Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Келинини мақтаган қайнотанинг “айби”
11-03-2017 09:21 0 1260 Рейтинг1 Чоп этиш

Келинини мақтаган қайнотанинг “айби”

Келинини мақтаган қайнотанинг “айби”

Қайноталарни оилада келинларнинг ҳимоячиси, ёш оиланинг посбони, дейиш мумкин. Сабаби, никоҳ тўйининг қиз танлаш, сеп-сидирға томонлари аёл зиммасига тушса, тўйнинг асосий харажатлари, уни уюштириш, келин-куёвни уй ва жиҳозлар, рўзғор буюмлари билан таъминлаш оила боши ҳисобланган эркакнинг чекига тушади.

Шунинг учун ҳам ота фарзанди оиласининг мустаҳкам, келин-куёв аҳил, тотув бўлиши учун қайғуради. Шу мақсадда кўпинча оилавий можароларда келинни ҳимоя қилишга уринади.

Қайнона ва келин можароларида адолат тарозиси билан иш кўради. Эрларнинг бу «қилиғи» кўпинча қайноналарга ёқмайди. Ўттиз-қирқ йил бирга яшаган, ҳамма ишда сирдош ва ҳамкор бўлган кишининг бирданига кеча келган келин томонга ўтиб олиши, унинг ёнини олиши, гоҳида эса келинни ҳимоя қилмоқ учун ўз хотинига қаттиқ-қуруқ гапириши ўз-ўзидан қайнонанинг иззат-нафсига тегади. Ўзини хўрланган ҳис этади, ҳимоясиз қолгандай туюлади. «Шунча йил турмуш қуриб, бир-биримизга сирдош бўлиб, қариган чоғимда ёқмай қолибман-да, шу зумраша мендан азиз бўпти-да» ёхуд шунга ўхшаш «таҳлил»лар, шубҳалар, ғашликлар қайнонанинг қалбини кемириб, ниҳоят «барча кулфатларда келин айбдор», деган хулоса чиқаришига олиб келади.

…Маҳалламиздан узатилган Машҳура исмли қизнинг турмуши ярим йилга бормай бузилиб кетди. Бунинг сабабини сўраганларга шўрлик ота-она нима деб жавоб қайтаришга ҳайрон. Уларнинг ялиниб-ёлворишлари ҳам, маҳалладаги баобрў одамларнинг ўртага тушишлари ҳам — ҳеч нарса ёрдам бермади. Охири келиннинг кўч-кўронини куёвникидан йиғиштириб келишди. Машҳуранинг ўзи ҳам ҳайрон, «Орамиздан ҳеч гап ўтмаганди, турмуш ўртоғим билан жуда аҳил эдик, ота-оналарини ҳам жуда ҳурмат қилардим», деб йиғлармиш, холос. Кейин суриштиришса, қайнона келинини ёқтирмай қолибди. Оиланинг эркакларига «Ё шу келин туради бу уйда, ё мен», деб кескин шарт қўйибди. Куёв бечора «Келинингизнинг айби нима ўзи?» деб сўраб балога қолибди. «Ё хотинни қўясан, ё сени оқ қиламан, бир умр рози бўлмайман», дебди она. Эри ҳам ҳайронмиш. «Ҳеч бўлмаса, нима гап ўтганини мен билиб қолай, ахир қудаларимизга бирор баҳона айтиш керак-ку!» деб сўраса, «Қўли эгри, денг, ёлғончи, денг, хуллас, бирор гап топинг. Агар у қоладиган бўлса, унда мен кетаман», деб қўрқитибди.

Хуллас, оила бузилиб кетди, ширингина турмуш барбод бўлди. Бу машмашаларнинг ҳаммасига қайнота шўрлик ўзи билмаган ҳолда «айбдор» бўлиб қолган экан. Хушрўйгина, доногина, эпчилгина келинни у оталарча меҳр билан яхши кўрган, «сиз-сиз»лаб эркалаган, юмуши кўпайиб кетса, хотинини турғизган. «Ахир, бировнинг боласи, янги келин, жуда зулм қилиб юбормайлик, сен ҳам мундай қарашвор», деб ёнини олган. Оила даврасида «Келиним саранжом-саришта, имога дик этиб югуради», деб мақтаган. Буларнинг ҳаммаси тошни тешган томчи каби аста-секин қайнонанинг асабини эговлай бошлаган.

Кейинчалик ҳасад ўти, қандайдир рашк балоси чирмай бошлаган. Бу оғриқлар чидаб бўлмас ҳолатга етиши билан ҳеч бир гуноҳсиз ёшгина келин унинг ёвуз душманига айланган. Ҳар жиҳатдан ҳимоясиз, содда келинчак шундай қилиб ана шу балонинг қурбони бўлган.

Ҳаётда бот-бот учраб турадиган бундай воқеалардан қайноталар ҳам, қайноналар ҳам, келин-куёвлар ҳам бараварига тўғри хулоса чиқариб олишлари керак, назаримда. Акс ҳолда, айбсиз айбдорлар кўпайиб, оилалар пароканда бўлаверади.

Аҳмаджон Турсунов
“Оила даврасида” газетаси
Hilol.uz
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
сколько будет три плюс три (ответ цифрой)
Жавоб:*