Главная > САЛОМАТЛИК > Ўзбекистонда болаларни касалликларга қарши эмлаш кампанияси бошланди

Ўзбекистонда болаларни касалликларга қарши эмлаш кампанияси бошланди



Ўзбекистонда болаларни касалликларга қарши эмлаш кампанияси бошланди

2017 йил 24-30 апрель кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мамлакатда эмлашни тарғиб қилишга бағишланган кампанияни амалга оширишда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўмаклашадилар. Бу ҳақда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилди.

Апрель ойининг сўнгги ҳафтаси Жаҳон эмлаш ҳафталиги сифатида нишонланади. Бундан кўзланган мақсад болалар ва оилаларнинг ҳаётини сақлаб қолувчи ва ҳимоя қилувчи вакциналарни тарғиб қилишдир. Эмлаш болалар ҳаёти ва келажагини ҳимоя остига олишнинг энг самарали усулларидан бири ҳисобланади.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманнинг айтишича, вакциналарга сармоя сифатида йўналтирилган ҳар бир АҚШ доллари 2020 йилга келиб 16 баробар фойда келтириши мумкин экан ва бу ҳисоб-китоб аҳоли даромади ўрта даражада бўлган мамлакатларга ҳам тааллуқлидир.

Ўзбекистон 2015 йилда янги пневмококк вакцинасини қўллашни бошлади. Ушбу вакцина менингит, бектеремия, ўрта отит, синусит ва бронхит инфекцияларидан ҳимоя қилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, маълумотларига кўра, биргина 2015 йилнинг ўзида пневмония туфайли 922 мингга яқин беш ёшга тўлмаган болалар ҳаётдан кўз юмганлар ва бу кўрсаткич мазкур ёш гуруҳидаги жами ўлим ҳолатларининг 15 фоизини ташкил этади. Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги болалар ушбу ҳалокатли касалликдан янада яхши ҳимояланганлар.

Шунингдек, Ўзбекистон полиомиелит, қизамиқ, бўғма ва қоқшол каби касалликларни ҳам муваффаққиятли равишда бартараф этган. Бундай натижага эришишда эмлаш кампанияларининг ҳиссаси катта бўлди. 1996 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ёввойи вирус орқали юзага келган полиомиелит ҳолатлари кузатилмаган. 2002 йилда Ўзбекистон ЖССТнинг полиомиелитдан холи мамлакат сертификатига эга бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Эмлаш бўйича кенгайтирилган дастур менежери, доктор Дилором Турсунованинг сўзларига кўра, 2016 йилда Ўзбекистон эмлаш қамрови бўйича 99,7% кўрсаткичга эришган.
sof.uz
Вернуться назад