Бу хусусда камина қатор ҳаётий мисоллар келтиришим мумкин. Маҳалла раиси сифатида ҳафтасида бир неча марта оилавий жанжалу келишмовчиликларни ўрганиб чиқишга тўғри келади. Ойу йиллар давомида ўғлига жуфти ҳалол қидириб, уйма-уй юрган, қанча одамлардан сўраб-суриштириш натижасида бир хонадоннинг қизини туширгандан сўнг кўп вақт ўтмасдан, у келин қайнона хонимга “ёқмай” қолади. Бир тийинга арзимайдиган, жўяли бир сабабсиз қайнона-келин муносабатлари ёмонлашади ва бу охир-оқибат оиланинг бузилиб кетишига олиб келади.

Оила қуришдан асосий мақсад болали бўлиш, наслни давом эттириш, фарзанд тарбияси билан шуғулланиб, уларнинг яхши инсонлар бўлиб улғайиши учун бор куч-ғайратни сарфлашдан, бахтли ҳаёт кечиришдан иборат эмасми? Агар шундай  бўлса, оилада энг асосийси эр ва хотин муносабатлари ва уларнинг рисоладагидек бўлишига эришишдан иборат. Бу йўлда эр ва хотинга уларнинг ота-оналари, яқинлари ўз ёрдамини аямаслиги керак. Чунки тинч оилада соғлом муносабатлар ҳукмрон бўлади, барчаси оила аъзоларининг ақлий ва жисмоний ривожи учун кенг имкониятлар туғилади. Айниқса, болалар ҳар томонлама камол топиши учун шароит муҳайё бўлади.

Бежизга оилавий ажримлар турли соҳа мутахассисларини безовта қилмаяпти. Ажримлар катталарнинг ҳам, болаларнинг ҳам асаб тизимига салбий таъсир қилади. Маълумотларга қараганда, мамлакатимизда ўлим сабабларининг аксар қисми юрак, қон-томир касалликларига тўғри келмоқда. Бу хасталикларнинг асосий сабаби эса асаб тизими билан боғлиқ.

Шундай экан, катта умидлар билан, кўп ҳолларда жуда катта харажатлар эвазига тузилган оила бузилишига сабабчи бўлаётган қайноналарни қандай тушуниш мумкин? Нега келинига зулм қилувчи қайноналар бўлмағур урф-одатлар асирасига айланади-да, “одамлар нима дейди” деган фикрга маҳкам ёпишиб олиб, ўз фарзанди бахтини ўйламайди?  Бундай қайноналар ортиқча хою-ҳавасга берилган бўлади.

Халқимизда “кўрмаганнинг кўргани қурсин” деган гап бор. Самарқандда “пешиндан кейин бой бўлган” деган гапни эшитсангиз, ҳайрон бўлманг. Аввалари камтарона ҳаёт кечирган ва Оллоҳнинг инояти билан давлатманд бўлиб, бойликни кўтаролмаган, манманликка берилиб кетганлар пешиндан, яъни тушликдан кейин бой бўлганлар дейилади.

Ана шундай оилада қайнона ўзини гўё қироличадек ҳис қилади, босар-тусарини билмай қолади. Натижада бечора келинга зулму зуқум ўтказади, уни ҳеч бир иши унга ёқмай қолади. Бўлади жанжал ва бечора ўғил икки ўт орасида қолади. Бир томонда онаси, иккинчи томонда севган ёри, болаларининг онаси. Нима қилсин? Ана шундай вақтда ўзидан кетган “қироличага” ўғлига “ё мени дейсан ёки шу хотинчангни” деб турса, у нима қилишини билмай қолади. Кўп ҳолларда оилада ўрни бўлмаган латта эр, яъни куёвнинг отаси, орага тушолмайди ва онанинг “акс ҳолда оқ қиламан” дегани масалани ўғил фойдасига ҳал қилади. Оила бузилади.

Бундай ҳолатда инсоний ва исломий нуқтаи назардан ўғил қандай йўл тутиш кераклиги хусусида оилавий муносбатлар ҳақида эълон қилинган қатор мақолаю чоп этилган рисолаларда батафсил сўз юритилган. Бу ерда фақат шуни уқтирмоқчи эдикки, албатта, онанинг ўғли учун қадри баланд, унинг фарзанди устида кўп ҳақлари мавжуд. Шу билан бирга, келиннинг ҳам ўзига хос ҳақлари бор. Уни бошқа оила останасига қатнаб, ваъдалар бериб, тўй қилиб олиб келгандан сўнг унинг ҳақ-ҳуқуқини паймол қилмаслик керак-ку! Эр ҳам тарафкашлик қилмасдан, бир томонга қаттиқ ён босмасликка ҳаракат қилмоғи лозим.

Кўп ҳолларда қайнона ва келин ўртасидаги келишмовчиликни ечиш учун ёшларни мустақил яшашига имкон бериш, алоҳида ҳовлига чиқариш керак бўлади. Шу йўл билан биз маҳалламизда бирнечта оилани бузилишдан сақлаб қолдик. Аммо ҳамма қайнона ҳам ўғлининг олдидан чиқиб кетишига рози бўлавермайди. Шунда аҳвол жиддий тус олади ва агар ўғли онасининг “онаизор топилмайди, хотин эса қалашиб ётибди. Сенга ҳали онаси ўпмаган қизни олиб бераман” деган гапларига маҳлиё бўлиб, тақдирига тан берса, нафақат бу оиласини, балки бундан кейингиларини ҳам сақлаб қола олмайди. 

Биз мақолада фақат қайнонанинг ортиқча хою-ҳавасга берилиши оқибатида юзага келадиган ҳолат ҳақида сўз юритдик. Қайнона-келин муносабатларининг ёмонлашувига таъсир қилувчи бошқа қатор омиллар мавжуд. Улар ҳақида алоҳида сўз юритиш ниятимиз бор.

Тошпўлат Раҳматуллаев
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

21-апрел куни 6-BYD Тошкент халқаро марафон бўлиб ўтади

6-BYD Тошкент халқаро марафони арафасида, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг анжуманлар залида журналистларнинг Марказий Осиёда ўтказиладиган энг йирик халқаро спорт...

Больше похожих статей

×