31.9 C
Узбекистан
Воскресенье, 3 июля, 2022

Ватанимизда “Адолат, Адолат ва яна Адолат” Тамойили қарор топмоқда

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
4,210участниковПодписаться

Аҳмаджон Одилов зукко одам бўлган! Шунинг учун ҳам бу ерларни ўзлаштириб, деҳқончилик қилганлар! Қувурларда ва лотокларда  Сирдарё ва тоғ сойлари суви келтирилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўмайгина ҳосил олинган, уларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот чиқарилган. Аҳмаджон Одилов кўп яратувчанлик ишларини қилди, лекин СССР давлати рамкасига негадир сиғмай қолди. Бу ерлар қирқ йил эгасиз ётди. Бугун эса ўз мевасини беряпти! Мана, ўрикзорлар, полиз ва сабзавот экинлари яшнаб ётибди!

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

(2020 йил 26 июнь куни, Наманган вилояти Поп

туманидаги “NurAN.uz” фермер хўжалиги

ходимлари билан бўлган бўлиб ўтган суҳбатдан)

Ўз вақтида Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати шундай деб қайд этган эди: “Тоталитар тузум вақтида бизнинг минглаб бегуноҳ ватандошларимиз қатағонга учраган эдилар. 1937-1953 йилларда Ўзбекистонда 100 минг киши бераҳмларча қатағон қилинган, 13 минг киши эса отиб ташланган эди. Кўплаб оилалар хонавайрон, болалар эса етим бўлиб қолган”.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев 100 минг кишининг ҳар бири  бўйича тадқиқот ўтказиш, уларнинг қариндош-уруғлари билан учрашиб, улар тарихини аниқлаш, фаолияти бўйича китоблар нашр этиш, улар номларини  маҳалла ва мактабларга қўйиб, хотираларини абадийлаштириш бўйича топшириқ берган.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир ва публицист Ғулом Мирзонинг отаси ва бобоси ҳам шахсга сиғиниш даврида қатағонга учраган бўлиб, тоталитар тузум вақтида 40 йил ва Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин ҳам 30 йил, яъни 70 йил давомида оқланмай келганлар. Ниҳоят энди тегишли шарт-шароитлар юзага келиб, улар оқланди ва оила аъзоларининг юзи ёруғ бўлди.

       Яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди биргаликда Ғулом Мирзонинг “Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қисмати)” китоби тақдимотини ўтказдилар. Тақдимотдан аввал Шаҳидлар ҳиёбонида қатағон қурбонлари, барча ўтган мўмин мусулмонларга бағишлаб “Қуръон” тиловат қилинди.

          Шундан сўнг китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотни кириш сўзи билан Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори тарих фанлари доктори, профессор Баҳтиёр Ҳасанов очди ва сўзни академик, юридик фанлари доктори, профессор, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовга берди. Тадбирда шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, китоб муаллифи Ғулом Мирзо, кекса журналист, тарих фанлари номзоди Собир Қурбонов ва бошқалар сўзга чиқдилар.

Мазкур тадбирда иштирок этган, машҳур қишлоқ хўжалик дарғаларидан бўлган Аҳмаджон Одиловнинг ўғли – Анвар Аҳмаджонов бизга ўзи отаси ҳақида ёзган китобини (Анвар Аҳмаджонов. Аҳмаджон Одилов: Мардлик қонуни (хотиралар). Тошкент. “BODOMZOR INVEST”. 2022 й. Масъул муҳаррир тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов, адабий муҳаррир Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Сафар Остонов) тақдим этди.

Китоб билан танишар эканмиз, унда баён этилганлар, Ғулом Мирзонинг “Эй, дарвеш!” китобидаги воқеаларга ҳамоҳанг эканлигини билдик. Хусусан, 1937 йилда Анвар Аҳмаджоновнинг бобоси Одилжон Фозилов қатағон қилинган бўлиб,  Сибирь ГУЛАГини кўрган ва Хабаровск ўлкасининг Мангохта деган жойида ҳалок бўлган. “Жамият” колхозига раис бўлган О.Фозилов ва бошқа у билан бирга жабрланганларнинг барчаси Фарғона вилоят судининг 1961 йил 26 февралдаги қарори билан жиноят содир этилмаганлиги туфайли, тамоман оқланганлар. Тўғри, адолат ўз ўрнини топди, лекин чорак аср оила халқ душмани тамғаси билан яшади… Энди навбат 1984 йилдан эътиборан – 38 йилдан буён қора кўланка остида бўлган Аҳмаджон Одиловнинг номини оқлашга келди…

