Кўпдан буён кутилган китоб

0
148

Бўрону тошқинларга тўлиб тошган йигирманчи асрда инсоният жаҳон тарихига чуқур из қолдирган кўплаб ёрқин сиймоларни майдонга чиқарди. Улар орасида ўзбек халқининг ардоқли фарзанди Шароф Рашидов ҳам бор эди. Номи Ватанимиз тарихи саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзилган бу буюк Инсон ҳақида ҳозирги ёш авлод муҳтарам кекса заммондошларидан эшитган, унинг тўғрисида, хусусан таваллудига 100 йил тўлиши муносабати билан ёзилган, китоблардан билган бўлиши мумкин. Шундай нашрлардан бири Сайдакбар Ризаевнинг 1992 йилда нашр этилиб, 2017 йилда тўлдирилиб, қайта нашр этилган Шароф Рашидов ҳақидаги асаридир.

 Чорак аср давомида Ўзбекистонга раҳбарлик қилиб, ўлимидан кейин Марказнинг қора рўйхатига киритилган Шароф Рашидов тўғрисидаги кенг оммага мўлжалланган   бу китоб марҳумнинг ҳаёти ва фаолияти илмий таҳлил ва талқин қилинган биринчи илмий асар эканлиги учунгина эмас, балки Ш. Рашидов билан узоқ давр давомида бирга ишлаган, уни турли вазиятларда яқиндан кузатган, маслаҳат ва тавсияларидан баҳраманд бўлган киши томонидан яратилганлиги, бошқача айтганда, ҳақиқийлиги билан алоҳида аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам у жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олиниб, тезда тарқалиб кетди.

Китобнинг биринчи марта нашр этилишидан кейин ўтган йиллар (чорак аср!) унинг муаллифи мавзунинг таҳлилида тўғри йўлдан борганлиги, воқеа ва ҳодисаларга баҳо беришда, Шароф Рашидов шахси, ҳаёти ва фаолиятини ёритишда холисона ёндошганлигини кўрсатди. Китобни қайта нашр этишга тайёрлаш жараёнида олдинги таҳлиллар ва чиқарилган хулосаларга ўзгаришлар киритилмаганлиги ҳам шундан далолат беради.        

Давлат ва жамоат арбоби, адиб, журналист, муҳаррир, муаллим, зиёлилар оиласининг бошлиғи, меҳрибон ота, камтарин Инсон  Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва жўшқин фаолияти, халқ ва Ватан учун қилган беҳисоб ишлари Янги Ўзбекистонни бунёд этишга бел боғлаган  ҳозирги авлодлар учун бебаҳо ибратдир. Шу боисдан тарих фанлари доктори С. Ризаев китобинингқайта нашр этилиши, хусусан, яқинда унинг ўзбек тилида ҳам чоп этилиши (САЙДАКБАР  РИЗАЕВ. ШАРОФ  РАШИДОВ.  Портретига чизгилар. “ШАРҚ” НАШРИЁТ – МАТБАА АКЦИЯДОРЛИК КОМПАНИЯСИ БОШ ТАҲРИРИЯТИ. ТОШКЕНТ–2021) нафақат биз, Шароф акани кўрган ва билган кексалар учун, балки ёшлар учун ҳам қимматли туҳфа бўлди. Китобнинг ўзбекча нашри Ш.Рашидов шахси ва унинг даври билан қизиқувчилар доирасини янада кенгайтиргани шубҳасиз.      

Мазкур китоб етук  олим томонидан яратилганлиги учун унга, биринчи навбатда, мавзуни тадқиқ қилиш ва ёритишга илмий ёндошилганлиги хосдир.    Ш.Рашидов даври воқеа ва ҳодисалари, аввламбор, архивларда  сақланаётган  кўплаб ҳужжатлар, статистика маълумотлари асосида ёритилган. Муаллиф яна бир муҳим манба – Ш.  Рашидовнинг сафдошлари, уни яхши билган бошқа кишиларнинг гувоҳликлари, хотираларидан ҳам ўринли фойдаланган. Шунингдек,  совет ва чет эл матбуотида ўша даврда  эълон қилинган материаллар ҳам жалб қилинган.

С.Ризаевнинг асари қатъий илмий асосга эга бўлгани, унда  уйдирма ва фаразлар йўқлиги  сабабли, у сохта “шарофрашидовчилик” тарафдорлари томонидан ҳужумга учрамади.  Шароф Рашидов ҳақида кейинчалик китоб ёзганлар эса ундан биринчи манба сифатида фойдаланганликлари ҳам рост.

Таъкидлаш жоизки, Ш.Рашидовнинг 75 йиллиги ва 100 йиллиги мамлакатиизда кенг нишонланган, унинг табаррук номи ва шаъни тўла тикланган, унинг ҳақида ўнлаб мақола ва китоблар эълон қилинган бўлсада, С.Ризаевнинг асарига қизиқиш, айниқса ўзбек китобхонлари томонидан, пасаймади. Зотан, ушбу асарнинг бош қаҳрамони она тилида босилиб, тарқатилиши  мамлакатимиз маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлди.     

С.Ризаев китобнинг “Муқаддима”сида бундай деб ёзади:

“Ўтган йиллар давомида “бу китоб ўзбек тилида қачон чиқади”, деган кўплаб саволлар олдим. Энди вақти келди,  шекилли. Китобнинг иккинчи тўлдирилган нашри пухталик билан таржима қилинди. Пайдо бўлиши мумкин саволларга ўқувчилар бу ерда келтирилган биринчи ва иккинчи нашрлар сўзбошиларидан, ҳамда матннинг ўзидан жавоб топиб олади, деб ўйлайман. Асарнинг ўзбек тилида чоп этилиши  савобли иш бўлади ҳамда ўзбек халқининг содиқ фарзанди марҳум Ш.Рашидовнинг руҳларини қувонтиради, деган умиддаман.”

Биз муҳтарам муаллифнинг бу фикрларига тўла қўшилган ҳолда, китобхонларни Шароф Рашидов ҳақидаги ушбу салмоқли асар дунё юзини кўрганлиги билан чин дилдан қутлаймиз.

Собир ҚУРБОНОВ,

тарих фанлари номзоди, доцент

Носир ТОИРОВ,

 сиёсатшунос журналист

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь