2025-йил 8-декабр куни соат 08:30 атрофида Марказий банкка фуқаролар томонидан Humans иловаси орқали маблағлар ечиб олингани ҳақида мурожаатлар келиб тушди. Ушбу ҳолат юзасидан Марказий банк ўз ваколатлари доирасида “Octagram” АЖ (Paylov – савдо белгиси) билан боғланиб, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва эҳтимолий заифликни бартараф этиш мақсадида P2P амалиётларини тўхтатиш бўйича кўрсатма берган.
Маълум қиламизки, 9-декабр ҳолатига кўра Humans мобил иловаси орқали “Octagram” АЖ (Paylov – савдо белгиси) томонидан олиб борилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.
Ҳурматли фуқаролар, Uzcard ва Humo карталари орқали амалга ошириладиган тўлов ва ўтказмалар одатий тартибда ишламоқда. Карталардан бошқа банк ва тўлов ташкилотлари иловаларида фойдаланиш имконияти ҳам сақланиб қолган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тезкор текширув ишлари бошланган бўлиб, барча шубҳали транзакциялар, техник жараёнлар ва платформалар ўртасидаги амалий ҳамкорлик тўлиқ ўрганилмоқда.
Текширув натижалари бўйича қўшимча расмий ахборот тақдим этилади.
Юқоридаги ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда мурожаат қилишингиз мумкин.