        Китоб муаллифи Анвар Аҳмаджонов  меҳнаткаш, иймон-эътиқодли, мустаҳкам иродали отасининг пок номи ва шаънини тиклашга бел боғлади. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида ҳуқуқий, демократик давлатни қуришга киришган мамлакатимизда тегишли шарт-шароитлар туғилди.  Натижада Анваржон Аҳмаджонов саъй-ҳаракатлари  самарали бўлиши учун мустаҳкам таянч вужудга келди…

Аҳмаджон  Одилов (1925 й. – 2017 й.) шахсияти ва серқирра фаолияти ҳақида сўз юритилган мазкур китоб икки қисмдан иборат. Китобнинг биринчи қисмида уста деҳқон, моҳир раҳбар, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ўз даврида катта ўзгаришлар қилган ташкилотчи ҳамда жамоат арбоби Аҳмаджон Одиловнинг хотиралари ўрин олган. Иккинчи қисмида эса унинг ўғли Анвар Аҳмаджоновнинг отаси ҳақидаги фикрлари келтирилган. А.Одиловнинг сохта айбловлар билан қамоқхоналарда асоссиз ўтириши, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари поймол қилиниши ҳолатларига йўл қўйилгани ишончли манбалар ассосида турли далиллар билан кўрсатилган. Мазкур китоб ота ўғлининг ўз падари бузруквори ҳақида ёзган хотиралари, дардли ва армонли кечинмаларидир.

Китобни ўқир эканмиз, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 1991 йил 13 декабрь сонида “Қонунсизлик ва зўравонликка чек қўйилсин!” сарлавҳаси билан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси биринчи конференцияси қатнашчиларининг норозилик баёноти босилганлигини эслаймиз:

Унда шундай сўзлар бор:

“Аҳмаджон Одилов даврида ўзлаштирилган ерлар, ташкил этилган хўжаликлар ҳар йили давлатга минглаб тонна пахта, пилла, мева, сабзавот, чорва маҳсулотлари етказиб бермоқда. Унинг саъй-ҳаракатлари билан барпо қилинган замонавий посёлкаларда юзлаб хўжаликлар яшамоқдалар. У энди жиноятчи бўлиб қолдими? “Биров йўқдан бор қилади, биров бордан йўқ қилади”, деганларидек, Аҳмаджон Одилов эзгу мақсадлар билан бошлаган ўнлаб қурилишлар, корхоналар, сув тармоқлари ҳозир хароб бўлиб ётибди. У хўжасизлик душмани эди…

Қонунсизлик ва зўравонликка чек қўйилсин!”

Бу сўзлар  Президентимизнинг 2020 йил 26 июнь куни, Наманган вилояти Поп туманидаги “NurAN.uz” фермер хўжалиги ходимлари билан  бўлиб ўтган суҳбатда айтган сўзларига  нақадар ҳамоҳанг!

         Шуни қайд этиш керакки, Аҳмаджон Одиловни чорак аср Ўзбекистонга раҳбарлик қилган, ўзбек халқининг асл фарзанди Шароф Рашидов ниҳоятда қадрлар эди. Китоб муаллифи Анвар Аҳмаджонов билан 1981 йилда бўлган суҳбатда Шароф Рашидович : “Отанг билан биз бир одаммиз, эт билан тирноқ қандай бўлса шундаймиз. Аҳмаджонга отилган тошни
менга ҳам отилган деб билгин”, – деб айтгани бежиз эмас.

          Шароф Рашидов ҳақида китобда ёзилган ушбу парча ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Унда шундай дейилган:

           “Ўзбекистон пионерлар саройи рўпарасидаги Шароф Рашидов хиёбонида 1986 йил январь ойининг охирида даҳшатли воқеалар рўй берган. Тунда катта оператив кучлар жалб қилиниб, Ш.Рашидов қабрини кўчириш учун махсус операция ўтказишган. Ш.Рашидовнинг бронза бюсти эса Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг махсус қарори билан эритиб юборилиши керак бўлган. Марказнинг “пахта иши” деб номланган қатағони чўққисига чиққан 1986 йилда, Ш.Рашидовга содиқ инсонлар ўзларини хавф остига қўйиб, бюстни сақлаб қолишган. Рим Гиниятуллин ва Эркин Турсунов (буларнинг иккиси ҳам Ўзбекистон Ирригация ва мелиорация вазирлиги раҳбарларидан) Ш.Рашидов бюстини ҳозирги “Сувсоз” заводи территориясида эритиш печларидан чиққан шлаклар орасига тун қоронғусида беркитишади. Бу ишда уларга завод директори И.А.Пророков ва Вася исмли рус йигити ёрдам беришади.

