Самарқандлик блогерларнинг халқ таълими тизимидаги камчиликлар ҳақидаги фикрларига мутасаддилар нима дейди?

0
491

Самарқанд вилоятида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича нима ишлар қилинмоқда? Педагогларнинг сифат таркиби ўзгаряптими? Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсатгичи яхши томонга ўзгардими? Таълим муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги қандай?

Ана шу ва бошқа саволларга Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева журналист ва блогерлар иштирогида ўтказилган матбуот анжуманида  батафсил жавоб қайтарди.

Бир мақола доирасида ушбу муаммоларнинг барчаси ҳақида сўз юритиш мумкин бўлмаганлиги боис, улардан айримларини тилга олиб ўтамиз.

Чорак аср таълим тизимида ишлаган, шундан беш йил мактабда дарс берган педагог сифатида қайд этишим мумкинки, мактабга эркакларнинг қайтиши ўта аҳамиятли иш бўлди. Ойлик маошига рўзғорини тебратиш имконидан маҳрум бўлган ўқитувчилар мактабни тарк этганлиги қандай аянчли оқибатларга сабаб бўлганлигини кўриб турибмиз. Кейинги йилларда эса вазият тубдан ўзгармоқда.

Нафақат педагогларнинг маоши, балки мактаб қурилиши, таълим муассасаларининг замонавий техника воситалари, жиҳозлар билан таъминлаш борасида ҳам силжишни кузатиш мумкин. Аммо вазият тўла ўнгланиб, таълим сифати халқаро талаблар даражасига чиқиши учун ҳали вақт бор.  Самарқанд вилояти мисолида тизимдаги айрим муаммоларни санаб ўтамиз.

Энг катта муаммолардан бири мактаблар сонининг етарли эмаслигидир. Бунинг натижасида Самарқанд вилоятидаги 1267та мактабдан 1039тасида дарслар икки сменада ташкил этилган. 581 мингдан зиёдроқ ўринга эга таълим муассасаларида  744 минг нафардан ортиқ ўқувчи (1,3 коэффицентда) таҳсил олмоқда. 69та мактабда коэффицент 2дан, 17тасида 2,5дан юқори. Бир синфда 40-45 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мактаблар ҳам бор.

Педагог кадрлар сифати ва сони бўйича ҳам муаммолар мавжуд. Ўқитувчиларнинг 5020 нафари (8,6%) ўрта махсус маълумотига эга. Олий тоифали педагоглар ҳаммаси бўлиб 3,2 фоизнии ташкил этади.  Айниқса, олис ва чекка ҳудудлардаги мактабларда ушбу муаммо анча жиддий тус олганлиги сабаб, уларда ишлаш учун ўқитувчиларга қулай шароитлар яртилди ва бошқа вилоятлардан педагоглар таклиф этилди. Натижада Нукус шаҳри, Андижон, Наманган, Бухоро, Навоий, Жиззах, Қашқадарё вилоятларидан 105 нафар тажрибали ўқитувчи вилоятнинг Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пахтачи, Нарпай, Пайариқ туманларидаги таълим сифати паст бўлган мактабларга ишга қабул қилинди. З.Шодиеванинг уқтиришича, уларнинг самарали фаолияти учун барча керакли шароитлар яратиб берилган ҳамда уларга қўшимча устамалар тўланмоқда.  

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўз чиқишини якунлагач, камина нотиққа савол билан мурожаат этиб, ижтимоий тармоқлар тизимда жиддий камчиликлар мавжудлиги ҳақида бонг ураётганлиги ва бу бўйича унинг фикри қандайлигини сўрадим.  Жумладан, ижтимоий тармоқларда вилоят халқ таълими бошқармасида ишлаётган кадрлар салоҳиятига шубҳа билан қараш, таълим муассасаларига раҳбар тайинлашдаги нохолислик, айрим коррупцион ҳолатлар тилга олинган эди. 

З.Шодиевага кўра, вилоят халқ таълими тизимида фаолият юргизаётган кадрлар салоҳиятига шубҳа билан қараш нохолислик бўлади. Айрим блогерлар бошқарма ходимлари қаерга ва нима учун ишдан кетаётганлигини билмайди деб, нотўғри хабар тарқатмоқда. Кадрларимизнинг билими ва ишчанлиги сабаб уларни турли лавозимларга таклиф этишмоқда. Масалан, бир ходим Халқ таълими вазирлигига, яна бири Каттақўрғон туман ҳокимлигига, учинчиси янги очилган ОТМ филиалига декан ўринбосари лавозимига ишга таклиф этилди. Биз ўзимиз уларга оқ фотиҳа бердик.

Мактаб директорларини тайинлаш вақтида гўёки юз бераётган ноҳақликлар ҳақида сўз юритиб, Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи бу гаплар тўҳматдан бошқа нарса эмаслигини, чунки директорларни Халқ депутатлари шаҳар ёки туман кенгашлари тасдиқлаши ва бу жараёнга бошқарма аралашмаслигини уқтирди.

Тизимда коррупция ҳолатлари бўйича тарқатилаётган гап-сўзларга муносабат билдирар экан, З.Шодиева шундай деди: “Бизда фаолият юргизаётган педагог ходимларнинг ўзи 58 минг нафардан ортиқ. Уларнинг ҳаммаси ҳам тоза ишлайди деган фикрдан йироқман. Жойларда камчиликлар бордир. Бизнинг тизимда ҳар қандай бу каби ҳолат шармандаликдан бошқа нарса эмас. Насиб бўлса, яхши томонга ўзгаришлар бўлади. Биз бу йўналишдаги ҳаракатларимизда кенг жамоатчилик мададкор ва журналисту блогерлар эса ўзларининг холис чиқишлари билан  ёрдам беришади деб ишонамиз”.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Муаллиф туширган суратлар   

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь