Главная > Оила > Ватанни ватандан йироқдагилардан сўра!

Ватанни ватандан йироқдагилардан сўра!



Ватанни ватандан йироқдагилардан сўра!

— Ватаннинг қадрини ватансизлардан сўранг! — деди Ёзувчилар уюшмаси бадиий публицистика кенгаши раиси, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. — Ҳиндистонга борганимизда ўзимизни дўппимизни бизга ялиниб ёлвориб сотишга уринаётган сотувчини кўрдим. Ундан бироз нари кетгач, дўппиларимиз кўзимга худди ғарибдек кўрина бошлади. Чидай олмасдан ортимга қайтиб, ўша саккиз дона дўппини сотиб олиб Ўзбекистонимга олиб қайтганман. Бир куни Америкадан Ўзбекистонга келган ватандош меҳмонларга Зарафшон дарёсининг бўйига олиб бориб, уларга биттадан тош беришди. Шундан ватандошларимизда бири қўлидаги тошга узоқ термулиб шундай деди: “Бу тошни олиб кетолмайман. Чунки бу тош Ўзбекистонга тегишли. Шу ерда ўз жойида қолсин. Бизни ватан гадо бўлганимиз ҳам етар. Ҳеч нарса олиб кетмаймиз”

. Бу воқеани бежизга айтмадим. Ватан ҳақида ёзиш учун “Ватан” дея қичқирмаслик керак! Шундагина Ватаннинг қирраларини, жиҳатларини кўрсатиб, таъсирли мақолалар ёзасиз! Бугунги “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон” шиори остида ўтказилган “Ватан ҳақида ёзилган энг яхши мақола” кўрик-танловида “Адвокат” журнали мухбири Хонбиби Махамова, Ортиқ Жабборов, Фарҳод Эшмўминов ҳамда Байрамали Қўлдошевлар ғолиб бўлиб, уларга фахрий дипломларни ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширамиз, — дея уларни “Ёшлар ижод саройи”да тақдирлади.

Ушбу танлов асосида “Ёшлар ижод саройи”да “Тошкент шаҳрида “Маънавият фестивали”ни ўтказиш: лойиҳалар, кутилаётган натижалар” мавзусида Матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтди.
⦁ Ўзбекона қадриятларни эслаш, урф-одатлар, анъналарни кенг ёритишни ўзи олдимизга мақсад қилиб қўйдик — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари Азимжон Юсупов. — Наманган шаҳрининг мактабларида “Бобомдан, момомдан қолган эртаклар, чўпчаклар” номли иншолар танлови ўтказдик. Бу иншоларни йиғиб кичкина эртак китобчалари чоп этадиган бўлдик. Асосий мақсадимиз ёқимли, қизиқарли тадбирлар орқали маънавиятимизни тарғиб қилишдир.
Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет доценти Тўлқин Эшбек шундай дейди:

— Туркияликлар дунёда биринчи университет Истанбулда очилган, дея фахрланиб юришади. Тарихга назар ташласангиз аслида бу йил 600 йилини нишонлаётган Самарқанд давлат университети биринчи ўринда очилгани ёзилган. Демак, биз университетимиз билан бемалол ғурурлансак бўлади. Телеканалларнинг бирида оилавий интеллектуал ўйинни кўрсатишди. Ота-оналардан ҳам кўра болажонлар саволларга зукколик билан жавоб беришганига қойил қолдим. Бу ҳам бўлса кўп китоб ўқишнинг натижасидир. Сизлар Ватан ҳақида ёзаётганингизда уни шундай асослаб ёзингки, бутун дунё Ўзбекистонга ошиқ бўлсин!

— “Тафаккур” интеллектуал ўйинини ўтказишимиздан мақсад — китобхонликни тарғиб қилишдир, — дейди Тошкент шаҳар Маънавият ва маърифат бўлими мутахассиси Ойбек Ўразалиев. — Бундан ташқари “Маърифат тур” : “Қадимги ва бугунги Тошкент уйғунлиги”ни бугун “Абулқосим мадрасаси” мисолида кўрамиз. Тошкент шаҳридаги 11 та умумтаълим мактаблари кутубхона фондларига китоблар тақдим этамиз. Санъаткорлар, актёр ва актрисалар билан учрашувлар уюштирамиз. “Зиё улашиб” акциясида Сайилгоҳ кўчасида “Миллийликка йўғрилган санъат” номли адабий кечасини ўтказамиз. “Маънавият фестивали”нинг фаол иштирокчиларини тақдирлаш маросими ҳамда китоблар тақдимоти ҳам бўлиб ўтади. Бундан ташқари Ўзбек Миллий академик драма театрида 21 сентябрда “Ўжар” номли спектаклнинг намойиши бўлади.

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист

Вернуться назад