Бюстни эритиш жараёнини назорат қилиш учун марказқўмдан келган комиссияга эса заводда сақланиб қолган Ш.Рашидовнинг бошқа бюстини тақдим этишган. Бюстнинг асл нусхаси беш йил давомида шу завод чиқиндилари ичида, Ш.Рашидов ёдгорлиги қайта тикланган 1992 йилга қадар, сақланиб келинган. Буни ўз даврини қаҳрамонлиги деса бўлади ”.

Китобда шундай боблар бор:

Шароф Рашидов ҳақида

Одиловлар оиласидаги иккинчи қатағон

Озодлик

Оммавий ахборот воситаларидаги қонунбузарликлар

Одил Ёқубовнинг “Фарзандлар бурчи” эсселаридан парча

Қамоқхоналар нафаси

Мақсад сари ҳаракат

Ўзбеклар иши

Чингиз Айтматовнинг Ўзбекистон ҳақидаги мақоласи хусусида

Сўнгсўз ўрнида профессор Қаҳрамон Ражабовнинг “Аҳмаджон Одилов – мураккаб ҳаёт ва зиддиятли тақдир соҳиби”

Ҳар бир боб ўқувчига А.Одилов ҳаётининг янги-янги қирраларини очиб беришга хизмат қилади.

Ш.М. Мирзиёев Ўзбекистонга раҳбар бўлганидан хабар топиб, Аҳмаджон ака қайта-қайта: “Ўзбекистонга яна Худо берди. Журъати, шиддати баланд раҳбар, ўзиям отни калласидай юраги бор экан. Тўхтамайди, чарчамайди. Юртсевар, миллатпарвар, ватанпарвар одам шундай бўлади.”, – дерди.

2016 йилда Аҳмаджон Одилов мамлакатимиз раҳбарига хат ёзди. Унда шундай сўзлар бор:

“Ассалому алайкум, муҳтарам Шавкат Миромонович!…

Юртимизда ўз ечимини кутаётган муаммоларга мардона, катта эътибор қаратаётганингиз халқ орасида юқори кўтаринкилик билан қабул қилинмоқда….

Халқимиз, юртимиз бахтига соғ-омон бўлинг. Ўзбекистонимизнинг Сизнинг раҳнамолигингизда янада гуллаб-яшнашини кўриш бизга ҳам  насиб этсин.

Ҳурмат билан,

                                                                              Аҳмаджон  Одилов

Профессор Қаҳрамон Ражабов ўқувчиларга қарата шундай деб ёзади:

“Аҳмаджон Одилов ҳақидаги мазкур китоб Сизнинг бу инсон ҳақидаги айрим нотўғри тасаввурларингизни ўзгартирса, ўзбекнинг жўмард, танти, бироқ тўпори ва ўзбошимча фарзанди сиймосини кўз олдингизда яққол гавдалантира олса  ҳамда ўз даврида нотўғри талқин қилинган ҳамда қораланган кўплаб тарихий воқеаларнинг асл моҳиятини очиб беришда ўқувчига оз бўлса ҳам ёрдам бера олса китоб муаллифи, унинг масъул муҳаррири бўлган камина ҳам ўз мақсадимизга етган ҳисобланамиз”.    

Бизнинг ўйлашимизча, китоб тегишли мақсадга тўлиқ эришилганлигининг ёрқин тимсолидир. Аҳмаджон Одилов тўғрисида жуда кўплаб материаллар китоб ва вақтли матбуот саҳифаларида ёритилган. Шуларга асосан, Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан  “Адолат, адолат ва яна адолат” тамойили қарор топиб, тез орада ушбу меҳнаткаш, жафокаш қаҳрамонимиз тўлиқ оқланади, деб умид қиламиз.

        Анвар Аҳмаджоновнинг ушбу, ҳужжатларга асосланган  хотиралар китоби нафақат ҳар жиҳатдан ибратли, балки ота-боболаримизнинг ҳаёти ва кечмишини, уларнинг эътиқоди ва маънавий дунёсини билиш ҳамда улардан ёш  авлодни тарбиялашда фойдаланишда, уларда юксак маънавиятни шакллантириш ҳамда ақл инновациясини ҳаётга татбиқ этишда ўта муҳимдир.

Носир Тоиров,

 сиёсатшунос

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Президент: Оғизбирчилигимизни асраб-авайлаш, тинчлик ва барқарорлик муҳитини сақлаш – барчамизнинг бурчимиздир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукус шаҳрига ташриф буюрди.Маълумки, айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ислоҳ қилиш...

Больше похожих статей

Рус